Ўзбекистон | 23:44 / 17.03.2018
24364
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон товар ишлаб чиқариш учун энг кўп энергия сарфлайдиган давлатлардан бири

Фото: Energy

Бизда аҳоли жон бошига тўғри келадиган энергия миқдори унчалик кўп бўлмагани ҳолда, биз ундан самарали фойдаланмас ҳам эканмиз. Яъни, 1000 АҚШ доллари миқдорига тенг товарлар (хизматлар) ишлаб чиқариш учун, айтайлик, Швейцария ёки Сингапурдагидан 5 баробар (!) кўпроқ, Европа давлатларидагидан уч баробар, бутун жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўп энергия сарфлар эканмиз, — деб ёзади Инновация вазирлиги вазир ўринбосари Шерзод Шерматов Фейсбук ижтимоий тармоғида жойлаган ўз постида.

Бу харид қобилияти паритети (PPP) бўйича 2013 йилги жаҳон кўрсаткичларига биноан айтилаётган сўзлар, яъни валюта бозори эркинлаштирилишидан анча олдинги гаплар. Бинобарин, ишларнинг ҳаққоний аҳволи ва шу жумладан, энергия самарадорлик фарқи янада ёмонроқ, чунки ўша пайтда бозор курси PPP бўйича курсдан кескин фарқланар эди.

1998 йилги талабалик йилларимни эсладим. Йел университети жаҳондаги энг бадавлат ўқув даргоҳларидан бўлишига қарамасдан, ўшандаёқ энергияни иқтисод қилишга жуда катта эътибор берар эди: аудиторияларга ҳаракат сенсорлари жойлаштирилган эди ва хонада ҳеч ким қолмаса маълум бир вақтдан кейин чироқ ўчарди, кутубхоналарда эса китоб жавонлари орасидаги чироқлар таймерлик эди, уни боссангиз бирор китобни ахтариб топиш учун етарли вақт учун ёруғлик тараларди. Бизда эса ҳануз бу каби ишларга етарлича эътибор қаратилмайди. Кўплаб, ҳаттоки йирик лойиҳа институтлари ҳам «Green building» концепциясини тушунишмайди ва бу қурилиш нархларининг ошишига олиб келишини рўкач қилишади…

Ўрмонга қанча чуқур кириб бораверсанг, ўтин шунчалик кўпаяверади, дейишади. Нафақат энергетика соҳасида, шунингдек энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда объектлар қурилиши ва уларни фойдаланишга топширишда энергия самарадорлиги бўйича узоқ муддатли концепциялар ва ҳ.к.ларни ишлаб чиқиш керак. Бунинг учун нафақат бизнинг вазирлигимизда, шунингдек тегишли давлат идораларида ҳам юқори малакали кадрлар хизмат қилиши керак бўлади.

Мавзуга оид