Жаҳон | 12:30 / 13.03.2018
62324
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик йигит қизни дайди итлар ҳужумидан ҳимоя қила туриб ҳаётдан кўз юмди

Фото: Ижтимоий тармоқ

Ўзбекистонлик ўн тўққиз ёшли Олег Шушунов Москва вилоятида бир қизни дайди итлар ҳужумидан ҳимоя қила туриб, ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” ёзмоқда.

Айтилишича, довюрак бола тўққизта оч итни қиздан чалғитиб қўрқитишга уринган пайтда итлар галаси уни ғажиб ташлаган. 

Фожиа Железнодорожная кўчасидаги тураржой яқинида содир бўлган. 26 ёшли қиз кечаси дугонасиникидан қайтиб келаётганда, унга уйсиз ҳайвонлар ташланиб қолган.

“Яна бироз юрганда итлар уни бурдалаб ташларди. Шу пайт қаердандир қўлида таёқ билан ёш йигит пайдо бўлиб қолди. “Олов”ни ўзига олар экан у жаҳли чиққан кўппакларни гоҳ ўнг, гоҳ чап томонга итқитарди, аммо кучлар тенг эмасди. Қўшнилар ёрдамга етиб боргунча, итлар Олегни тириклайин чайнаб ташлади”, — дейилади хабарда.

Беш нафар катта ёшли эркаклар келгандан сўнггина, кўппакларни ҳайдашнинг уддасидан чиқилди. Воқеа жойига етиб борган шифокорлар аёлни шифохонага юборишди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг унинг аҳволи оғирлигича қолган.

Қурбон бўлган Олег Шушуновнинг оиласи Ўзбекистондан Россияга кўчиб борганига тўрт йил бўлган эди. Олег бева қолган турмуш ўртоғи билан бир неча ойдан сўнг фарзанд кўришни кутишаётган эди. 

Нашрга кўра, айни пайтда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушбу воқеа бўйича текширув ишлари олиб бориляпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид