Ўзбекистон | 10:36 / 21.02.2018
13345
2 дақиқада ўқилади

Ахборот технологиялари вазирлигида 4 та таркибий бўлинма ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент Қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот каналида хабар берилган.

Қарор билан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимида 4 та қуйидаги таркибий бўлинма ташкил этилди:

Электрон ҳукуматни ривожлантириш бош бошқармаси;
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бош бошқармаси;
Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси;
Ахборот хавфсизлиги бошқармаси.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари - ахборот-коммуникация технологиялари бўйича маслаҳатчи ҳамда  "Хавфсиз шаҳар" комплексини ташкил қилиш лойиҳасини кенг кўламда ва сифатли амалга оширишга масъул Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари лавозимлари бекор қилинди.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ташкилий тузилмаси, Марказий аппарати тузилмаси ва ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси тасдиқланди.

Ҳудудий бошқарма бошлиқлари мақоми бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар  ҳокимларининг ўринбосарларига тенглаштирилди.

Мавзуга оид