Спорт | 16:00 / 05.02.2018
12548
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик боксчилар Қирғизистондаги турнирда 3та олтин олди

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Қирғизистонда Дуйшенкул Шопоков хотирасига бағишланган халқаро турнир бўлиб ўтди. 

Ҳисоб бўйича 41-бор ташкил этилган мусобақага Ўзбекистон бокс федерацияси терма жамоанинг учинчи - захира таркибини жўнатди. Бишкекка 10 нафар боксчи билан йўл олган жамоа якунда иккинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистонлик 4 боксчи финалга чиқди ва улардан уч нафари олтин медални қўлга киритди. Яна икки спортчи эса бронза учун жангларни ўз фойдасига ҳал қилди.

Финалда 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида Фозил Абдумуродов, 69 килограммгача бўлган вазн тоифасида Фазлиддин Мелибоев, 91 килограммдан ошиқ вазн тоифасида Обиджон Тоҳиров ўз жангларида ғалаба қозонди. Уларнинг барчасига финалда қирғизистонлик рақиблар тушганди.

Нодир Мирзааҳмедов (-49 кг) финалда имкониятни бой бериб қўйди. Ойбек Жўраев (-56 кг) ва Баҳром Фозилов (-81 кг) эса бронза учун жангларда ғолиб бўлди.

Жами 146 нафар боксчи иштирок этган турнирда Қирғизистон термаси юзга яқин спортчиси билан қатнашди. Турнирда Қирғизистон ва Ўзбекистондан ташқари, Россия, Тожикистон ва Қозоғистондан ҳам вакиллар қатнашди. Якунда мезбонлар 7та олтин, 8та кумуш ва 10та бронза медалга эга бўлди. Тожикистон ва Қозоғистоннинг натижаси тенг бўлди: 1та олтин, 1та кумуш ва 2та бронза. Россияликлар турнирдан медалсиз қайтган.

Мавзуга оид