Жамият | 22:40 / 27.02.2018
55159
2 дақиқада ўқилади

16 ёшли ўсмирнинг ўлимида анестезиолог айбдор деб топилди

Фото:UzNews.uz

Халқ орасида ТошМИ-2 номи билан юритилувчи Тошкент тиббиёт академияси Жарроҳлик маркази анестезиологи Шерзод Турсунов 16 ёшли Бегзод Тўрахўжаев вафоти юзасидан ўтказилган суд ишида айбдор, деб топилди. Бу ҳақда UzNews хабар берган.

27 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суд биносида ўтган суд жараёнида анестезиолог мазкур ишда айбдор, деб топилган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилганди. Суд ҳукмига кўра, Шерзод Турсунов 3 йилу 6 ой озодликдан маҳрум этилди ва икки йил муддатга тиббиёт соҳасида меҳнат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Маълум қилинишича, 2017 йилнинг 15 сентябрь куни соат тахминан 23:00да Тўрахўжаев Бегзоднинг қорни оғриётганидан шикоят қилгани учун, унинг ота-онаси Тошкент шаҳар 1-сонли шифохонага олиб боришганди. 16 ёшни қарши олган Бегзодни шифохона навбатчи врачи ҳали ёш бўлгани учун қабул қила олмаслиги, кўричак ёрилиши хавфи бўлгани учун уни зудлик билан Тошкент тиббиёт академиясига олиб боришлари кераклигини айтади.

Тўрахўжаевлар оиласи ҳали ўзларини олдинда катта мусибат кутаётганини билишмас эди. Жарроҳлик амалиёти бошланганига анча вақт бўлган бўлса-да, на Бегзоддан ва на шифокорлардан хабар бўлади. Ота-она эса соат 5:30да жарроҳлик хонасидан шовқин-сурон эшитила бошланганидан сўнг, хавотирга туша бошлашади.

Соат тахминан 7:15да бош шифокор ишга келганидан сўнг, зудлик билан Бегзоднинг отаси Садриддин ака шифокорнинг олдига бориб, соат тахминан 4:30да жарроҳлик учун олиб кетилган боласидан ҳали ҳам хабар йўқлигини айтади.

Марҳумнинг яқин қариндошлари ушбу воқеадан сўнг, тегишли органларга мурожаат қилганди.

Kun.uz воқеа тафсилотларига яна қайтади.

Мавзуга оид