Жамият | 14:47 / 31.03.2018
47526
3 дақиқада ўқилади

Бекободда 55 киши овқатдан заҳарланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 2018 йил 30 март соат 6:20дан 31 март соат 14:30гача 55 нафар шахс, шу жумладан 6 нафар бола тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, бўғимларда оғриқ каби, шикоятлар билан шифохонага мурожаат қилган ва улардан 50 нафари Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига, 4 нафари туғуруқ бўлимига ва 1 нафар бемор Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти шифохонасига “ўткир гастроэнтерит, овқат токсикоинфекцияси” бирламчи ташхиси билан ётқизилган. 

Ўтказилган бирламчи эпидемиологик текширув натижасида қуйидагилар аниқланган: 

Бекобод шаҳридаги “Бахт уйи” тўйхонасида 28 март куни фуқаро Бегали Юнусов томонидан ўтказилган никоҳ тўйида 300 нафар, “Дилдора” тўйхонасида фуқаро Дилобар Гулмуродова ўтказган қиз базмида 280 нафар меҳмон қатнашган.

Иккала тўйхонада ҳам Бекобод шаҳридаги “Нодирбек омад барака” хусусий корхонасига қарашли “Истиқлол” кафеси томонидан тайёрланган “Мужской каприз”, “Японча”, “Қиролича”, “От шефа”, “Пикантний”, “Оливье”, “Гўштли бодринг” салатлар, норин, чучвара, люла кабоб, угра, бифстроган таомлар дастурхонга қўйилган. 

Беморлардан олинган биологик намуналар Тошкент вилояти санитария-эпидемиология назорати марказининг лабораториясига юборилди. 

Юзага келган эпидемик вазиятни жойида ўрганиш, беморларни даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни ўтказишда маҳаллий мутахассисларга амалий ёрдам кўрсатиш учун Республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори, т.ф.н. А.Абдушукуров, институт шифохонасининг бош врачи, т.ф.н. Ж.Тўйчиев, 3 нафар реаниматолог, Республика санитария - эпидемиология назорат маркази бош врачи Б.Алматов ва бўлим мудири 2018 йил 30 март куни Бекобод шаҳрига юборилди. 

Қайд этилишича, шифохонада беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда, дори-дармон захиралари етарли. Беморларнинг умумий аҳволи ўртача оғирликда. 2 нафар беморга қониқарли аҳволда уйларига жавоб берилди. Мурожаат қилган 7 нафар беморларга амбулатория шароитида тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволлари қониқарли бўлгани учун уйларига кетишга рухсат берилган. 

Тўй маросимида иштирок этган фуқароларни рўйхатини аниқлаш, профилактик ва эпидемия қарши тадбирларни амалга ошириш учун шаҳар тиббиёт бирлашмасидан жалб этилган 136 нафар патронаж ҳамшира ва санитария-эпидемиология хизматидан 50 нафар мутахассис томонидан хонадонма-хонадон юриб, суриштириш ишлари олиб борилмоқда.

Юзага келган эпидемик вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган.

Мавзуга оид