Жаҳон | 00:48 / 29.03.2018
7960
2 дақиқада ўқилади

Хитой коинот станцияси апрелнинг илк кунлари Ерга қулайди

Фото: Mdz

Хитойнинг илк орбитал станцияси “Тяньгун-1” 31 мартдан 4 апрелгача давр ичида орбитасидан чиқиб, Ерга қулайди. Хитой коинот агентлиги вакилларининг айтишича, станция тушиши бошқарилмайдиган бўлади ва шу сабабли мутахассислар станция айнан қаерга қулашини айтишга ожизлик қилмоқдалар.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, станциянинг қулаши ҳудуди 42,8 даража шимолий кенглик ва 42,8 даража жанубий кенглик орасидаги ҳудуд сифатида белгиланган, бу эса станция Африка, Европа жануби, Яқин Шарқ ёки Жануби-Шарқий Осиёга тушиши мумкинлигини билдиради. Станция Россияга ҳам қулаши мумкин, бунда унинг қулаш жойи Доғистонга тўғри келиши мумкин. Олимларнинг айтишича, станция қулашининг атроф-муҳит ва одамларга хавфи жуда кичик, чунки унинг катта қисми атмосферада ёниб кетади, қолган қисмлари эса Ер сиртигача етиб борса ҳам, жиддий хавф туғдирмайди.

Европа коинот агентлигида коинот чиқиндиларини кузатиш билан шуғулланувчи мутахассис Хольгер Крагнинг айтишича, одатда йирик жисмлардан 20-40 фоизи Ергача учиб келиши мумкин, бироқ улар қулаши вақтида бўлакланиб кетади. Бундай бўлаклардан жароҳат олиш эҳтимоли эса бир йилда икки марта чақмоқ уриш эҳтимолига тенгдир.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид