Лавров: Афғонистондаги вазият салбий томонга ўзгармоқда
Афғонистондаги вазият толиблар ва ишидчиларнинг фаоллашаётгани ортидан салбий томонга ўзгармоқда. Афғонистон муаммоларига бағишланган Тошкент конференциясида маъруза қилган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шундай баёнот берди.
“Афғонистондаги вазият издан чиқишда давом этмоқда. Афғонистондаги турли кучлар ўртасида сиёсий жараённинг мавжуд бўлмаслиги ортидан толиблар ҳаракати мамлакат ҳудудининг деярли 50 фоизини тўлиқ ёки қисман назорат қилади. Фаол жанговар ҳаракатлар олиб бориб, қўпорувчиликлар уюштирмоқда. Айниқса, ИШИД жангариларининг, биринчи галда, Афғонистоннинг МДҲ мамлакатлари билан чегарадош шимолий ҳудудларига кириб келиши кенгайиб бораётгани алоҳида ташвиш уйғотади”, - деди Сергей Лавров.
“У ерда бошпаналар ташкил этилмоқда, Марказий Осиё, Россия ва бошқа давлатлардан келганлар бу ерда жанговар тайёргарликдан ўтмоқда. Биз бунда минтақавий ва халқаро хавфсизликка нисбатан бевосита таҳдидни кўрмоқдамиз”, - деб қайд этди Лавров.
Вазирнинг сўзларига кўра, Афғонистондан келиб чиқаётган жиддий таҳдидлардан яна бири гиёҳванд моддалари билан боғлиқ жиноятчиликдир.
"БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, ўтган йили опий етиштириш бўйича навбатдаги рекорд ўрнатилган. Афғон героини нафақат Афғонистондаги террорчилар ва экстремистларга, балки бошқа давлатлардаги жиноятчиларга ҳам сезиларли молиявий манба бўлмоқда", - деган Россия ташқи ишлар вазири.
Лавров Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатиш шартлари хусусида ҳам фикр билдириб, мамлакат ҳукумати ва толиблар ўртасида амалий мулоқот ўтказиш йўли билан тинчликка эришиш мумкинлигини таъкидлади. “Албатта, зиддиятни куч ишлатиш йўли билан ҳал этиб бўлмайди. Тарихий тажриба ва бугунги кун ҳолатидан келиб чиққанда ҳарбий йўл билан муаммони ҳал этиш мумкин эмаслиги намоён бўлади. Фақатгина Афғон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида мулоқот ёрдамида ҳақиқий тинчлик ва барқарорликка эришиш мумкин”, - деди Лавров.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
11:11 / 20.11.2024
Лавров: РФ ҳудудига ATACMS зарбаси - эскалация ҳақида сигнал
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
14:01 / 15.11.2024