Жаҳон | 22:11 / 06.03.2018
12327
3 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоевдан беш ижтимоий ташаббус 

Фото: Arkoda.kz

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонада парламентнинг қўшма мажлисидаги нутқида ижтимоий модернизацияга қаратилган 5 ташаббусни билдирди. 

Биринчи ташаббус – уй-жой сотиб олиш учун янги имкониятлар

Бу ташаббусга кўра, “7-20-25” номли дастурни жорий қилиш таклиф қилинмоқда. Назарбоевнинг айтишича, ҳар бир қозоғистонлик қуйидагича шартлар билан ипотека кредитини олиши мумкин: кредит фоизи ҳозирдагидек 14-16 фоиз эмас, йилига 7 фоиздан ошмайди. Бугунги кунда банклар 30 фоиз, баъзан эса 50 фоиз миқдорида дастлабки тўловни сўраётган бўлса, бу дастур бўйича ушбу қиймат 20 фоиздан ошмаслиги керак. Кредитни тўлаш муддати ойлик тўловлар миқдори камроқ бўлиши учун 10-15 йил эмас, балки 25 йилни ташкил қилади. 

Иккинчи ташаббус – паст маош олувчи ишчиларга солиқ миқдорини камайтириш

Нисбатан паст маош олувчи қозоғистонликларга солиқ миқдорини 10 баробар камайтириш таклиф қилинмоқда. 

Учинчи ташаббус – олий таълимга эга бўлиш ва унинг сифатини ошириш

Бу мақсадга эришиш учун ҳар йилги 54 минг грантга қўшимча 20 минг грант ажратиш каби чоралар таклиф қилинган.

Назарбоев таълим ва фан вазирига 2022 йилгача 75 минг ўриндан кам бўлмаган талабалар ётоқхоналари қуришни бошлаш топшириғини берган. 

Тўртинчи ташаббус – микрокредитлашни кенгайтириш

Назарбоев ўтган йилга нисбатан микрокредитлашни 20 млрд тангага оширишни буюрди.

“Шу тариқа, умумий сумма йилига 62 млрд тангани ташкил қилади. Натижада ўз ишини бошлайдиганлар сони 2 баробар кўпайиб, 14 минг нафарга етади”, деб айтган Қозоғистон президенти. 

Унинг айтишича, ўз ишини очиш учун катта маблағ шартмас.

Бешинчи ташаббус – мамлакатни газлаштириш

Қозоғистонда мустақиллик йилларида газ қазиб олиш ҳажми йилига 8 млрддан 1000-2000 млрд кубметргача етган ва бу рақам ҳар йили ўсишда давом этади. 

“Бугунги кунда мамлакатда газлаштириш даражаси 50 фоизни ташкил қилади. 9 та вилоят, асосан ғарбий ва жанубий ҳудудлар газлаштирилган. Шу билан бирга марказий ва шимолий вилоятлар ҳамон газсиз қолмоқда”, деб айтган Назарбоев.   

Бу масалани ҳал қилиш учун Қараўзек-Жезқазған-Қарағанда-Темиртау-Остона йўналиши бўйича магистрал газ қувури қуриш таклиф қилинмоқда. 

“Бу 2,7 млн кишини газ билан таъминлашидан ташқари, мамлакатнинг экологик ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидлаб ўтган Назарбоев.

Мавзуга оид