Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Моуриньонинг камбэки ва «Челси»нинг қулашда давом этиши. Англияда тур воқеалари
«Трибуна» Англия премьер-лигасининг 33-тур учрашувларининг асосий воқеаларини келтиради.
Гвардиола: қаторасига иккинчи мағлубият
«Манчестер Сити» - «Манчестер Юнайтед» - 2:3 (2:0)
Голлар: Компани, 25 (1:0). Гундўған, 30 (2:0). Погба, 53 (2:1). Погба, 55 (2:2). Смоллинг, 69 (2:3).
Ўйиндан кейинги флэш-интервью вақтида «Манчестер Сити» устози Хосеп Гвардиолага одатдаги савол берилди: «Бугун нима бўлди?». Мураббий эса кулди ва оддийгина жавоб қайтарди: «Биз 2:3 ҳисобида ютқаздик».
Бу вазиятда у кулгилик эмас, йиғламоқдан бери эди. «Манчестер Сити» биринчи бўлимда «Юнайтед»ни қисмларга бўлиб ташлади, Гвардиоланинг шогирдлари майдоннинг ҳар қисмида тўла устунлик кўрсатишди, «қизил иблислар» эса жуда ёмон ўйин кўрсатишди, «шаҳарликлар» жамоаси мухлислари чемпионликни нишонлашга ҳозирлик кўра бошлашди. Аммо чемпионлик учун иккинчи бўлим бошида икки гол ўтказиб юбормаслик керак эди.
Иккинчи бўлим бошида «Этиҳад»да сочининг бир қисмини кўк рангга бўяган Поль Погба ўзини кўрсатди ва дубль қилиб, ҳисобни тенглаштирди. Кейин эса Смоллинг стандарт вазиятдан гол уриб, жамоасига ғалаба келтирди.
«Танаффусда Моуриньо биз «Сити» чемпион бўлишини томоша қилиб турадиган масхарабозлар бўлмаслигимиз кераклигини айтди», деди ғалаба голи муаллифи ўйиндан кейин микст-зонада берган интервьюсида.
«Юнайтед» кутилмаганда ашаддий рақибини сафарда енгди ва уларнинг ўз майдонларида чемпионликни тантана қилишларига тўсқинлик қилишди.
Лекин ўйиндан кейинги матбуот анжумани вақтида Жозе Моуриньо ҳамкасби Хосеп Гвардиолани чемпионлик билан табриклаб улгурди.
Ҳозирча «Манчестер Сити» чемпионликни қачон ва қаерда тантана қилиши маълум эмас. Жамоа кейинги турда «Тоттенҳэм» меҳмони бўлади, унгача, сешанба куни Чемпионлар лигаси доирасида «Ливерпуль»га қарши муҳим баҳс ўтказилади.
«Челси» қулашда давом этди
«Челси» - «Вест Ҳэм» - 1:1 (1:0)
Голлар: Аспиликуэта, 36 (1:0). Эрнандес, 73 (1:1).
Шарқий ва Ғарбий Лондон ўртасидаги жанг дуранг билан якунланди - «Вест Ҳэм» дарвозабони Жо Ҳартнинг сэйвлари меҳмонларга очко тақдим этди. «Челси» эса бу натижадан кейин Чемпионлар лигаси йўлланмасини берувчи тўртинчи ўриндан 10 очко ортда, шунингдек, қуйидан таъқиб қилиб келаётган «Арсенал» билан орадаги фарқ 3 очкогача қисқарган. «Кўклар» Европа Лигасисиз қолишмаслиги аниқ, аммо бу турнир кимга керак?
«Челси» барча турнирлар доирасида охирги 8 ўйинда фақат 2 ғалаба ва 2 дурангга эришди, яна 4 ўйинда мағлуб бўлинди. Кўриниб турибдики, Антонио Конте «Челси»ни ҳаётга қайтара олмайди. Энди ёзда жамоани катта қайта қуриш даври кутмоқда.
Уэлбекнинг бенефиси
«Арсенал» - «Саутҳемптон» - 3:2 (2:1)
Голлар: Лонг, 17 (0:1). Обамеянг, 28 (1:1). Уэлбек, 38 (2:1). Остин, 73 (2:2). Уэлбек, 81 (3:2).
Ҳамон «Арсенал»нинг умидли ҳужумчиси бўлиб қолаётган Дэнни Уэлбек ниҳоят ўзининг ҳужумчи эканини эслаб қолди. У «Саутҳемптон»га қарши ўйинда аввалига Обамеянгга заргарона голли пас етказиб берди, кейин ўзи ҳам икки гол урди, иккинчи гол жамоаси ғалабасини таъминлади. Габонлик футболчи учун бу ўйиндаги гол Премьер-лиганинг 7 ўйинидаги олтинчи гол бўлди. «Арсенал»нинг янги футболчиси шу руҳда давом этса, мавсумни жамоа тўпурари сифатида якунлаши ҳам мумкин.
Ўйин охирида футболчиларнинг асаблари дош бермай қолди. Уилшер Стивенс билан тўп учун кураша туриб, унинг кийимларини тортқилади. Бунга жавобан рақиб футболчи уни урди. Ўйин ҳаками Марринер Стивенсга қизил, Уилшерга сариқ карточка кўрсатди. Бир дақиқа ўтиб эса «Арсенал» футболчиси Муҳаммад эл-Ненни «Саутҳемптон» футболчисига ташланди ва майдондан четлатилди. Ўйиннинг қолган қисмида ҳисоб ўзгармади.
Кейн ва низоли гол
«Сток Сити» - «Тоттенҳэм» - 1:2 (0:0)
Голлар: Эриксен, 52 (0:1). Диуф, 57 (1:1). Эриксен, 63 (1:2).
11 март куни «Тоттенҳэм»нинг энг яхши тўпурари Ҳарри Кейн жароҳат олиб, май ойигача сафдан чиққанди. Аммо у эртароқ тузалди ва ўтган турда «Челси»га қарши ўйинда захирадан ўйинга қўшилди. Шанба оқшомида «Сток»ка қарши баҳсда у 90 дақиқа ҳаракат қилди ва ҳатто гол ҳам урди, аммо ўйин ҳаками голни Эриксен ҳисобига ёзди. Ҳолбуки даниялик футболчи дарвозага йўллаган тўп йўл-йўлакай Кейннинг елкаси орқали йўналишни ўзгартириб, дарвоза тўрига бориб тушганди.
Ҳужумчи ўзини голдан маҳрум қилишганидан қаттиқ хафа эмас, аммо у твиттерида бу вазиятга муносабат билдирди: «Гол менга ёзилиши керак эди, мен елкам билан уни туртгандим. Умид қиламанки, Гари Линекер ва Алан Ширер BBC эфирида вазиятга ойдинлик киритишади».
Айни вақтда Ҳарри Кейн Англия чемпионати тўпурарлари рўйхатида 24 гол билан иккинчи ўринда бормоқда. Биринчи ўриндаги Муҳаммад Салоҳ ҳисобида 29 гол бор.
Салоҳсиз ва голсиз дуранг
«Эвертон» - «Ливерпуль» 0:0
Ливерпуль дербиси томошабоп ҳам бўлмади, томошабинлар унда гол ҳам кўришмади. «Эвертон» у қадар ғалабага интилгани йўқ, «Ливерпуль» эса ақл билан ҳаракат қилиб, Чемпионлар лигасида «Манчестер Сити»га қарши кечадиган ўйин учун куч сақлади.
Юрген Клопп бу ўйинда Ингз ва Соланкени майдонга ташлади, бу футболчилар ҳужум чизиғида Муҳаммад Салоҳ ва Роберто Фирминьони алмаштиришди. Ўйинда гол ҳам, карточкалар ҳам бўлмади.
Ўйиндан кейин журналистлар қизиллар жамоасининг мисрлик етакчиси ҳолати билан қизиқишди. Клопп эса аниқ жавоб қайтармади: «Менда Салоҳнинг ҳолати ҳақида ҳар 5 дақиқада маълумот бериб турадиган қурилма йўқ. Ҳамма у сешанба куни ўйнайди деб ўйламоқда».
Турнинг бошқа ўйинлари
«Борнмут» - «Кристал Пэлас» - 2:2 (0:0).
Голлар: Миливоевич, 47 (0:1). Муссе, 65 (1:1). Заа, 75 (1:2). Кинг, 89 (2:2).
«Лестер» - «Ньюкасл» - 1:2 (0:1).
Голлар: Шелви, 18 (0:1). Перес, 75 (0:2). Варди, 83 (1:2).
«Уотфорд» - «Бёрнли» - 1:2 (0:0).
Голлар: Перейра, 61 (1:0). Воукс, 70 (1:1). Корк, 73 (1:2).
«Вест Бромвич» - «Суонси» - 1:1 (0:0).
Голлар: Родригес, 54 (1:0). Абраҳам, 75 (1:1).
«Брайтон & Ҳоув» - «Ҳаддерсфилд» - 1:1 (1:1).
Голлар: Лессль, 29 - автогол (1:0). Мунье, 32 (1:1).
Турнир жадвали
Мавзуга оид
13:15 / 15.08.2022
«Арсенал» ва «Сити» 4 тадан гол урди, «МЮ» 4 та ўтказди. Дербида жанжал. АПЛда тур якунлари
21:18 / 13.08.2021
АПЛ қайтмоқда. «Сити» яна чемпионми?
14:21 / 05.10.2020
Моуриньонинг қайтиши ва Клоппнинг яксон этилиши. АПЛда суперякшанба
15:00 / 06.12.2019