Жаҳон | 03:42 / 07.03.2018
37512
11 дақиқада ўқилади

Сингапур феномени: Қандай қилиб мамлакат "йўқдан бор бўлди"?

Бугун бутун дунё аҳли Сингапурга ҳавас билан қарайди. BBC колумнисти Сара Китинг Сингапур бугунги даражасига эришгунига қадар ҳукумат қандай чоралар қўллаганига доир мақоласи билан бўлишди.

«Kohi lah [қаҳва, — малайск.]", — дейди кекса сингапурлик кафега келиб. Қаҳвахона хизматчиси унга ўткир ва қуюқ қаҳвали қалин полиэтилен пакетни узатди. "Сизларда соғлом ичимликлар ҳам олинадими?", - дея сўрайман ундан инглиз тилида. "Бўлиб туради", - дея кулиб қўйди у ва мен маҳаллий аҳоли секин-аста бўлса-да, яхши томонга ўзгараётганини тушунаман.

Бозор бўйлаб сайр қилар эканман, маҳаллий таомларнинг хушбўй ҳиди таралади. Кўча савдогарларнинг расталарида қизил елимқоғозларни кўриш мумкин. Уларнинг баъзиларида "Соғлом таом тайёрлаймиз", деган овозлар эшитилади. Бошқалар эса таом тайёрловчи "нисбатан хавфсиз ёғ"дан фойдаланилишини таъкидлайди. Healthy Dining Board Health Promotion дастури доирасида шундай қизил елимқоғозлар тарқатишади. Мазкур дастур ўз харидорлари саломатлигини сақлаш учун қўшимча саъй-ҳаракатлар қилишга тайёр сотувчиларга грантлар таклиф этади. Бу ҳукумат юмшоқлик билан, лекин тўхтовсиз равишда аҳолини мамлакат манфаати учун фойдали одатларга йўналтирувчи муҳим омиллардан биридир.

Фото: Sina

Тез орада Малай ярим ороли жанубидаги шаҳар-давлат 50 йиллик юбилейини нишонлагандан кейин унинг маъмурияти ёруғ келажакни таъминлашнинг энг яхши усули - бошқа мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик қилиш ва уларнинг турли соҳалардаги тажрибасини ўзлаштириш эканини англаб етди.

Ўшандан буён шаҳар ҳукумати доимий равишда янги стратегик ташаббусларни амалга оширади, улардан бири халқ орасида "Билакдан туртувчилар" номини олган Британия ҳукумати қошидаги Behavioural Insights Team олимлар гуруҳи билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Улар жуда жиддий ғояларни илгари суришарди: гуруҳ туртиш назариясини сиёсатда қўллашга ихтисослашган.

Бу назария одамларда танлов эркинлигини сақлаган ҳолда  яхши хатти-ҳаракатларга мойиллик уйғотиши мумкинлигини тасдиқлайди. Бир томондан, бу табиий ҳолдек, - бироқ унинг муаллифи ўз ғоялари учун Нобель мукофотини олган, бутун дунё сиёсатчилари эса кўп йиллардан бери аҳоли билан ишлашда уни муваффақиятли қўллаб келмоқда. Унинг самарасини баҳолаш учун ушбу митти мамлакат тарихи ҳақиқатда танишиб чиқишга арзийди.

Сингапур тартиб ва самарадорлик намунаси сифатида машҳур - ҳатто у ҳақида деярли ҳеч нарса билмайдиганлар орасида ҳам (масалан, кўпчилик бу Ер юзидаги сақич тақиқланган ягона шаҳар экани ҳақида эшитган). Бугун у дунёнинг молиявий марказларидан биридир, бироқ бундай нуфузга эришиш асло осон кечмаган. 1965 йилда шаҳар Малайзия Федерациясидан мустақилликни эълон қилишга қарор қилганида у шаҳарни жангсиз, боз устига атрофидаги ҳудудлари билан бирга қўйиб юборган: зеро шаҳар мутлақо ҳеч қандай истиқболга эга эмас, дея ҳисобланган.

Дарҳақиқат, Сингапур кўп ижтимоий-иқтисодий муаммолардан азият чеккан - ишсизлик ва аҳоли билимсизлигидан тортиб, то бўш ерлар ва табиий ресурсларнинг йўқлигигача. Шаҳар салоҳиятли савдо ҳамкорларига ҳеч нарса таклиф қила олмасди, улар эса, ўз ўрнида, шаҳарнинг мустақиллигини тан олишга шошилишмасди.

