Жамият | 00:07 / 31.03.2018
15609
5 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон туманида паспорт столи олдида вужудга келаётган катта навбатларга сабаб нима?

Фото: Norma.uz

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан «Озодлик» радиосига шикоят қилган фуқаролардан бири туман паспорт столи олдида катта навбат юзага келгани, одамлар эрталабдан кечгача навбатда туришаётгани, бўлим ходимлари жуда суст ишлашаётганини баён қилган. Шунингдек, у янги биометрик паспорт олиш учун расман энг кам ойлик иш ҳақининг тенг ярми баробарида давлат божи ундириши белгиланган бўлса-да, паспорт олинаётганда яна 3500 сўм талаб қилинаётганини рўкач қилиб, ИИБ ходимларини коррупцияда айблаган ва узун навбатлар ҳамда қонунга зид равишда пул йиғилишига барҳам берилиши сўраган.

Kun.uz мухбири ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Баҳодир Алиев билан суҳбатлашди.

— Каттақўрғондаги паспорт столи олдида катта навбатлар юзага келишини қандай изоҳлайсиз?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4262-сонли фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрь кунги 361-сонли қарорига асосан фуқароларни биометрик паспорт билан ҳужжатлаштириш ишларини 2018 йилнинг 1 июль кунига қадар якунлаш лозимлиги кўрсатилган.

Вилоят аҳолисининг паспорт олиши шарт бўлган фуқаролари сони айни кунда 2 миллион 420 минг 190 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда уларнинг 2 миллион 228 минг 278 нафари яъни 92,07 фоизи биометрик паспорт олган. Ҳали паспорт олишга улгурмаган фуқаролар сони вилоятда 191 минг 912 нафарни ташкил этади.

Бевосита Каттақўрғон туманига тўхталадиган бўлсак, туманда паспорт олиши шарт бўлган фуқаролар сони 166 минг 906 нафарни ташкил этиб, уларнинг 145 минг 913 нафари, яъни 87,42 фоизи янги паспорт олишга улгуришган. Туманда яна 20 минг 933 нафар фуқарога бометрик паспорт берилиши керак. Айтиш жоизки, 12,48 фоиз — бу вилоятдаги энг юқори кўрсаткич.

Биз 1 июлга қадар вилоятда паспорт олмаган фуқароларни паспорт олишга улгуришлари учун узоқ вақтдан бери оммавий ахборот воситалари — телевидение, радио ва газеталар хизматидан фойдаланган ҳолда тарғибот ишларини ўтказиб, фуқароларни кейинчалик жарима тўламаслик учун улгуриб қолишга чорладик.

Ушбу ташвиқотлардан сўнг барча туманларда фуқароларнинг ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаатлари кескин кўпайди, жумладан, Каттақўрғон тумани ҳам.

Биометрик маълумотларни қабул қилиш ускунаси стандарт бўйича кунига 70–80 нафар фуқарога хизмат кўрсатиши кераклиги белгиланган. Аммо аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бир кунда ўртача 250–300 нафар фуқароларга биометрик паспорт расмийлаштириб берилмоқда. Тўғри, навбат кўплигини инкор этмаймиз, лекин бусиз белгиланган муддатгача улгурмаймиз. Бу ерда инсон омилимас, техникага боғлиқлик туфайли навбат юзага келмоқда. Бироқ, қайд этиш жоизки, ходимларимиз нафақат Каттақўрғонда, барча туманларда ҳам эрталабдан кечгача тиним билмай ишлашаяпти, бир кунда навбатда турган фуқароларнинг бирортаси қуруқ қўйиб юборилмаяпти.

Айни пайтда МФРБга келолмайдиган ногирон ва қария фуқароларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган биометрик маълумотларни қабул қилувчи портатив аппаратни ҳам Каттақўрғон туманига сафарбар қилдик. Энди кунига 400 нафаргача фуқарога хизмат кўрсатилади.

Биз ҳар куни барча туманлардан тушаётган маълумотларни умумийлаштириб, кейинги кунлардаги ишларимизни режалаштириб бормоқдамиз. Бир кунда вилоятда 3–3,5 мингга яқин кишига паспорт расмийлаштириб берилмоқда. Агар шу суръатда ишлашда давом этсак, белгиланган муддатгача албатта улгурамиз.

Албатта, бу навбатлар вақтинчалик, 1 июлгача улгуриб қолиш учун фуқароларимиз ёппасига мурожаат қилишаётгани сабабли ҳосил бўлмоқда. 1 июлдан сўнг барчаси жойига тушади.

— Эътирозда яна бир жиҳат тилга олинган: ярим минимал иш ҳақидан ташқари, паспорт столидагилар қўшимча 3500 сўм ҳақ ундиришаётгани ҳақида нима дейсиз?

— Дарҳақиқат, фуқаромизнинг эътирозида баён этилганидек, 2017 йил 1 декабрь кунидан бошлаб Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати йўналишида фуқаролардан олинадиган давлат божлари рўйхатига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини берганлик учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи — 86 минг 120 сўм миқдорда давлат божи олинмоқда.

Шунингдек, ушбу тартибга кўра Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистонда Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий рўйхатга қўйиш ва рўйхатдан чиқариш, турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш учун ЭКИҲнинг 2 фоизи — 3.444 сўм бож ундирилиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тўловлар албатта кассага кирим қилинади ва квитанция берилади. Каттақўрғонлик фуқаро шу нарсани билмасдан, касбдошларимизни коррупцияда нотўғри айблаган.

Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди

Мавзуга оид