Спорт | 14:01 / 07.04.2018
11124
2 дақиқада ўқилади

ПФЛ айтилган кийимни киймаган «Локомотив» мураббийларини огоҳлантирди. Костюм-шим кийиш мажбурий

Фото: Lokomotiv.uz

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперлиганинг 4-туридан ўрин олган АГМК «Локомотив» учрашувида костюм-шим киймасдан ўйинга чиққан «Локомотив» мураббийлар штабини огоҳлантирди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилган.

«Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг 2018 йил 12 март кунги 35-сонли буйруғига мувофиқ Суперлига футбол клублари мураббийлари кенг омманинг эътиборида бўлиши ҳисобга олиниб, улар ўйиндан олдин, ўйин вақтида ва ундан кейинги расмий маросимларда расмий кийимда (костюм, шимда ва галстук таққан ҳолда) бўлишларини таъминлаш белгилаб қўйилган ҳамда клублар раҳбарияти бу борада ёзма равишда хабардор қилинган», дейилади баёнотда.

Суперлиганинг 4-туридан ўрин олган АГМК — «Локомотив» ўйинида мусобақани ўтказиш учун масъул ташкилот юқорида белгилаб берган тартибнинг бузилиши ҳолати кузатилди. Суперлига клублари бош мураббийлари юқоридаги топшириқни бажарди, бироқ «Локомотив» клуби мураббийлари 3-турда мазкур топшириққа эътибор қаратиб, 4-турда яна ўзи билганича иш тутди.

ПФЛ томонидан белгилаб берилган талабнинг бузилиши ҳисобга олиниб, ЎФАнинг Тартиб-интизом кодексининг 4-боб, 5.57 бандига асосан «Локомотив» футбол клуби ёзма равишда огоҳлантирилди. Бундай ҳол қайта такрорланса, жамоага моддий жарима солинади.

Мавзуга оид