Ўзбекистон | 19:50 / 07.03.2018
7926
3 дақиқада ўқилади

Байрам кунлари меҳмонхоналарда 50 фоизли чегирма эълон қилинади

18-22 март кунлари (GoldenWeek - "Олтин ҳафталик") сайёҳ гуруҳлар сонидан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги меҳмонхоналарда 50 фоизгача чегирмалар эълон қилинади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси шу ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Расмий саналарни байрам қилиш даврида қўшимча дам олиш кунларини белгилаш ва 2018 йилда дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, қўшимча дам олиш кунлари белгиланди.

Ушбу дам олиш кунларини мазмунли ўтишини таъминлаш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудларидаги меҳмонхоналар билан биргаликда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 18-22 март кунлари сайёҳ гуруҳлар сонидан келиб чиқиб, меҳмонхоналарда 50 фоизгача чегирмалар эълон қилади. 

Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг «Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Oʻz DSt 3220:2017 «Туризм хизматлари. Меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситалари. Таснифлаш тизими»га доир давлат стандарти ишлаб чиқилди.

Стандарт манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган, туризм соҳасида стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан маъқулланган ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги («Ўзстандарт» агентлиги)нинг 07.02.2018 йилдаги 08-925-сонли қарори билан тасдиқланган. Ушбу стандарт меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситаларини таснифлаш тизимини белгилайди ва ГОСТ 28681.4.-95 ўрнига қўлланилади.

Мазкур стандарт меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситаларини таснифлаш тизимини, шу жумладан туташ ҳудуд, бинолар, хоналар, номерлар, техник жиҳозлар ва асбоб-ускуналар, ходимлар, ахборот таъминоти, жойлаштириш воситаси хизматларига доир талабларни белгилайди.

Стандартни ишлаб чиқиш вақтида меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситаларига доир умумий (минимал) талабларни белгиловчи Оʻз ДСт 3220:2017 га биноан жойлаштириш воситаларига доир амалдаги талаблар ҳисобга олинган, амалдаги эски стандартдан фарқли равишда меҳмонхоналар ва мотелларнинг эмас, балки апартотеллар, апартаментлар мажмуи (қароргоҳлар), люкс номерли меҳмонхоналар, спа-меҳмонхоналар, бутик-отеллар ва бошқа ўхшаш жойлаштириш воситаларининг ҳам таснифланишини ҳисобга олади.

Ушбу стандартни амалга жорий қилиш санаси - 2018 йил 1 август. Шу санадан бошлаб стандарт талаблари, туристик хизматларни сертификатлаштириш органлари томонидан сертификатлаштириш ва инспекция назоратини ўтказиш мақсадида ва турли мулкчилик шаклига эга корхоналар томонидан меҳмонхона хизматларини кўрсатиш вақтида қўллаш учун мажбурий бўлади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид