Спорт | 14:21 / 05.10.2020
21199
14 дақиқада ўқилади

Моуриньонинг қайтиши ва Клоппнинг яксон этилиши. АПЛда суперякшанба

Англия чемпионатининг 4-тури ҳам кутилмаган воқеалар, сенсациялар ва голларга бой бўлди.

Фото: Reuters

«МЮ» «Тоттенҳэм»га ўз уйида, «Ливерпуль» эса «Астонвилла»га сафарда йирик ҳисобда мағлубиятга учради, турнир жадвалида эса йўқотишларсиз бораётган «Эвертон» етакчилик қилмоқда.

Англия чемпионати. Премьер-лига. 4-тур
«Манчестер Юнайтед» — «Тоттенҳэм» — 1:6 (1:4)
Голлар: Бруну Фернандеш, 2 — пенальти (1:0). Ндомбеле, 4 (1:1). Сон Хин Мин, 7 (1:2). Кейн, 30 (1:3). Сон Хин Мин, 37 (1:4). Орье, 51 (1:5). Кейн, 79 — пенальти (1:6).
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Шоу, Магуайр, Байи, Ван-Биссака, Погба, Матич (Фред, 46), Бруну Фернандеш (Мактоминэй, 46), Марсиял, Рэшфорд, Гринвуд (ван де Бек, 68).
«Тоттенҳэм»: Ллорис, Орье, Санчес, Регилон, Сиссоко, Хейбьерг, Дайер, Ндомбеле (Алли, 69), Сон Хин Мин (Дэйвис, 73), Ламела (Лукас Моура, 46), Кейн.
Огоҳлантиришлар: Ламела, 32. Байи, 63. Шоу, 84.
Четлатиш: Марсиял, 28.
Ҳакам: Тэйлор.
4 октябрь. Манчестер. «Олд Траффорд» стадиони.

Жозе Моуриньо олти ўйиндан буён собиқ жамоасини мағлуб эта олмай келаётганди. Бу эса унга хос ҳолат эмас - у ҳамиша принципиал рақибларга қарши жуда катта иштиёқ билан тайёргарлик кўради. Бу сафарги тўқнашувга португалиялик мутахассис хотиржам тарзда ташриф буюрди, у «Олд Траффорд»га қасос олиш учун келмаганини таъкидлади. «Қанақа қасос? Бу ерда менга ҳеч ким ёмон муносабатда бўлмаган», — дея «МЮ» раҳбариятига мақтов билдирди Моуриньо.

«Шпорлар» жамоаси бош мураббийининг кайфияти аъло даражада экани кўриниб турарди. Бир ҳафта ичида унинг шогирдлари «Челси»ни Англия лигаси кубогидан чиқариб юборди ва Европа лигасида футболга хос бўлмаган ҳисобда ғалаба қозонди - 7:2. Ҳозирги «Тоттенҳэм» ва зерикарлилик — бир-бирига бегона тушунчалар, гарчи ўтган мавсумда прагматик футбол учун Моуриньо танқид қилинган ва Маурисио Покеттино ундан яхшироқ бўлгани ҳақида фикрлар билдирилганди.

Ўйиннинг 30-сониясидаёқ пенальти белгиланиши ва Бруну Фернандешнинг одатдаги каби қайтариб бўлмас зарбаси меҳмонларни издан чиқара олмади. Улар тезда ўйинда бурилиш ясашди ва икки дақиқа ўтиб ҳисобни тенглаштиришди. Магуайр жарима майдонида оддий вазиятда қўпол хатоларга йўл қўйди, Ламеланинг босими остида Шоу ҳам тўпни узоқлаштира олмади, Ндомбеле эса яқин масофадан дарвозани ишғол қилди.

Кўп ўтмай лондонликларнинг одатий услубдаги голи урилди — Кейннинг тўпни олдинга ташлаб бериши ва тезкор Сон Хин Миннинг дарвозабон билан бирга бир чиқиб бориши. Аввалига Ҳарри ва кореялик футболчининг ўрни алмашиб қолгани ҳақида гапиришарди, аммо бу оддий қабул қилинадиган бўлди. Кейн — АПЛнинг жорий мавсумидаги голли узатмалари сонини олтитага етказиб, бу борада етакчи бўлди олди. Яна бир пасдан кейин у ўзининг шахсий рекордини такрорлайди, чемпионат эса энди бошланмоқда.

Шу билан бирга, у снайперлик қобилиятини ҳам унутиб қўймаган. Еврокубок ўйинларидаги ҳет-трик шуни кўрсатдики, у бу мавсумда ҳам тўпурарлар қаторида бўлади ва у буни Манчестерда ҳам исботлади. Соннинг идеал узатмасидан кейин гол урмасликнинг ўзи қийин эди, Соннинг ўзи эса биринчи бўлимда иккинчи голини, жамоасининг тўртинчи голини урди ва буни «қизил иблислар»ни шармандали ҳолатга солиб бажарди, аввалига Орье тўпни Магуайрнинг оёқлари орасидан ўтказди, кейин кореялик ҳужумчи худди шу тарзда де Хеани ожиз қолдирди. «Шпорлар» ўйиндаги ҳисобни ҳоккейча кўринишга олиб бориши кўриниб турарди, бу вақтга келиб рақиб бир киши кам бўлиб қолганди.

Ўйиннинг 28-дақиқасида, ҳисоб 1:2 кўринишида эканида меҳмонлар бурчак тўпи ижро этилаётган маҳалда жарима майдонида Ламела ва Марсиял бир-бирини турта бошлади. Дастлаб аргентиналик футболчи тирсак билан рақибга зарба берди, франциялик ҳужумчи бунга жавоб қайтарди ва рақиб бир сония ўйланиб туриб, кейин газонга ётиб олишга қарор қилди. Ўйин бош ҳаками Энтони Тэйлор ва видеоҳакамлар Ламеланинг гуноҳи фақат сариқ карточкага тортиши, Марсиял эса майдондан четлатилиши керак деган қарорга келишди.

Бу қизил карточка масаласи узоқ вақт муҳокама қилиниши аниқ, лекин бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. «МЮ» ҳимояси бу ўйинда жуда ёмон ҳаракат қилди, айниқса режали ротация доирасида Линделёф ўрнига майдонга тушган Байи энг ёмон ўйинларидан бирини ўтказди. Статистикага қаралса, бундан ёмони бўлиши ҳам мумкин эмас. Премьер-лигада «қизил иблислар» ҳеч қачон бир бўлимда 4та гол ўтказишмаганди, бу уларнинг 1079-ўйинида рўй берди! Ўтмишни кавлаштирсак, бунақа ҳолат АПЛга асос солинишидан аввал — 1990 йил майида «Ноттингем»га қарши ўйинда рўй берган. «Тоттенҳэм» эса охирги марта узоқ 1957 йилда рақиб дарвозасига биринчи бўлим давомида тўрт гол йўллаган.

Биринчи бўлим танаффусида яқин вақтлар ичида «МЮ» билан шартнома имзолаши кутилаётган Кавани фикридан қайтгани ҳақида мемлар пайдо бўлди. Унинг ёши ҳисобга олинса, бу клубнинг трансфер стратегиясини англатмайди, аммо клубдагилар у ёш футболчиларга намуна бўлади, деб ҳисоблашмоқда. Якшанба кунги ўйин бу тўғри фикр эканини кўрсатди, Моуриньода эса барчаси жойида. Ҳатто жамоанинг энг заиф чизиқларидан бири сифатида кўрилувчи Орье бир гол уриб, бир голга узатма берди. Бу ҳали Бэйл майдонда йўқлигида содир бўлмоқда!

Англияда тур чемпионларнинг даҳшатли натижаси билан якунланди.

Фото: Peter Powell/Getty Images

Англия чемпионати. Премьер-лига. 4-тур
«Астон Вилла» — «Ливерпуль» — 7:2 (4:1)
Голлар: Уоткинс, 4 (1:0). Уоткинс, 22 (2:0). Салоҳ, 33 (2:1). Макгинн, 35 (3:1). Уоткинс, 39 (4:1). Баркли, 55 (5:1). Салоҳ, 60 (5:2). Грилиш, 66 (6:2). Грилиш, 75 (7:2).
«Астон Вилла»: Мартинес, Таргетт, Мингс, Кэш (Ал-Муҳаммадий, 80), Конса, Баркли, Грилиш, Макгинн, Дуглас Луис (Накамба, 80), Трезеге (Траоре, 87), Уоткинс.
«Ливерпуль»: Адриан, ван Дейк, Робертсон, Гомес (Жонс, 61), Александр-Арнолд, Вейналдум, Фабинью, Кейта (Минамино, 46), Роберто Фирмино (Милнер, 68), Салоҳ, Жота.
Огоҳлантиришлар: ван Дейк, 38. Дуглас Луис, 46. Накамба, 90+2.
Ҳакам: Аткинсон.
4 октябрь. Бирмингем. «Вилла Парк» стадиони.

Таркибнинг кесилиши
Ушбу ўйин танаффусида Англиядаги энг заҳар тилли инсон Гари Линекер твиттерида шундай ёзди: «Худдики ҳимояда 10 ёшдан кичик мактаб ўқувчилари тургандек». Ўйиннинг бу вақтида «Ливерпуль» «Астон Вилла»га 1:4 ҳисобида мағлуб бўлаётган, шунинг ўзи ҳам ҳалокатдек қабул қилинаётганди. Қизиллар бунгача биринчи бўлимда фақат бир марта 4та гол ўтказиб юборишган — 2015 йил майидаги ўйинда, Стивен Жеррарднинг хайрлашув ўйинида «Ливерпуль» «Стоук Сити» майдонида 1:6 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Бу ўйин арафасида мерсисайдликлар таркиб билан боғлиқ муаммоларга дуч келишганди. «Ливерпуль» жароҳат туфайли Алиссонни йўқотган, Мане эса Тиагу Алькантара ортидан коронавирусга чалинган. Бундан ташқари, қизилларнинг асосий таркибида майдонга тушган футболчиларнинг аксари пайшанба куни Англия лигаси кубоги доирасида «Арсенал»га қарши ўйинда иштирок этган, «Астон Вилла» эса «Стоук»ка қарши ўйинда захира таркибини ўйнатган (бирмингемликлар АПЛ ўйинида таркибни бутунлай янгилашди). Аммо 2:7 ҳисобидаги мағлубиятни оқлаш учун бир неча етакчининг сафдан чиқишидан кўра каттароқ бошқа сабаблар келтириш керак бўлади.

Рикошетлар паради
«Астон Вилла» худди «Ливерпуль» каби мавсумни идеал тарзда бошлади: бирмингемликлар биринчи турни ўтказиб юборишди, аммо кейинги икки ўйинда «Шеффилд Юнайтед» ва «Фулҳэм» мағлубиятга учратилди. Ливерпулдаги учрашувни ҳам «Вилла» омадли бошлади: «Ливерпуль»нинг захира дарвозабони Адриан ўз одатига кўра прессингга дош бера олмай қўпол хатога йўл қўйди.

Биринчи гол ортидан «Ливерпуль» ҳимоясида хатолар серияси кузатилди, бу ўйинда ҳимоя чизиғи одатга хилоф тарзда рақибни олдинроқда кутиб олишга ҳаракат қилди. Учинчи гол — ван Дейкдан рикошет орқали дарвоза тўридан жой олди. Тўртинчиси — жарима зарбаси ижро этилган вақтда сунъий офсайд ҳосил қилишдаги хато туфайли. Бешинчиси — рикошет. Олтинчиси — рикошет. Еттинчиси — яна ҳимоячилар ниманидир ўзгартириш мақсадида олдинга чиқиб кетиши оқибатида рўй берди.

«Астон Вилла» учта голни рикошетдан кейин, қолган тўрттасини — «Ливерпуль» футболчиларининг қўпол хатолари туфайли урди, шундан учта голда тактик хатоларга йўл қўйилди. Футболда қора кунлар ҳам бўлиши ҳисобга олинса, бу мерсисайдликлар учун айнан шундай кун эди. «Ливерпуль»нинг умуман омади келмасди. Шундай бўлсада, «Астон Вилла» барча имкониятлардан гол ура олмади: иккинчи бўлимда Адриан Уоткинс билан яккама-якка вазиятда қутқарди, унинг яна бир зарбаси дарвоза тўсинига тегди. Уоткинс — «Астон Вилла»нинг янги хариди, ўтган мавсумда «Брентфорд» сафида чемпионшипда жавлон урган ҳужумчи премьер-лигада энди учинчи ўйинини ўтказди.

