Жаҳон | 16:47 / 29.10.2024
10522
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонлик бизнесмен деярли бутун бойлигини итига мерос қолдирди

Марҳумнинг хонадонидаги эшик оғаси ва ошпаз итга ғамхўрлик қилади.

Фото: AP

Ҳиндистонлик тадбиркор Ратан Тата 118 миллион долларга баҳоланаётган бойлигининг катта қисмини итига васият қилди. У жониворга етарлича ғамхўрлик кўрсатилишини сўраган, деб хабар бермоқда Daily Mail.

Ратан Тата октябр ойи бошида 86 ёшида вафот этди. У оила қурмаган, фарзанди ҳам йўқ. Бундай ҳолларда Ҳиндистонда барча мол-мулкини ака-ука ва опа-сингилларга васият қилиш одат ҳисобланади.

Аммо тадбиркор ўз мулкининг жуда оз қисмини қариндошларига қолдирди. Асосий сармоя немис овчаркаси Тито, итга ғамхўрлик қиладиган эшик оғаси ва ошпаз ўртасида тақсимланди.

Тата бутун умри давомида ҳайвонларга яхши муносабатда бўлган. Tata Group бош қароргоҳидаги қоровулларга дайди ит ва мушукларни ҳайдаш тақиқланган.

“Бу васиятнома бойлик белгиси эмас, балки уйдаги жониворлар ва икки энг яқин ёрдамчиси унга берган қувонч ва ғамхўрлик учун миннатдорлик ифодаси”, — деб таъкидлади тадбиркорнинг яқин дўсти Суҳел Сет.

Аввал флоридалик аёл ўлимидан олдин данғиллама уйи ва катта меросини ўзининг 7 та мушугига васият қилиб қолдиргани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид