Жаҳон | 23:58 / 03.04.2018
7827
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сурияда иккита ҳарбий база қуриши мумкин. Туркия ҳарбийлари яқинида

Фото: Анадолу

АҚШ Сурия шимолида, ўзини ўзи мудофаа қилиш халқ отрядлари (YPG) назоратида бўлган ҳудудда, Фрот дарёсидан ғарбда жойлашган Манбиж туманида иккита ҳарбий база барпо этмоқчи. Бу ҳақда Anadolu агентлиги ўз манбаларига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

ОАВ маълумотига кўра, америкаликларнинг кузатув пунктларидан бири Манбиж шимолида, Дадат қишлоғидан жануби-ғарбда жойлашади. Америкалик ҳарбийлар айни вақтда ушбу ҳудудга кўп миқдорда қурилиш техникалари олиб келмоқда.

Қурилаётган база Манбижни 2017 йили Туркия томонидан ўтказилган «Фрот қалқони» амалиётидан кейин Туркия армияси назорати остига ўтган Жералбус билан ажратиб турувчи Саджу дарёси қирғоқларидан 8 километр масофада жойлашади.

АҚШнинг иккинчи ҳарбий базаси эса Дадат қишлоғидан жанубда, «Фрот қалқони» амалиётидан кейин турклар эгаллаган ҳудудлардан 4 километр масофага ўрнатилади. Бу база Нуаймиядаги америкалик ҳарбийлар фаолиятини қўллаб-қувватлаб туриши мўлжалланган.

Агентликнинг хабар қилишича, қурилиш ишлари якунланганидан кейин ушбу база америкалик ҳарбийларни «Фрот қалқони» амалиёти доирасида Сурия шимолида ўрнашган Туркия ҳарбийларига жуда яқин жойлаштиради.

Март ойи охирида Туркия Миллий хавфсизлик кенгаши курдлар Манбижни зудлик билан тарк этишини талаб қилганди. Анқара агар бу талаби бажарилмаса, ҳарбий юриш қилишидан огоҳлантирди.

Туркия бир неча марта АҚШни курдлар Манбиждан олиб кетиш ваъдасини бажармасликда айблаб келади. Шаҳар 2016 йил ёзида курд ҳарбий бўлинмалари томонидан ИШИДдан озод этилганди, Туркия эса бу гуруҳларни террорчи ташкилотлар деб ҳисоблайди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид