Жамият | 21:29 / 11.04.2018
24713
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия: Салом, мен мусулмонман!

Фото: Al Jazeera

Буюк Британиянинг пойтахти Лондон шаҳри марказида мусулмонлардан қўрқиш ва уларга нисбатан шубҳаланиб қараш (Исломофобия)га қарши халқаро тадбир ўтказилди. Al Jazeera телеканалининг хабар беришича, мазкур тадбир дунё бўйлаб, хусусан Германия, Нидерландия, Франция ва Австрияда ўтказилиши режалаштирилган.

«Милли Горус» ислом жамоаси аъзоларининг айтишича, ҳафтанинг пайшанба куни (12.04.2018) Европа, Австралия ва Канададаги минглаб ёш мусулмонлар шаҳарлар бўйлаб «Салом, мен мусулмонман!» шиори остида ўзларини таништириб тадбирлар уюштиришади. Ислом жамоасининг таъкидлашича, бу ислом динида бўлган шахслар ва бошқа дин вакиллари ўртасида ўзаро дўстликни шакллантиришнинг энг яхши йўлидир.

«Милли Горус» ислом жамоаси президенти Кемал Эргуннинг сўзларига кўра, асосий мақсад ўзаро шубҳа ва қўрқувларни йўқотиш ва дўстликни ривожлантириш, ислом дини дунёдаги энг яхши ва тинчликпарвар дин эканини барчага исботлашдир.

Бу тадбирлар асосан Европа бўйлаб 500дан ортиқ масжидлар атрофида бўлиши режалаштирилган.

Фото: Al Jazeera
Фото: Al Jazeera

Исломий инсон ҳуқуқлари комиссиясининг мустақил сўров хулосаларига кўра, 2016 йилда 2010 йилга нисбатан исломофобия сезиларли даражада ошган. 2017 йилнинг ўзида Германия ва Испанияда яшовчи мусулмонларга нисбатан улардан қўрқиб ва нафратланиб жароҳат етказиш ҳоллари 950тани ташкил этган. Қайд этилишича, ҳужумларнинг аксар қисми аёллар ва болаларга нисбатан уюштирилган.

Мавзуга оид