Қуръон мусобақасида Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари аниқланди
18 март куни «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси 2018» эркаклар ўртасида Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
18-19 март кунлари Тошкент шаҳридаги «Наврўз» тантаналар саройида ўтказилиши режалаштирилган мазкур мусобақанинг биринчи кунида қориларнинг нафис қироати саройда янгради. Мусобақа натижасига кўра, Тошкент шаҳрида тиловат бўйича 18-25-ёшгача эркаклар ўртасида Низомиддин Исмоилов (1-ўрин), Искандаржон Исмоилов (2-ўрин), Мирғиёс Мирҳосилов (3-ўрин) ғолиб, деб топилди. Тиловат йўналишида 26-40 ёшгача эркаклар ўртасида Файзираҳмон Мамаджонов 1-ўринни қўлга киритди. Яҳё Абдураҳманов ва Йўлдошали Каримов мос равишда кейинги поғонада қайд этилди.
Мусобақанинг Ҳифз йўналишида 18-25 ёшлар ўртасидаги ғолиб қорилар орасида Ҳабибуллоҳ Аҳмедов, Неъматуллоҳ Ҳусниддинов ва Ислом Иноғомов эътироф этилди. Ҳифз йўналишида 26-40 ёшдаги ғолиб қорилар Муҳаммад Тўраев, Абдулазиз Сўфиев ҳамда Довуд Ахунжанов, деб топилди.
Эслатиб ўтамиз, 19 март куни «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси 2018» аёллар ўртасида Тошкент шаҳар босқичи ўтказилиши кутилмоқда.