Ли Куан Ю
Фото: РИА "Новости"

Сингапур илк 50 йилдаги мисли кўрилмаган ўзгаришлари учун деярли бир киши олдида қарздор - марҳум бош вазир Ли Куан Ю. Анъанавийлик тарафдори ва қайсидир жиҳатдан ҳатто диктатор ҳисобланган бош вазир Сингапур гуллаб-яшнаши учун ўзгариши кераклигини яхши англаб етган. "Биз қўшниларимиз каби яшашга ҳаракат қилсак, ҳалок бўлишимизни билардик: уларнинг олдига қўйиш учун ҳеч нарсамиз йўқ эди. Шунинг учун қандай қилиб улар таклиф қила олиши мумкин бўлгандан-да қадрли нарса ишлаб чиқариш мумкинлиги ҳақида ўйлашимизга тўғри келган. Бундай ёндашув бизни самарали ишлашга ундаб, муносиблар гуллаб-яшнайдиган шарт-шароитларни яратиш имконини берди - энг асосийси, у иш бермоқда", - деди бош вазир кўп йиллардан сўнг New York Times'га берган интервьюсида.

Шундай бўлса-да, бу усулни иш беришга мажбур қилиш учун ҳукумат нафақат иқтисодиёт, балки жамиятнинг ўзини ҳам назорат остига олишга тўғри келди - албатта, унинг манфаати йўлида.  Ҳукумат кўп қаватли ижтимоий турар-жой қурилишига доир дастурни йўлга қўйди ва чет эллик сармоячилар учун қулай шарт-шароитлар яратди. Секин-асталик билан бўм-бўш ороллар ҳақиқий митти давлат кўринишига кела бошлади.

Бош вазир аввал бошданоқ мультимаданий аҳоли ўртасида миллий ўзига хослик ҳиссини шакллантиришга йўналтирилган ахборот кампанияларини ташкил қилди. Илк ташаббуслар мақсади атроф-муҳит тозалигини ошириш бўлган; кейинги кампанияларда асосий эътибор оилани режалаштиришга қаратилган: ҳукумат фуқароларни "иккинчи болада тўхташ"га чақирган. Сингапур бироз бойиганидан кейин шаҳар аҳолисини ғарб манераларига ўргатувчи ва пу­тун­хуа (бутун дунёдаги хитойликлар тушунувчи стандарт лаҳжа)да мулоқот қилишга чорловчи кампаниялар вақти келди. Бу лойиҳаларнинг бари бир мақсадни кўзлаган: мустаҳкам ва тараққий этган жамият яратиш.

1986 йилда Ли Куан Ю иқрор бўлди:

"Мени кўпинча фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашишда айблашади. Ҳа, бу айбловлар адолатли, бироқ агар мен шундай қилмаганимда бугун биз бўлмасдик. Агар ким билан қандай яшаётганингиз, қай даражада шовқин солаётганингиз, қаерда тупуришни жоиз топганингиз ёки қайси тилда гапираётганингиз назорат остига олинмаганида, биз бугунги иқтисодий тараққиётга эриша олмаган бўлардик. Қандай қилса тўғри бўлишини биз ҳал қиламиз".

Айтиш мумкинки, ўтган 50 йил ичида стратегия ўзини тўлиқ оқлади: мамлакат иқтисодиёти дунёдаги энг инновацион ва бизнесга ижобий мойилликка эга бўлди. Сингапурда ҳукумат ҳали-ҳануз жамиятни назорат қилиш керак деб ҳисоблашса-да, сўнгги йилларда у бунинг учун нисбатан юмшоқроқ усулларни қўлламоқда.

Фото: iStock

"Туртиш назарияси" фақатгина Сингапурда қўлланмайди. Бутун дунё бўйлаб 150 дан ортиқ ҳукумат шу усулни самарали ҳисоблаб, қўллаб келади. Масалан, Қатар соғлиқни сақлаш вазирлиги Рамазон ойида тиббий марказлардан бирида бепул қон таҳлилларини таклиф қилувчи дастурни йўлга қўйиб, диабетдан огоҳлантириш кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилашга муваффақ бўлди.

Қулайлик ва вақтни тўғри танлай билиш — "туртиш"нинг икки асосий муваффақиятли компоненти.

Исландия, Ҳиндистон, Хитой, Буюк Британия каби мамлакатларда ҳам шуларга ўхшаш усуллар қўлланади. Бироқ айнан Сингапурда "туртиш назарияси" катта муваффақият билан қўлланади. Чекувчилар йўловчиларга халақит бермасликлари учун урналар автобус бекатларидан узоқроққа қўйилади. Коммунал хизматлар ҳисоб-китоби сув ва электр энергияси учун қўшниларга нисбатан қанча кўп ё кам тўлаётганингизни кўрсатади. Аҳоли мунтазам равишда спорт билан шуғулланиш имконига эга бўлиши учун кўп қаватли турар-жойлар олдида спорт майдонлари қурилган. Темир йўл платформаларидаги яшил ва қизил белгилар чиқаётганларни туртмай вагонга тезроқ кириш учун қаерда туришингиз кераклигини кўрсатади. Жамоатчилик транспорти тиғиз вақтга қолмаслик учун ишга эртароқ чиқадиганлар учун пасайтирилган тарифларни таклиф қилади.

10 сингапурликдан 6 нафари ҳафтада тўрт мартадан ортиқ овқатни ўзлари билан олиб юради, -  айнан шунинг учун ҳукумат фуқаролар саломатлигига эътибор қаратишни лозим топиб, бу жараёнга энг аввало кўчадаги сотувчиларни жалб қилди. Баъзи иншоотлар бошқарувчилари одатий таомларнинг нисбатан соғлом вариантларига нархларни тушириб, шу тариқа ташаббусни қўллаб-қувватлашди.

Фото: Getty Images

National Steps Challenge дастури доирасида эса шаҳар аҳолисига бепул қадам ўлчагичлар тарқатилди, босиб ўтилган қадамларни нақд пуллар ва мукофотларга алмаштириш имкони тақдим этилди. Ташаббус шу қадар муваффақиятли кечдики, ҳатто машҳур брендга айланди. Ўйин энг самарали мотивация усулларидан бири ҳисобланади.

Шаҳар туғилиш кўрсаткичларининг пастлигидан жабр кўрмоқда ва энди ҳукумат 2030 йилгача аҳоли сонини 30 фоизга оширшини мақсад қилди. Baby Bonus дастури кўпроқ фарзанд кўришга қарор қилган ота-оналарга пул тўловларини таклиф қилади, таъкидлаш жоизки, 2001 йилдан бери ҳатто бир фарзанди бўлган сингапуликлар ҳам имтиёзли тўловларга эга бўлишмоқда. Бундан ташқари, бола туғилганида унинг ҳисобига болалар боғчаси ва тиббий хизматлар учун тўлов киритишда фойдаланиш мумкин бўлган маблағлар ўтказилади. Фарзандларингиз қанча кўп бўлса, шунча кўп пул оласиз: 2016 йилнинг мартидан биринчи фарзанд учун бир вақтнинг ўзидаги тўлов 8000 сингапур доллари (6000 АҚШ доллари)ни ташкил қилади, учинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун эса тўлов суммаси 10 000 сингапур доллари (7,5 минг АҚШ доллари)га етиши мумкин.

Сингапур аҳолисининг ҳукуматга бўлган ишончи юқори даражани намоён этади, бу ҳам туртиш назарияси самарадорлигидан дарак бериши мумкин.

Шундай қилиб, Сингапур ҳукуматининг навбатдаги қадами қандай бўлади? Давлат таҳлил хизматига мувофиқ, бу рақамли ҳукуматга ўтиш жараёни бўлади: давлат хизматларининг тўлиқ компьютерлашуви уларни янада арзон ва самарали қилиши кутилмоқда.

Бизнинг дунё билан муносабатларимиз тобора тезлашиб, юқори технологияларга бойиб ва эҳтимол, борган сари реал ҳаётдан узоқлашиб бормоқда. Одамлар кундалик вазифаларни бажаришда чат-ботлар ва тўлдирилган реаллик хизматларидан фойдаланишга ўрганиб қолишмоқда - Сингапур ҳукумати ҳам бу жараёндан ортда қолгиси йўқ.

Фото: Getty Images

Мен бозорни тарк этиб, шиша ва металлдан қурилган 30 қаватли иншоотлар ярқираб турган мегаполисга қайтаман. 50 йил аввал бу ерлар қандай бўлганини ақлга сиғдириш қийин. Давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларда бундай узвийликни ҳамма ҳам қабул қилишга қодир бўлмаса-да, Сингапур ўз олдига қўйган мақсадига эришганини инкор қилиб бўлмайди.

Мавзуга оид