Ўзбекистон | 17:59 / 10.04.2018
15487
2 дақиқада ўқилади

Вақтинча сақлаш ҳибсхоналарини ертўлаларда ва цокол қаватларда жойлаштириш тақиқланди

Фото: ТАСС

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг қарори (6.04.2018 йилда 1737-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Жиноят содир этишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларни сақлашнинг санитария-гигиена қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжат билан вақтинча сақлаш ҳибсхоналарини (ВСҲ) ярим ертўла ва цокол қаватларга жойлаштириш тақиқланди. Энди уни биноларнинг фақат 1 ва 2-қаватларига жойлаштиришга рухсат этилади.

Эслатиб ўтамиз, ВСҲ фақат ИИВ тизимида мавжуд. ДХХ томонидан ушлаб турилган шахслар мазкур идоранинг тергов ҳибсхонасида сақланади. Ҳарбий хизматчилар эса – гауптвахталарда.

Вазирлар Маҳкамасининг 7.07.2015 йилдаги 184-сон қарори билан ВСҲда сақланаётган шахслар учун маҳсулотлар (озиқ-овқат – таҳр.) ва ашёвий мулк (кийим-бош, пойабзал, кўрпа-тўшак буюмлари ва ҳ.к. – таҳр.) билан таъминлаш нормалари тасдиқланганлиги муносабати билан Санитария-гигиена қоидаларидан тегишли нормалар чиқариб ташланди. Шу билан бирга, Қоидаларда моддий-маиший таъминотнинг (гигиена воситалари – таҳр.) энг кам нормалари тартибга солиниши давом этади. Хусусан, энди эркакларга атир совун берилмайди (50 грамм мумкин эди). Унинг ўрнига хўжалик совунини бериш нормаси 250 граммгача оширилди.

Шунингдек ВСҲдаги тиббий пунктлар (хоналар) учун зарур бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати қайта кўриб чиқилди. Янги рўйхат 60 та позиция: 47 та дори воситаси ва 13 та тиббий буюмдан иборат. Илгариги рўйхатда 54 та позиция (49 та дори воситаси ва 5 та тиббий буюм) бўлган.

Ҳужжат 7.04.2018 йилдан кучга кирди. 

Мавзуга оид