Тўпга эгалик қилиш бўйича 30 фоизлик натижа ва 7 гол
Статистика ҳайратомуз. «Бавария»нинг «Барселона» билан ўйинида ҳам шундай статистика бўлганди ва мюнхенликлар тўлиқ устунликка эга бўлиб йирик ҳисобда ғалаба қозонишганди. Лекин бу ерда акси. «Астон Вилла» ўйин вақтининг фақат 30 фоизида тўпга эгалик қилди ва узатмалар аниқлигида ҳам у қадар яхши натижа кўрсата олмади — 68 фоиз, зарбалар бўйича меҳмонлар фойдасига — 18:14, аниқ зарбалар бўйича — 11:8. Ҳисобни билмасдан туриб, бу статистика асосида уни аниқ топиш имконсиз.

Лекин бу мағлубият ортидан ҳеч ким истеъфога чиқмайди. Агар «Барселона» бутун мавсум давомидаги ўйини билан 2:8 томон келган бўлса, «Ливерпуль»нинг бу 2:7 ҳисобидаги мағлубияти — вазиятдан келиб чиқиб тўғри тушунилади. Қизиллар нари борса 1:3 ҳисобидаги мағлубиятга лойиқ эди, кутилган голлар коэффициентига (xG) кўра шундай.

Шунинг учун ҳам Клопп бу ўтказилган голлардан кейин табассумини сақлаб қолди ва флеш-интервью вақтида ҳам кула олди. «Бу ўйинни таҳлил қилиш осон. Биз жуда кўп хатоларга йўл қўйдик — ҳамма гап шунда. Кўп оддий вазиятларда тўпни рақибга топшириб қўйдик, биринчи ўтказилган голни эсланг. Қолаверса, «Астон Вилла»нинг уч голи рикошетдан кейин урилди. Бу ҳам сабаблардан бири. Аммо рақиб жуда яхши ўйнади, айниқса қарши ҳужумларда», дея изоҳ берди немис мутахассиси.

«Ливерпуль» бу мағлубиятдан тезда ўзига келиши аниқ, аммо бу натижа жамоа тарихида мангуга қолади. Англиянинг амалдаги чемпиони бўлган жамоаси 1953 йилдан буён илк марта бир ўйинда 7 гол ўтказди, «Ливерпуль» билан бу ҳодиса эса 1963 йилдан буён илк марта кузатилди. Англия тарихидаги энг совриндор жамоа бўлмиш «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» тарихда илк марта бир кунда камида 6тадан гол ўтказилиши гувоҳи бўлдик.

АПЛнинг бу тури ҳам голларга бой бўлди ва 10та ўйинда 40га яқин гол урилди.

4 турдан кейин барча ўйинда ғалаба қозонган Карло Анчелотти бошчилигидаги «Эвертон» яккапешқадам, учта ўйинда уч ғалабага эришган ва захирада бир ўйинга эга бўлган «Астон Вилла» иккинчи ўринда, мавсумни кетма-кет уч ғалаба билан бошлаган ва учинчи турда «Сити»ни 5:2 ҳисобида мағлуб этган «Лестер» эса кутилмаганда «Вест Ҳэм»га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, учинчи ўринга тушиб қолди. Артета бошчилигидаги «Арсенал» ҳисобида ҳам 9 очко бор ва жамоа кучли тўртликни якунлаб турибди. «Ливерпуль»да ҳам 9 очко бор, лекин жамоа тўплар нисбатини ёмонлаштириб олгани туфайли (Клопп шогирдлари тўплар нисбати бўйича АПЛнинг энг ёмон жамоалари қаторига тушиб кетди) бешинчи ўринда жойлашган. «Бёрнли», «Шеффилд» ва «Фулҳэм» жамоалари эса 4 турдан кейин бирорта очко олмаган ва мос равишда сўнгги ўринларни эгаллаб турибди.

Мавзуга оид