Кемеровода 3 кунлик мотам эълон қилинди
Кемерово области губернатори Аман Тулеев 25 март куни Кемерово шаҳридаги «Зимняя вишня» савдо марказида рўй берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига 3 кунлик мотам эълон қилди.
«Мотам 27, 28 ва 29 март кунлари бўлади», дейилган матбуот хизмати хабарида.
Айни вақтга келиб фожиа қурбонлари сони 64 нафарни ташкил этмоқда, уларнинг аксари болалардир. Яна ўнлаб кишилар бедарак кетган деб ҳисобланмоқда. Қурбонларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин болалар учун ўйинлар бўлимида бошланган. Олов тез тарқалган ва 3-4 қаватларни тутун қамраган. Сигнализация ишламаган, ташриф буюрувчиларнинг кўпчилиги бино ичида қамалиб қолган.
Ушбу ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган, иш доирасида ўнга яқин киши қўлга олинган.