Жамият | 10:35 / 16.03.2018
29339
3 дақиқада ўқилади

Зиёратгоҳдаги қурилиш ишларига шахсий автоулов эгаларини мажбуран жалб этиш ҳолати кузатилмоқда

Ҳашар - яхши удум. Ҳашарга инсон ўз ихтиёри билан меҳнат қилиб, кўмак бериш учун чиқишади.

Айни пайтда Андижон вилояти, Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам хайрли тадбирга қўл урилган. Маҳалла ҳудудида Қутайба ибн Муслим дафн этилган зиёратгоҳ мавжуд. Тарихий маълумотларга кўра, Қутайба ибн Муслим (660-715) йирик Ислом фотиҳларидан бири, ҳарбий саркарда ва тажрибали лашкарбоши бўлган.

Бундан бир ой муқаддам ушбу масканни ободонлаштириш, зиёратчилар учун шароитлар яратиш борасида ишлар бошланди. Маълумотларга кўра, бу савобли ишларнинг бошланишига давлат ҳисобидан 1 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлибди. Ҳозирда туман мутасаддилари ишларни намунали ташкил этиш бўйича ҳаракат бошлашган.

Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи бутунлай қайта қурилиб, янги йул очилаётгани жуда қувончли ҳол, албатта. Лекин, масаланинг бошқа бир томони ажабланарли.

Kun.uz таҳририятига Жалақудуқ туманидан  айнан мана зиёратгоҳ қурилиши билан боғлиқ мурожаат келиб тушди. Унда кўча қурилиши ишлари бошланганидан буён туман ҳудудида ЙПХ ходимлари ҳар куни эрталабдан йўл бўйларида туриб, кўчада ҳаракатланаётган ҳар қандай юк машинасини зиёратгоҳга мажбуран бир марта шағал олиб келиб беришга мажбурлаётгани айтилган.

Мажбурий ҳашарга юборилаётган юк машинасига бажарилган иш учун пул тўламасликлари аниқ, лекин ёқилғини ҳам ўз ҳисобидан қуяётган ҳайдовчига жабр бўлаётганига ҳеч ким эътибор бермаяпти.

Агар юк машинаси эгаси «ихтиёрий ҳашар»да ишлаб беришга кўнмаса, ЙПХ ходимлари дарров унинг ҳужжатидан ёки машинанинг техник ҳолатидан айб излаб, қўрқитаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Ёқилғи қуйиш шохобчаларида 1 литр дизель ёқилгиси 5500 сўм туради, 20 литри 110 000 сўм дегани.

Халқимизда «Ҳашар элга ярашар» деган нақл бор. Бироқ  ҳашар дегани бир ёки икки кун бўлади. Бошланганига бир ой бўлган ҳашарнинг ҳали-бери тугаши даргумон. ЙПХ хизматчилари ҳеч бўлмаса ёқилғи қуйиб берса ҳам майли эди, ҳайдовчилар «Ўзимизнинг юртимиз учун бўляптику?» дейишса... Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, юк машинаси ҳайдовчилари шу йўлга юришдан юрак олдириб бўлишган.

Ҳозир нафақат Жалақудуқ, балки қўшни Қўрғонтепа ва Булоқбоши туманларидаги юк машинаси ҳайдаб тирикчилик ўтказадиган айрим ҳайдовчилар, ҳашар тугашини кутиб, уйдан чиқмаётган экан.

Ҳайдовчиларга кимдандир тили қисиқ бўлиб қолмаслиги учун барча техник кўрувни сифатли қилиб ўтказиб, керакли ҳужжатларни расмийлаштиришни, ЙПХ ходимларига эса ўз вазифаларини унутмай – йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш хизмати билан шуғулланишни сўраб қоламиз.

Мавзуга оид