Ўзбекистон | 09:31 / 26.03.2018
28111
3 дақиқада ўқилади

Тожикистоннинг чегараолди ҳудудлари аҳолиси Ўзбекистонга ички паспорт билан кира олмаяпти – ОАВ

Фото: Sputnik

Тожикистоннинг чегараолди ҳудудларида истиқомат қилувчи айрим фуқаролар ички паспортлар билан Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтолмаяпти. Аввалроқ, расмийлар Тожикистон-Ўзбекистон чегараси яқинида истиқомат қилувчиларга 30 километрлик масофага беш кунгача бўлган муддатда ўзаро сафарлар амалга оширишга рухсат берганди, деб ёзмоқда CA-news.

Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманида истиқомат қилувчи Азим Муродовнинг 25 март куни айтишича, чегара ҳудудида энди янги қоидалар мавжуд. «Илгари бизга қўшни мамлакат билан чегарани ички қизил паспортлар билан кесиб ўтишга рухсат бериларди, аммо энди чегарачилар рухсат бермаяпти», - деган у.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, унда хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун вақт ҳам, молиявий имконият ҳам йўқ. «Чегараолди ҳудудларда яшовчи аксарият қўшни республикага шунчаки ёки туризм мақсадида эмас, балки товар олиб келиш ва озгина пул ишлаб олиш учун боради, шунинг учун ҳукумат бизга қандайдир имтиёзлар бериши керак», - дейди Азим Муродов.

Шунингдек, Сўғд вилояти Конибодом туманидаги аҳоли ҳам шу каби муаммога дуч келди. Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири 25 март куни шундай деб ёзган: «Хорижий паспорт қийматини пасайтириш яхши бўларди. Дунёнинг энг бир давлатида Тожикистондаги каби хорижга чиқиш паспорти нархи юқори эмас. Масалан, бизнинг хорижга чиқиш паспортимиз 800 сомоний (тахминан 90 доллар) турса, қўшни Қирғизистонда 80 сомоний».

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида яқинда ўрнатилган тартибга кўра, икки мамлакат фуқаролари бошқа мамлакатга фақат хорижга чиқиш паспорти билан кириш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги чегара постлари 30 кунлик визасиз режим жорий этилганидан сўнг амалдаги сафар ҳужжатлари бўлган кўплаб одамлар билан гавжум. Баъзи фуқароларнинг хабар беришича, чегара пунктидаги навбат бир соатдан кўпроқ вақт талаб қилмоқда, бу асосан чегаранинг Тожикистон томонида рўй беряпти.

Мавзуга оид