Ўзбекистон | 20:10 / 06.03.2018
13311
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Россия молия вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 март куни икки томонлама идоралараро маслаҳатлашувлар ўтказиш учун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуановни қабул қилди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, олий даражадаги мунтазам учрашувлар ва мулоқотлар, эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга оширилаётгани мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, кўп қиррали, шу жумладан, молиявий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугунги кунда икки мамлакат молия вазирликлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида яқин ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, юқори тоифада ва экспертлар даражасида икки томонлама тадбирлар ўтказилмоқда, илғор тажриба ва ахборот алмашиш борасида фаол иш олиб борилмоқда, қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. 

Учрашувда молиявий соҳадаги самарали мулоқотни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. 

Молия, солиқ ва божхона органларини модернизация қилиш, бюджетни режалаштириш, маҳаллий бюджетлар мутаносиблигига эришиш, молиявий назорат буйича самарали механизмларни такомиллаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича илғор тажриба, технологиялар ва билимларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма лойиҳаларни молиялаштириш, Россиянинг етакчи таълим муассасалари негизида соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. 

Россия молия вазири давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Антон Силуанов Россия мамлакатларимиз ўртасида молиявий соҳадаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдорлиги, бу борадаги шерикликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. 

Мавзуга оид