Спорт | 15:30 / 19.03.2018
7240
2 дақиқада ўқилади

Сергей Ковалёв навбатдаги жанг бўйича келишувга эришди

Фото: Eurosport

2013 йилги жаҳон чемпиони, WBO камари соҳиби Сергей Ковалёв америкалик Маркус Браунга қарши жанг ўтказиш бўйича келишувга эришган.

Boxingscene маълумотига кўра, Ярим оғир вазнда (79,38 кг) жаҳон чемпиони камари учун 12 раундлик жанг ўтказиш бўйича келишув 18 март куни имзоланган.

Жанг Нью-Йоркдаги «Мэдисон Сквер Гарден»да ўтказилади. Ҳозирча жанг санаси аниқ эмас – айрим манбаларга кўра, боксчилар 23 июнь куни рингга чиқишади.

Айни вақтда 34 ёшда бўлган Сергей Ковалёв 2017 йил ноябрида Андре Уорд фаолиятини якунлаганидан кейин бўш қолган WBO камари йўлида украиналик Вячеслав Шабранский билан жанг қилиб, ғалаба қозонганди. У март ойи бошида россиялик Игорь Михалкинга қарши рингга чиқди ва 7-раундда техник нокаут билан ғалаба қозониб, камарини ҳимоя қилди.

Ковалёв профессионал рингдаги фаолияти давомида 32 ғалабага эришган (шундан 28таси нокаут билан), 2 марта мағлуб бўлиб (иккисида ҳам Уордга ютқазган) ва бир марта дуранг ҳисоб қайд этилган.

27 ёшли Браун 21 жанг ўтказиб, барча жангда ғалаба қозонган, 16 марта рақибни нокаут қилган.

Бундан аввалроқ Браун молиявий шартлар тўғри келмагани туфайли Ковалёв билан жанг ўтказишга рози бўлмаганди.

Маълумот учун, Сергей Ковалёвни айни вақтда ўзбекистонлик мураббий Аброр Турсунпўлатов шуғуллантирмоқда.

Мавзуга оид