Жамият | 23:10 / 26.03.2018
41158
2 дақиқада ўқилади

Тошкент юридик коллежи собиқ директори судда кўрсатма берди

Фото: Gazeta.Uz

26 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида судланувчилар Наталья Темирова (муқаддам Тошкент юридик коллежи директори лавозимида ишлаган) ва Абдулазизжон Салимжоновга (муқаддам Тошкент юридик коллежида иш юритувчи котиб ва ходимлар бўлими инспектори бўлиб ишлаган) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ судининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов Kun.uz’га маълум қилди. 

Мазкур жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман суди судьяси Болат Султонов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари Саноат Набиева ва Доно Исломовадан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.

Судланувчи Н. Темирова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 28 орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни ва бошқаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 238-моддасида (ёлғон гувоҳлик бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда, судланувчи А. Салимжонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28 орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш) ва 28 орқали 209-моддасида (мансаб сохтакорлигига кўмаклашиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар. 

Бугунги суд мажлисида судланувчи Н. Темирова айбловнинг барча бандлари бўйича ўз кўрсатмаларини берди.

Суд жараёни давом этмоқда. Суднинг кейинги мажлиси 2018 йил 2 апрель куни соат 15.00 да бўлади.

Мавзуга оид