Жаҳон | 08:00 / 04.03.2018
6394
2 дақиқада ўқилади

Ироқ бюджетида курдларнинг улуши камайтирилди, курдлар норози

Фото: AP Photo / Khalid Mohammed

Ироқ парламенти 3 март куни курд депутатларининг норозилигига қарамай, мамлакатнинг 2018 йилги бюджетига тузатишларни тасдиқлади. Бу ҳақда курд депутатларидан бири, молия қўмитаси аъзоси Масъуд Ҳайдар маълум қилди.  

“65 курд депутати янги бюджетнинг бир неча бандига норозилик сифатида унга овоз беришга бағишланган йиғилишни тарк этди. Курдлар норози бўлаётган бандлардан асосийси – Курдистон улушининг 17 фоиздан 12,6 фоизга камайтирилишидир”, деб айтган депутат.  

Йиғилишда 176 депутат иштирок этган. Парламент бюджетга ўзгартиришларни кўпчилик овоз билан тасдиқлаган.

Депутат Ашвак ал-Жофнинг маълум қилишича, парламент мамлакат бюджетини курдларсиз тасдиқлагандан кейин Курдистон сиёсий блоклари раҳбарлари Курдистон раҳбариятидан Бағдод билан келишувлардан чиқишни талаб қилишга қарор қилишган.

Ироқ федерал ҳукуматининг Ироқ Курдистони билан муносабатлари курдлар томондан 2017 йил сентябрда мустақиллик референдуми ўтказилгандан кейин кескинлашди. Бағдод бу референдум ўтказилишига рухсат бермаган. Референдумдан кейин Ироқ ҳукумати курд мухториятига нисбатан бир қатор санкциялар киритган. 

Мавзуга оид