Иқтисодиёт | 19:55 / 29.03.2018
15912
4 дақиқада ўқилади

Эксперт: Инвесторларни Ўзбекистонга сармоя киритишдан тўхтатиб турган нарса – мураккаб солиқ тизими

Фото: KUN.UZ

Инвесторлар, айниқса маҳаллий сармоядорларни Ўзбекистонга сармоя ётқизишидан тўхтатиб турган нарса, бу мураккаб солиқ тизими, бу умумий тарзда ўрнатилган қўрқитувчи солиқ тизимидир. “ЎзЭкспо” МККда бўлиб ўтган солиқ концепцияси муҳокамасида экспертлар томонидан шундай фикрлар билдирилди.

“Иқтисодиёт яхшиланса, ўзаро муносабатлар, бизнесимизга бўлган муносабатимиз ижобий томонга ўзгарсагина, рейтингимиз ўзгаради. Биз инвестициялар ҳақида сўз юритганимизда, фақат хорижий инвесторларни эмас, балки маҳаллий сармоядорларни ҳам назарда тутамиз.  
Ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам ўзимизда бизнес юритиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли ғоя, билим, тажриба, молиявий маблағга эга. Аммо улар ҳам сармоя киритиш жараёнига эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда”, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари Гўзал Исломова.

Фото: Халкаро Пресс клуб

Унинг таъкидлашича, “маҳаллий сармоядорларни ички инвестиция киритишдан тўхтатиб турган нарса, бу мураккаб солиқ тизими, бу умумий тарзда ўрнатилган қўрқитувчи солиқ тизимидир. Бу, бугунги кунда ўзининг яроқсизлигини кўрсатган ягона солиқ тўловидир”. Шу боисдан ҳам солиқлар ҳақида гап кетганда, дунёнинг барча рейтинглари, иқтисодчилари ставка қанчалигидан сўз бошлайди. 

Солиқ концепциясини ишлаб чиқиш фаолларидан бири, шунингдек барча камчилик ставкаларда эмаслигини ҳам таъкидлади. 

“Бироқ фақатгина ставкалар Ўзбекистон солиқ тизимини жозибасиз қилаётгани йўқ. Инвесторлар келаси йилда нималарни кутиш мумкинлигига доир прогноз тартибига эга эмас. Инвесторлар бугун бошқа ставка, эртага бошқа ставка эканидан, кимгадир имтиёз бериб, бошқасига айни имтиёз тақдим этилмаслигидан нолишмоқда. Бундай шароитда пул маблағларини сармоя сифатида киритиш жуда мураккабдир”, - деди эксперт “ЎзЭкспомарказ”да бўлиб ўтган анжуманда.

Шу билан бирга, Гўзал Исломова инвестиция киритиш учун ноқулай муҳит, фойда бермаётган манзилли имтиёзлар, давр талабидан ортда қолаётган бугунги солиқ тизими ҳақида ҳам фикрларини билдириб ўтди.

“Сармоя бу даромад келтириши керак бўлган маблағдир. Инвесторлар шундай ўйлашидан биз хурсандмиз ва инвесторлар ҳам қандай даромад олишини билиши керак. Агар биз тизимни прогнозлаштириш имконсизлигини, ҳар йили ставкалар ўзгараётганини, ҳар йили солиқ солиш усуллари ўзгараётганини кўрсак, ҳар йили Солиқ кодексидан ташқари солиқ соҳасини тартибга солувчи турли норматив ҳужжатлар пайдо бўлса, албатта бундай беқарор муҳитда инвестиция киритиш жуда қийиндир. 

Бундан ташқари, инвесторларни қўрқитаётган жиҳатлардан бири, манзилли аҳамиятга эга бўлган кўплаб имтиёзларнинг тақдим этилишидир. Албатта, имтиёзлар ҳақида гап кетганда, англаймизки, у иқтисодиётнинг турли иштирокчиларига туртки берувчи омилдир. Аммо келинг, имтиёз борасида давлат аҳамиятига молик, ривожлантириш зарур бўлган соҳаларни танлаб олиб, уларга умумтарзда имтиёзлар тақдим этайлик.

Фото: Халкаро Пресс клуб

Чунки бугунги кунда улкан солиқ имтиёзларига эга бўлган йирик корхоналар ўз самарадорлигини кўрсатмаяпти. Имтиёзлардан фойдаланаётганларига қарамай, улардан бюджетга етарли солиқ тушмаяпти, ишлаб чиқаришни кенгайтириб, йириклашаётганини кўрмаяпмиз”, - деди эксперт. 

Гўзал Исломова бугунги солиқ тизими ҳақида сўз юритар экан, у давр талабларидан ортда қолаётганини таъкидлади. 

“Бугунги солиқ тизими ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у ортда қолмоқда. Бир жиҳатдан у кичик бизнес ривожланишига ёрдам бергани туфайли яхши ҳамдир. У бюджетга барқарор тушумлар тушишини таъминлади. Бироқ барча ислоҳотларни кутмоқда. Бизнес ислоҳотларни кутмоқда. Бизнес чегаралар очилиб, соғлом рақобат бўлишини кутмоқда, бунга тайёр ҳам. Шу боисдан бизнинг масъулиятимиз иқтисодиёт ривожланиши учун қулай муҳит барпо этишдир”, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари.

Мавзуга оид