Жаҳон | 17:31 / 03.03.2025
12519
11 дақиқада ўқилади

Ўжаланнинг чақириғи: Туркияда курд исёнчилари қуролли курашни тугатмоқда

У 1990-йиллар охиридан буён умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда ва 40 йилдан ортиқ вақт давомида курдларнинг мустақиллик учун кураши рамзи бўлиб қолмоқда.

Sertac Kayar / Reuters / Scanpix / LETA

Курдистон мустақил давлати тузилишини қўллаб-қувватловчи Курдистон Ишчилар партияси (КИП) Туркияга қарши қуролли курашни тўхтатишини эълон қилди. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар бермоқда.

Ташкилот ўз баёнотида қамоқдаги раҳбари Абдулла Ўжаланнинг чақириқларига риоя қилишини таъкидлаган. Шу боис 1 мартдан қуроллар ташланди. Баёнотда, КИП тегишли кафолатлар мавжуд бўлган тақдирда тўлиқ қуролсизланиш масаласини муҳокама қилишга тайёр эканини билдирган.

Ўжаланнинг чақириғи

40 йилдан ортиқ вақт давомида курдларнинг мустақиллик кураши рамзи бўлиб келган Абдулла Ўжалан туркиялик курдларни қуролсизланишга чақирди.

Ўжалан Туркия ҳукумати томонидан 1999 йилда қўлга олинган ва Мармар денгизида жойлашган Имрали оролидаги қамоқхонада умрбод жазо муддатини ўтамоқда. У ташқи дунё билан боғланиши мумкин бўлган ҳолларда, одатда, курдпараст сиёсий кучлар вакиллари воситачи бўлиб хизмат қилади. Тенглик ва демократия халқ партияси аъзолари 27 феврал куни Ўжалан билан кўришишди ва узоқ йиллардан бери илк марта унинг суратини ҳамда баёнотини олиб қайтишди.

Абдулла Ўжалан (марказда) DEM вакиллари билан учрашувда, 2025 йил 27 феврал
Peoples' Equality and Democracy Party / EPA / Scanpix / LETA

Ушбу баёнотда КИП раҳбари ўз тарафдорларини қуролни ташлашга, Курдистон ишчи партиясидан эса ўзининг партия сафини тарк этганини эълон қилишга чақирди.

Ўжалан марксистик ғояларга содиқ эканини билдириб, қуролли курашдан воз кечиш заруратини «тарихий социология» асосида тушунтиради. Унга кўра, курдларнинг манфаатлари айрим миллий, маъмурий ёки маданий ажралиш эмас, Туркия сиёсий тизимини демократиялаштириш ва унга тўлиқ интеграция қилиш билан боғлиқ.

Тарихий воқеа

Бу чақириқ курдларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш учун олиб борган кураши — Яқин Шарқдаги энг узоқ давом этган можаролардан бирини якунлаб бериши мумкин.

Курдлар – ўз давлатига эга бўлмаган 30 миллионлик халқ. Тарихий Курдистон – Туркия, Сурия, Ироқ ва Эрон чегараларида жойлашган кенг тоғли ҳудуд бўлиб, ҳар бир ушбу давлатда йирик курд жамоалари мавжуд. Улар ўзгача тилда сўзлашади, анъаналарини сақлаб қолган ва турклар, араблар ҳамда форслардан кескин фарқ қилади.

Расман тан олинган ягона курд мухторияти Ироқда, лекин Туркияда 14-15 миллион курд яшаса-да, улар узоқ йиллар давомида ҳатто алоҳида миллат сифатида расман эътироф этилмаган. Улар «тоғли турклар» сифатида ёзилган ва миллий ўзликни ифодалаш имкониятидан маҳрум бўлган.

Абдулла Ўжалан 1970-йилларда, Анқара университетида сиёсатшунослик бўйича таълим олиш чоғида, курд миллий ҳаракатига қўшилган. У кўплаб миллий озодлик ҳаракатлари сингари, мустақиллик ғоясини социализм билан боғлаган ва қатъий марксист-ленинист бўлган.

1978 йилда у бир гуруҳ ҳамфикрлари билан бирга Курдистон ишчи партияси (КИП)ни тузган. Партия ғоявий жиҳатдан ўша даврдаги аксилмустамлака социализм моделини ўзида акс эттирган, унинг мафкураси Фаластин озодлик ташкилоти ва бошқа қуролли сўл қанот гуруҳларникига ўхшаш бўлган. Бу ғоялар нафақат Яқин Шарқ, балки дунё бўйлаб турли ҳаракатлар орасида кенг тарқалган эди.

Қуролли кураш ва халқаро таъсирлар

Ўжалан 1979 йилда Сурияга кўчиб ўтди ва у ерда Курдистон мустақиллиги учун қуролли кураш олиб борадиган жангариларни тайёрлай бошлайди.

У совет иттифоқи махсус хизматлари ва СССР томонидан қўллаб-қувватлаган суриялик диктатор Ҳофиз Асаддан катта ёрдам олган. СССР ўшанда НАТО аъзоси бўлган Туркияни заифлаштириш ва минтақадаги рақибини кучсизлантиришни мақсад қилган эди.

1984 йилда Курдистон ишчи партияси Туркияда курд қўзғолонини бошлашини эълон қилди. Шундан сўнг шарқий вилоятларда жандармерия ва полиция участкаларига ҳужумлар уюштирилади.

Олдин фақат сиёсий зиддият ва вақт-вақти билан юзага келган зўравонлик ҳолатлари расман қуролли тўқнашувга айланди. Бу паст интенсивликдаги уруш тусини олди, гарчи баъзи вақтларда сиёсий келишув уринишлари ҳам бўлган.

2000-йилларга келиб, Туркия ҳукумати қуролли тўқнашувлар қурбонлари сони 40 мингдан ошганини эълон қилади. КИП Туркияда террорчи ташкилот, деб тан олинади. Шунингдек, АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО даражасида ҳам ушбу қарор қўллаб-қувватланган.

Курд миллий ҳаракатининг бошқа етакчилари

Ўжалан курд миллий ҳаракатининг ягона етакчиси эмасди. Ироқда Маъсуд Барзаний бошчилигидаги Курдистон Демократик партияси (КДП) ва Жалол Талабоний раҳбарлигидаги Курдистон ватанпарварлик иттифоқи (КВИ) фаолият юритар эди.

Улар бир неча бор турли шаклларда бирлашишга ҳаракат қилган, лекин бирор амалий келишувга эриша олмаган.

2003 йилда АҚШ Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдаргач, Барзаний Ироқ Курдистони раҳбари бўлди, Талабоний эса аввал Ироқдаги муваққат ҳукумат раҳбари, кейин эса Ироқ президенти лавозимини эгаллади.

Ўжаланнинг ҳибсга олиниши

Суриядан чиқарилгандан сўнг Абдулла Ўжалан халқаро миқёсда қочқинлик ҳаётини кечиришга мажбур бўлди. Бу воқеа Туркия Сурияга қуролли ҳужум билан таҳдид қилганидан сўнг, 1998 йил октябрда юз берган.

Қамоқдаги 26 йилдан кейин ҳам Ўжалан Туркия ва Суриядаги курдлар етакчиси бўлиб қолмоқда. Фото: AFP

Шундан кейин Ўжалан дунё бўйлаб сарсон юрди. Ҳатто Россия Давлат думаси депутати Алексей Митрофановнинг Москва яқинидаги дачасида бир неча ҳафта яшади.

Ўжалан 1999 йил февралида Кенияда Туркия разведка хизмати (MİT) ва АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) ҳамкорлигида ҳибсга олиниб, Туркияга топширилади.

Туркияда уни террористик ташкилотга раҳбарлик қилиш айби билан у ўлим жазосига ҳукм қилишди. Бироқ, кейинроқ бу ҳукм умрбод қамоқ жазосига ўзгартирилди.

Шундан бери, 76 ёшга кирган Ўжалан Мармар денгизи оролидаги Имрали қамоқхонасида сақланиб келмоқда.

Ўжаланнинг қурол ташлашга чорлови

Ўжалоннинг КИПни қурол ташлашга чақириши, кутилган сенсация сифатида қабул қилинди. 2024 йил октябридан буён унинг Туркия ҳукумати билан музокаралар олиб боргани ҳақида маълумотлар тарқалган эди.

Шу йили Туркия миллий ҳаракат партияси раҳбари Девлет Бахчали парламентда чиқиш қилиб, шундай таклиф билан чиққан эди:

«Террор раҳбари [Ўжалан] бир томонлама террорчилик фаолиятини тугатишини ва ўз ташкилотини тарқатишини эълон қилсин. Агар уни изоляциядан чиқаришса, у парламентдаги Тенглик ва демократия халқ партияси йиғилишида чиқиш қилсин. Агар у қатъий қарорга келса, „умид ҳуқуқи“ пайдо бўлади».

«Умид ҳуқуқи» — Туркия қонунчилигидаги юридик тушунча бўлиб, умрбод қамоқ жазосини бирор озодлик эҳтимоли билан чеклашни назарда тутади.

Ўжалан 2024 йил февралига келиб қамоқда 25 йил ўтирган ва ушбу «умид ҳуқуқи»га даъвогарлик қилиши мумкин эди.

Бахчали — Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг сиёсий иттифоқчиси. Кўриниб турибдики, Ўжалонни озод қилиш ёки уни уй қамоғига ўтказиш эвазига зўравонлик усулидан воз кечиш таклифи айнан давлат раҳбари томонидан илгари сурилган. Бу таклиф айнан Бахчали томонидан билдирилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. У ўта ўнг сиёсатчи ва кескин турк миллатчиси бўлиб, илгари ҳар қандай курдпараст кучларни, жумладан, парламентдаги Тенглик ва демократия халқ партиясини тақиқлашга чақирган. Натижада, курдларга муроса таклиф қилган шахс уларнинг энг ашаддий рақибларидан бири бўлди. Эрдўған эса бу ташаббусни дарҳол омма олдида қўллаб-қувватлади.

Курд диаспораларининг чақириққа муносабати

Сўнгги йигирма йилда КИПнинг мустақил таъсири анча камайган. У курд миллий ҳаракатининг идеологик маркази бўлиб қолмоқда, Ўжалан эса унинг асосий маънавий раҳбари ва тирик рамзи ҳисобланади. Бироқ бу ҳаракат ҳозирги кунда Туркия, Сурия, Ироқ ва Эронда, шунингдек, Европадаги курд диаспорасида кўплаб турли ташкилотлардан иборат. Улар орасида террористик гуруҳлар, ҳарбий тузилмалар, сиёсий партиялар, хайрия фондлари ва маърифий тўгараклар ҳам мавжуд.

КИПнинг эркинликдаги раҳбарлари асосан Ироқ ва Эрон чегарасидаги тоғларда яширинмоқда. Бу гуруҳ «Қандил» деб аталади — бу Туркия бир неча йиллардан бери КИПни йўқ қилишга уринган ҳолда бомбалаётган Қандил тоғ тизмасининг номи.

Ҳозирча «Қандил»дан Ўжалоннинг чақириқлари бўйича расмий муносабат билдирилмади. Илгари улар бир неча бор шундай баёнот берганки, Туркия ҳукумати билан музокараларни бошлаш учун Ўжаланнинг озод этилиши биринчи навбатдаги шарт сифатида келтирилган.

«Қандил» асосан Ўжаланнинг эски сафдошларидан ташкил топган. Ҳаракат асосчисининг обрўси уларни курашдан воз кечишга мажбур қилишига тўлиқ ишонч йўқ.

Ироқнинг ўз курд автономияси мавжуд. Унинг раҳбарияти — Барзаний кланининг вакиллари — Ўжаланнинг ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бироқ, КИП тарафдорлари учун Барзаний сўзлари деярли аҳамиятга эга эмас.

Суриядаги курд аёллар мудофаа отрядлари (YPJ) жангчилари. Фото: Getty Images

Суриядаги курдлар тақдири

Бу жараёндаги яна бир муҳим томон — Рожава, яъни Суриядаги ўзини ўзи эълон қилган курд автономиясидир. Унинг етакчи сиёсий кучи — Демократик иттифоқ партияси бўлиб, аслида у КИПнинг Суриядаги бўлими ҳисобланади (гарчи ҳар икки ташкилот буни рад этса ҳам).

Ўжалон расман унинг раҳбари эмас, аммо амалда Рожава учун энг катта маънавий етакчи бўлиб қолмоқда. Демократик иттифоқ партияси ҳамраиси Солиҳ Муслим суриялик курдлар Ўжалоннинг чақириқларига амал қилишга тайёрлигини маълум қилди, бироқ қўшимча қилиб шундай деди: «Агар бизга сиёсий фаолият олиб бориш имконияти берилганда эди, қуролга эҳтиёж бўлмасди. Қурол кўтаришга сабаб қолмаса, биз уни ташлаймиз».

Ушбу баёнотлар муҳим контекстга эга. Феврал ойи ўрталарида Суриянинг ўтиш даври ҳукумати Аҳмад аш-Шаръа раҳбарлигида курд жамоаси билан мураккаб музокараларни якунлади. Сурия демократик кучлари (суриялик курдлар милицияси коалицияси) мамлакатнинг янги қуролли кучларига қўшилишга рози бўлди. Ҳаттоки мамлакатнинг янги конституциясини яратувчи 7 кишилик кенгашга суриялик курд академик аёли Бахия Мардиний аъзо қилинди.

Рожаванинг келажаги ҳали тўлиқ аниқланмаган, аммо унинг вакиллари Сурия таркибида қолиш ниятида эканликларини тасдиқлади.

Бу келишув, жумладан, Сурия демократик кучлари таркибидаги хорижий жангариларни, биринчи навбатда, аниқки, турк курдларини чиқариб юборишни ҳам назарда тутади.

Суриялик курдлар, аввалги ироқлик курдлар каби, режим ўзгарганида мавжуд давлатлар таркибида ўз тақдирини белгилаш имкониятини кўришмоқда. Ҳозир эса Ўжалан турк курдларини худди шу йўлни танлашга даъват этмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид