Ўзбекистон | 09:50 / 20.02.2018
14565
6 дақиқада ўқилади

Интернет тармоғи “Охирги миля” тамойили бўйича кенгайтирилади

Фото: UzReport

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжатда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини бошқариш ва жорий этиш соҳасидаги бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар ушбу соҳанинг жадал ривожланишига, сифатли ахборот хизматларини кўрсатишга тўсқинлик қилаётгани айтилган. Хусусан: 

биринчидан, телекоммуникация инфратузилмаси етарлича ривожланмаган, мамлакатнинг олис аҳоли пунктлари телекоммуникация тармоқлари билан таъминланмасдан қолмоқда, мобиль алоқа ва Интернет тармоғининг сифати аҳоли эҳтиёжларини қондирмаяпти; 

иккинчидан, давлат бошқаруви тизимига ахборот технологиялари 
ва коммуникацияларини жорий этишда ягона технологик ёндашувнинг самарали амалга оширилмаганлиги сабабли идоравий ахборот тизимлари 
ва ресурслари алоҳида-алоҳида жорий қилинмоқда, бунинг оқибатида уларни ягона ахборот маконига интеграциялаш жараёни мураккаблашмоқда; 

учинчидан, электрон тижоратда интеграциялашган савдо ва маркетинг платформалари, интернет-дўконлар, тўлов тизимларини, шунингдек, логистика тизимларини жорий этишга етарлича эътибор қаратилмаяпти, бу иқтисодиёт ва тадбиркорлик ривожланиши, чет эл инвестициялари жалб қилиниши тўхтатиб турилишининг сабабларидан бири бўлмоқда; 

тўртинчидан, давлат ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборот хавфсизлигини ва ахборотни муҳофаза қилишни таъминлаш ишларининг заиф ташкил этилганлиги ахборотдан рухсатсиз фойдалана олиш, маълумотлар базаларининг бутунлиги ва махфийлигини бузиш имкониятини оширмоқда; 

бешинчидан, кўплаб давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари томонидан аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг сифати ва тезкорлигини ошириш, бюрократик тартиб-таомилларга барҳам бериш, қоғоз ҳужжат айланишини камайтиришга қаратилган ахборотлаштириш ҳамда замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига етарлича эътибор берилмаяпти; 

олтинчидан, почта алоқа хизматлари ва логистика тизимини модернизация қилиш, почта алоқаси миллий оператори фаолиятининг сифат жиҳатдан янги услубларини жорий этиш ва бозорда унинг фаолияти мавқеини оширишга доир таъсирчан чоралар кўрилмаяпти; 

еттинчидан, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими IT-технологиялар ривожланишининг тезкор суръатларини ҳисобга олмаяпти, шунингдек, таълим беришнинг илғор услубларини жорий этиш учун хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари билан самарали мулоқотни ташкил қилиш имконини бермаяпти; 

саккизинчидан, электрон ҳукумат, электрон тижорат, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизими, уларнинг шаффофлиги ва очиқлиги, шунингдек, телекоммуникация инфратузилмасининг ривожланишида анча илгарилаб кетган мамлакатларнинг тажрибасини чуқур ўрганиш ва жорий этиш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти. 

Фармон билан қуйидаги Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди: 

1. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш 
ва қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда муносабатларни тартибга солиш, электрон ҳукуматни жорий этиш, ахборот жамияти ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш фаолиятини мувофиқлаштириш.

2. “Охирги миля” тамойили бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни кенгайтириш, мультисервисли алоқа тармоқлари технологиялари, мобиль алоқа бозори, бошқа замонавий телекоммуникация хизматлари, шунингдек, логистика ва почта алоқаси хизматлари орқали телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш. 

3. Давлат органларининг ахборот тизимлари ва ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, идоралараро ўзаро электрон ҳамкорликни ташкил қилиш, ягона электрон реестрлар ва маълумотлар базаларини, “ягона дарча” тамойили бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимларини шакллантиришга ягона технологик ёндашув амалга оширилишини таъминлаш; 

4. Давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг реал секторида инновацияларни жорий қилишга кўмаклашиш, рақамли иқтисодиёт ўсишини рағбатлантириш, шу жумладан ишлаб чиқаришда комплекс автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш, электрон тижоратнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш. 

5. Шаҳар ва ҳудудий инфратузилмани, шу жумладан келгусида интеграциялашган, “ақлли” ва “хавфсиз” шаҳар ягона комплексига бирлаштирган ҳолда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт логистикасини, шошилинч хизматларни бошқаришнинг замонавий интеллектуал тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш. 

6. Технопарклар ва коворкинг-марказлар фаолиятини ташкил қилиш, 
шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида замонавий рақобатбардош ва экспорт учун мўлжалланган дастурий маҳсулотлар ҳамда хизматларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилишини ривожлантиришни рағбатлантириш, шарт-шароитлар яратиш ва инвестицияларни жалб қилиш. 

7. Етакчи хорижий компаниялар ва таълим муассасаларининг энг яхши амалиёти асосида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида стратегик ва лойиҳа бошқаруви, менежмент, маркетинг бўйича илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни ташкил қилиш. 

8. Киберхавфсизликни таъминлаш ва тармоқлар, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий қилишни таъминлаш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш, шахсий ва биометрик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича технологияларнинг қўлланишини тартибга солишда иштирок этиш. 

9. Тақдим этилаётган телекоммуникация ва почта алоқаси хизматларининг юқори сифатини таъминлаш мақсадида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилишининг давлат назоратини амалга ошириш. 

10. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини қўллаш ва ривожлантириш масалалари бўйича, шу жумладан, техник стандартлар, регламентлар жорий этилишини ташкил қилиш, шунингдек, Вазирликнинг фаолият соҳасига кирадиган бошқа йўналишлар бўйича халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш. 

Мавзуга оид