Ўзбекистон | 15:53 / 03.03.2018
65980
2 дақиқада ўқилади

Аэропортда хўмрайиб кутиб олувчи чегарачилар нега табассум қила олмайди?

Халқаро пресс-клубининг туризм мавзусига бағишланган йиғилишида Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар, хусусан, “Тошкент” халқаро аэропортидаги вазият, сайёҳларга қулай шароитлар яратиш ва аэропорт атрофидаги ҳолатлар ҳақида сўз юритилди. 

“Аэропортлар атрофидаги тушунарсиз одамлар. Самолётдан тушган сайёҳлар ўтирадиган автобусларда қишда иситиш печлари, ёзда эса кондиционер ёқилмаслиги. Навбатга туришдаги тортишишлар. Чегарачиларимиз ҳам яна бир масала. Очиғини айтайлик, улар, туристни кутиб оладиган одамлар, хўмрайиб кутиб олади. Кайфияти йўқ, худди бу одам унинг уйига кириб келди, кечаси 3да уни уйқудан уйғотди ва буларнинг кайфияти йўқ. Сизга салом йўқ, алик йўқ, табассум йўқ. Яна бир масала, компьютерда жуда секин ишлашади. Сиз худди жиноятчидек ўзингизни ҳис қиласиз”, - деган журналист Шерзод Қудратхўжаев.

“Ҳақиқатдан бугунги кунда бизда баъзи муаммолар бор. Бу, биринчи навбатда, халқаро стандартларга мос бўлган технологик жараёнларнинг йўқлиги билан боғлиқ. Ҳозирда бу технологик жараёнлар ишлаб чиқилган, бизга Инчеон аэропортидан мутахассислар келиб, “Тошкент” аэропорти хизматлари фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар беришди.

Автопарк борасида ҳақиқатдан кичик муаммолар бор, бироқ бугунги кунда бизнинг узоқ автотураргоҳларимиздан йўловчиларни аэровокзал комплексига кираверишга муаммосиз олиб борувчи автопаркни харид қилиш устида ишламоқдамиз. Чегара ва божхона хизматлари мутахассисларини одоб-ахлоқ нормаларига ўқитамиз”, - дея бу борада берилган саволга жавоб қайтарган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК раисининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов.

Мавзуга оид