Спорт | 15:22 / 11.04.2018
8561
5 дақиқада ўқилади

Мўжиза рўй бермади. Клопп ва Салоҳ Гвардиолани издан чиқарди

«Манчестер Сити» ўйинни жуда яхши бошлади, аммо «Ливерпуль»га 3та жавобсиз гол уришнинг уддасидан чиқа олмади. «Қизиллар» сафида яна Салоҳ гол урди, ғамгин Гвардиола эса иккинчи бўлимни трибунада ўтириб кузатди.

«Манчестер Сити» - «Ливерпуль» - 1:2 (1:0)
Голлар: Габриэл Жезус, 2 (1:0). Салоҳ, 56 (1:1). Роберто Фирмино, 77 (1:2). 
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Отаменди, Ляпорт, Бернарду Силва (Гюндоган, 74), Фернандинью, Де Брейне, Стерлинг, Сане, Сильва (Агуэро, 66), Габриэл Жезус. 
«Ливерпуль»: Кариус, Александр-Арнолд (Клайн, 81), ван Дейк, Ловрен, Робертсон, Вайналдум, Окслейд-Чемберлен, Милнер, Мане, Салоҳ (Ингс, 89), Роберту Фирмино (Клаван, 81). 
Огоҳлантиришлар: Мане, 14. Эдерсон, 14. Александр-Арнолд, 29. Бернарду Силва, 30. Роберту Фирмину, 35. ван Дейк, 65. 
Ҳакам: Матеу Лаос (Испания).
10 апрель. Манчестер. «Этиҳад» стадиони. 
Биринчи ўйин – 0:3.

Бир ҳафта муқаддам «Энфилд»да «Сити» автобусига бутилкалар ирғитилганди. Охир-оқибат бу жамоа футболчиларига таъсир қилган бўлиши ва йирик ҳисобдаги мағлубият қайд этилишида, бу «меҳмоннавозлик»нинг ҳам ўрни бўлиши мумкин. 

«Ливерпуль»ни «Этиҳад» аренасида яхши қабул қилишди - жамоа автобуси бемалол ўз жойига етиб келди. Аммо мезбонлар Юрген Клопп жамоаси бунинг эвазига майдонда ён беришини кутган бўлса, қаттиқ адашади.

«Манчестер Сити» барча томондан ва-банкка қўл урди. Ҳужумкор футбол тарафдори бўлган Пеп Гвардиола ноодатий тарзда 3 ҳимоячи билан ўйинни бошлади. Компания захирада қолдирилди, биринчи ўйинда захирада бўлган Бернарду Силва ва Раҳим Стерлинг эса илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди.

Айнан Стерлинг биринчи гол юзага келтирди. Аввалига у қанотда тўпсиз югурди ва ван Дейк билан тўп учун курашда устун келди ва Фернандиньодан пас қабул қилиб, уни қулай вазиятда турган Габриэл Жезусга етказди - 1:0.

Фото: Reuters

Бундай дебют ҳақида Клоппдан бошқа ҳамма орзу қилаётганди. Бир лаҳзада туғилган интрига барчани ҳаяжонда ушлаб турди. «Сити» Кариус қўриқлаётган дарвозани қамалга олди. Бу дарвозага биринчи бўлимдаёқ бир неча гол урилиши мумкин эди, аммо...

Бернарду Сильванинг зарбаси тўсинга тегиб қайтди, бошқа футболчилар ҳам кўп вазиятларни кўкка совуришди. Лекин бўлим якунланиши арафасида ҳакам катта саҳнага чиқди. Кевин де Брюйне тўпни жарима майдонига оширганида Кариус тўпга пешвоз чиқиб, уни уриб юборди, аммо тўп Милнернинг оёғидан ортга қайтди ва Кариуснинг ортида турган Сане тўпга эга чиқиб, дарвозани ишғол қилди. Аммо ҳакам бу вазиятда Сане офсайдда деб топди (у дарвоза чизиғига Кариусдан яқинроқ эди. Аммо тўп Милнердан келганди).

Ўйин давомида бир қанча тўхталишлар бўлгани, фоллар ва карточкалар кўрсатилганига қарамасдан, испаниялик арбитр Лаос бўлимга ярим дақиқа ҳам қўшиб бермади.

Гвардиола эса ҳиссиётларини тийиб тура олмади ва танаффус бошланганида майдонга чопиб чиқиб, ҳакамларга ўшқира кетди ва қизил карточка билан сийланди. У иккинчи бўлимда трибунада жамоаси қай тариқа турнирни тарк этишини томоша қилиб ўтирди.

Фото: Reuters

«Сити» мураббийининг ҳайдалиши ўйиннинг асосий воқеасига айланиши мумкин эди, аммо танаффусдан кейин мезбонлар вазиятни кескин ўзгартира олишмади. Кўп ўтмасдан «Ливерпуль» ўйинга нуқта қўйди. Салоҳ биринчи ўйинда жароҳат олганди, унинг жавоб учрашувида қатнашиши сўроқ остида қолганди, аммо айнан ушбу мисрлик футболчи ўйинга қайтди, у жарима майдонига ёриб кирган Маненинг ҳужумини аниқ зарба билан якунлади, Эдерсон тўпга чиқишда яхши ҳаракат қила олмади. Энди «Сити» 4та гол уриши талаб этиларди.

Фото: Reuters

Ҳали яна ярим соатдан ортиқ ўйин вақти бор эди, аммо кўриниб тургандики, «Сити» вазифани уддалай олмасди. Буни мезбонларнинг ўзи ҳам тушуниб туришарди, улар тушкунликка тушишди ва яна битта гол ўтказишди.

Фото: Reuters

Гвардиола энди Англия чемпионлиги билан овуниб туришига тўғри келади.

Энди биз Салоҳнинг захираси яна қанча вақтга етиши, у бу мавсумда нималарга эриша олишини кутишимиз керак. У ёзда терма жамоа билан жаҳон чемпионатига боради. У жорий мавсумда урган голлар сони 43тага етиб бўлди. Унда навбатдаги «Олтин тўп» соҳиби бўлиш учун яхши имконият мавжуд.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид