Жамият | 00:00 / 14.03.2018
22136
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Мажбурий ижро бюроси савдо ярмаркаси ўтказмоқда

Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» («Янги бозор») кийим-кечак бозори ҳамда Сиёб бозори ёнидаги «Шодиёна» савдо мажмуасида вилоят Мажбурий ижро бюроси томонидан ташкил этилган савдо ярмаркалари бугундан фаолият кўрсата бошлади.

25 мартгача фаолият кўрсатувчи ушбу ярмаркаларда жиноят ишлари бўйича судларнинг ижро ҳужжатларига асосан давлат даромадларига ўтказилиши белгиланган жами 14 миллиард сўмдан ортиқ товар моддий бойликлар харидоргир нархларда савдога чиқарилган.

Қайд этиб ўтиш керакки, яармарка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкларни олиб қўйиш, сотиш ва йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

— Бир йўла икки савдо нуқтасида ярмарка ўтказилаётгани харидорларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда. Бу ярмаркаларда товарларни халққа таклиф қилиш билан биргаликда, МИБ онлайн аукционининг тарғиботи билан ҳам шуғулланмоқдамиз. Фуқароларнинг онлайн аукционда қатнашиш тартиби ҳақидаги саволларига ҳам жавоб берилмоқда, йўл-йўриқ кўрсатилмоқда, — дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Самарқанд вилоят МИБ бошқармаси бўлими катта инспектори Яҳё Бекназаров.

Ярмаркаларда арзонлаштирилган нархдаги юздан ортиқ турдаги кийим-кечаклар, пойабзаллар, газламалар, сочиқлар, парфюмерия маҳсулотлари, уяли телефон аппаратлари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, тюнерлар ва бошқа маҳсулотлар сотувга чиқарилади.

Бозорлардаги муваққат ярмаркалардан ташқари харидорлар ушбу маҳсулотларни Самарқанд шаҳрида жойлашган учта дўкондан харид қилишлари мумкин.

«Самарқанд шарқ афсонаси» МЧЖга қарашли савдо дўкони (Рўдакий кўчаси 251-уй. Мўлжал: Банк коллежи), «Сабо» МЧЖ га қарашли савдо дўкони (А.Икромов кўчаси 99-уй. Мўлжал: «Ҳамкорбанк»). «Кооп таъминот» МЧЖга қарашли савдо дўкони. (Ўзбекистон кўчаси, 116-уй. Мўлжал: Баққоллик (бакалея) базаси).

Ш.Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид