Спорт | 13:25 / 16.04.2018
10903
11 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Япония

«Tribuna.Uz» сайти 2018 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиларини таништиришда давом этади. Бугун эътиборингизни кунчиқар юрт - Японияга қаратамиз.

Расмий тили: Япон
Пойтахти: Токио
Бошқарув тизими: Конституцион монархия
Аҳолиси: 126.3 миллион (дунёда 10-ўрин)
Валюта: Иена

ЯПОНИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ

Фото: Articlebio

Лақаби: Самурайлар
Либоси: Кўк-оқ
Конфедерация: ОФК
Сардор: Макото Ҳасебе
Терма жамоа таркибида энг кўп ўйин -  Ясухито Эндо (152)
Энг кўп гол киритган футболчи – Кунисите Камомото (80)
Энг йирик ғалаба: 1967 йил 27 сентябрь. Филиппин – 15:0
Энг йирик мағлубият: 1917 йил. 10 сентябрь. Филиппин – 2:15
Жаҳон чемпионати: 1/8 финал (2002, 2010)
Осиё кубоги: Чемпион (1992, 2000, 2004, 2011)

ТАРИХИ

Фото: Nippon.com

1993 йилнинг 28 октябри. АҚШда ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионатининг саралаш босқичининг сўнгги тури бўлганди шу куни. Сўнгги босқичнинг барча ўйинлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида, бир даврали тизимда ўтказилганди. Асосий рақиби Жанубий Кореяни мағлуб этишни уддалаган сўнгги Осиё чемпионлари Япония терма жамоаси Ироқ терма жамоасига қарши майдонга тушганди ўшанда. Ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба японларни тарихда илк бор мундиал иштирокчисига айлантирарди, Накаяманинг 80-дақиқадаги голидан кейин, ҳаммаси мана шу орзу томон йўналтириб қўйилгандек, фақат соат милларигина Японияни АҚШ йўлланмасидан ажратиб тургандек эди гўё. Аммо... Аслида ҳеч нарса керак бўлмаган Ироқ терма жамоаси ҳужумчиси Жаъфар Салмон ўйин тугашига атиги 20 (!) секунд вақт қолганда ҳисобни тенглаштириб қўяди. Бутун Япония йиғлаганди ўшанда...

Қаттиқ тайёргарлик режими асосида босқичма-босқич Осиёнинг етакчисига айланиб бораётган Япония терма жамоаси барибир кейинги мундиалга боришнинг уддасидан чиқди. Албатта финал босқичида иштирок этувчи жамоаларнинг 24тадан 32тага оширилиши муносабати билан Осиё учун берилган 2 йўлланма 3.5тага чиқарилгани ҳам японларга ёрдам берди. Терма жамоа гуруҳ босқичини 2-ўринда якунлаб (ўша гуруҳда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этган, Япониядаги ўйин 6:3 ҳисобида японлар фойдасига ҳал бўлган бўлса, Тошкентда 1:1 ҳисоби қайд этилган), плей-оффда Эронни доғда қолдириб, Францияга бориш ҳуқуқини қўлга киритишганди.

Япония тарихидаги илк мундиал ўйини Аргентинага қарши кечди. Қаҳрамонларимиз кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатишган, Батистутанинг ягона голи ўйин тақдирини ҳал қилганди. Кейинги ўйинларда эса Хорватия ва Ямайкага кичик ҳисобларда имконият бой берилди, шундай бўлса ҳам илк тажриба ёмон чиқмаганди. Ҳидетоши Наката ва дарвозабон Кавагучи кўпгина мутахассислар томонидан юқори баҳога лойиқ топилди.

Асосий йўналиш 2002 йилга белгиланганди, айнан ўша паллада терма жамоанинг энг кучайган пайтга тўғри келиши олдиндан режалаштириб қўйилганди. Чунки янги асрнинг илк мундиали Осиёда, хусусан Корея ва Японияда ўтказилиши белгилаб қўйилганди. Йўлнинг ярмида биратўла Осиё кубогини ҳам қўлга киритган японлар ҳақиқатан ҳам мундиалга кучли жамоа тақдим эта олишди. Айниқса, Россия, Бельгия, Тунис терма жамоалари жой олган мураккаб гуруҳда 7 очко тўплаб, ғолибга айланишлари кўпчиликни ажаблантирганди. Аммо нимчоракда Японияга омад кулиб боқмади. Туркия терма жамоаси Умитнинг 12-дақиқадаги голи эвазига ғалаба қозонди. Бутун учрашув давомида японларнинг зарба бериш, тўпни эгаллаш ва яна бошқа жиҳатлардаги устунликлари ҳисобда акс этмади.

Кейинги Осиё кубоги ҳам японлар ғалабаси билан якунланди ва албатта мунтазам мундиалда қатнашиш терма жамоа учун анъанага айланиб улгурганди. Германиядаги мундиалда японларга Бразилия, Австралия ва Хорватия терма жамоалари рақиблик қилди. Бўлажак қитъадошлар – Австралияга қарши кечган илк тур барча масалага ойдинлик киритиши ва жамоада қандайдир имконият сақлаб қолиши аниқ эди. Ўйиннинг охирларигача японлар ҳисобда олдинда борди ҳам. Аммо... Энг сўнгги дақиқаларда «соккеруз»лар кетма-кет 3 гол уришнинг уддасидан чиқди. Зико шогирдлари Хорватия билан дуранг ўйнади, ҳеч нарса ҳал қилмайдиган Бразилияга қарши ўйин эса 1:4 ҳисобида пентакампионларнинг ғалабаси билан якунланди. Ўша учрашувдаги энг эътиборли жиҳат эса Роналдонинг икки гол киритиб, бутун жаҳон чемпионатлари тўпурарлигини Мюллердан тортиб олгани бўлганди.

Кейинги икки мундиал саралашида Япония нафақат йўлланмани қўлга киритди, балки ҳар икки сафар ҳам бутун дунёда бўйича ЖЧ йўлланмасини биринчи бўлиб ҳал қилган терма жамоа бўлди. Майдон эгаларидан ташқари, албатта.

Ўз-ўзидан эндиликда японлар жаҳон чемпионатида шунчаки қатнашишни эмас, сўнгги босқичларга етиб боришни режалаштирмоқда. Тўғри, ҳали бу вазифа кўнгилдагидек уддаланяпти деб айтиш қийин. ЖАРда японлар 1/8 финалга чиқиб, 8 йил олдинги натижани такрорлаган бўлишса, (нимчоракда пенальтилар сериясида Парагвайга ютқазилди) Бразилияда гуруҳ масаласи ҳал қилинмади.

БУГУНГИ ЯПОНИЯ

Фото: Р-Спорт

Бир пайтлар, Ҳидитоши Наката Европада ўйнай бошлаганида, оммавий равишда япон футболчиларининг Европага кўчиши ҳали бошланмаган, қайсидир маънода таништирув бўлганди. Кейинчалик эса, айниқса, Бундеслигада япон футболчилари жуда кўпайиб кетди.

Ҳозирги даврни бироз оралиқ палла дейиш мумкин. Европада жуда кўп япон футболчилари мавжуд ва уларнинг аксарияти илдиз отиб, тажриба тўплаб, бир қатор жамоаларда ўйнаб ҳам кўришган. Яъни энди улар ярақлаган юлдуз эмас, бутунлай Европанинг кўз остида бўлган тажрибали футболчилардир.

Премьер Лигада Мая Йошида ва Шинди Оказакини алоҳида таништириб ўтиши шарт эмас. Шинжи Кагава жароҳати туфайли анчадан буён ўйнамаётган бўлса-да, «Боруссия» етакчиси сифатида маълум. Ёшиори Муто («Майнц»), Хиоки Сакаи («Марсель»), Такеши Инуи («Эйбар») каби футболчилар ҳам ушбу мавсумда барқарор ўтказишмоқда. Кейсуки Ҳонда Мексикага, Наготомо «Галатасарой»га ўтиб, гўёки фаолиятларида орқага қадам ташлагандек кўринсалар-да, терма жамоада ҳамон етакчи бўлиб қолмоқдалар.

Умуман олганда, Япония тажрибали жамоа, таркибда 10дан зиёд 30 ёшдан ўтган футболчилар бор, 7 футболчи терма жамоа таркибида 80дан ортиқ ўйинда майдонга тушган. Мисол учун, Ўзбекистон терма жамоасининг бутун тарихи давомида 80дан ортиқ ўйинда майдонга тушган футболчилар атиги 7 нафар эканини эътиборга олсак, японларнинг катта тажрибага эга жамоа эканини кўриш мумкин.    

Март ойининг охирларида Япония икки ўртоқлик ўйини ўтказди. Рақиблар жаҳон чемпионатига чиқа олмаган терма жамоалар бўлса-да, японлар бу ўйинларда муваффақиятли иштирок эта олишмади. Мали билан ўйинда сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолинган (1:1) бўлса, Украинага 1:2 ҳисобида ютқазилди.

Ушбу ўйинларда японларнинг бир қатор етакчи футболчилари иштирок этишмаган бўлишса-да, бу натижалар оқибатида терма жамоани мундиалга олиб чиққан мураббий Воҳид Ҳалилходжич истеъфога чиқариб юборилди. Японлар мундиалга атиги икки ой вақт қолганини ҳам эътиборга олиб ўтиришмади ва муаммони тезроқ ҳал қилишга уринишди. Мана шундан ҳам билса бўладики, Япония учун мундиал шунчаки, қатнашиш эмас.

БОШ МУРАББИЙ

Фото: AFP

Ҳалилходжичнинг истеъфосидан сўнг, кўпчилик бу постни 2016 йилда Япония олимпиячиларини бошқарган Макото Тегурамори эгаллайди, деб ўйлашганди. Аммо бош мураббий этиб, Акиро Ниширо тайинланди. 63 ёшли мураббий ўз вақтида футболчи сифатида ҳам терма жамоа сафида тўп сурган. Мураббийлик фаолиятида у асосан «Гамба Осака»даги 10 йиллик фаолияти орқали таниш.

Ниширо бошчилигида «Гамба Осака» бир марта Япония чемпиони бўлган, 2008 йилда эса, Осиё Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан. Яъни, японларни жаҳон чемпионатида халқаро майдонда ўзига яраша тажрибага эга бўлган мураббий бошқаради.

ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК: ГЕНКИ ХАРАГУЧИ

Фото: Генки Харагучи
Sandals For Goalposts

1991 йилда туғилган. 17 ёшидан «Урава Редс» жамоасида ўзини кўрсата бошлаган ушбу ҳужумчи 2011 йилдан бошлаб терма жамоага жалб қилина бошланган. 2014 йилда эса, Германиянинг «Ҳерта» жамоаси унга ўз эътиборини қаратганди. Шундан сўнг у «Ҳерта» сафида 91 ўйинда майдонга тушди, аммо қишки трансфер ойнасида Бундеслига-2 вакили «Фортуна»га ижарага берилди.

Харагучи айниқса, Япония терма жамоаси таркибида мундиал саралашининг сўнгги босқичида жуда яхши ўйин кўрсатди. Айниқса, дастлабки турларда айнан Хенкининг голлари ёрдамида Япония қимматли очколарни қўлга киритган ва гуруҳдаги вазиятни ўнглашга муваффақ бўлганди. Эсингизда бўлса, Япония дастлабки ўйинни ўз майдонида мағлубият билан бошлаган. Кейинги қаторасига 4 ўйинда эса, Харагучи ҳисобни очган ва ўша голлар Японияни 10 очко олиб келганди.

Муто, Осака, Оказаки каби бизга яхши таниш бўлган футболчилар билан бир қаторда, мундиалда айнан Харагучи ҳам кашфиётга айланиши ҳеч гап эмас.

ЖЧ-2018

Япония терма жамоаси жаҳон чемпионатида Н гуруҳда тўп суради. Шунингдек, Колумбия, Сенегал ва Польша терма жамоалиридан ташкил топган ушбу гуруҳда японларда камида аввалги мундиаллардаги энг яхши кўрсаткичларини (1/8 финал) такрорлаш учун яхши имконият мавжуд. Фақат мабодо гуруҳдан чиқилса, нимчорак финалда Японияни Бельгия ёки Англия каби кучли терма жамоалар мавжуд бўлган G гуруҳи ғолиблари кутиб туради.

«Самурайлар» мундиалдаги илк учрашувни 19 июнь куни Саранскда Колумбияга қарши ўтказади. Қизиғи, японларнинг мундиалдаги охирги ўйини ҳам айнан Колумбияга қарши кечганди. Кейинги босқич масаласини ҳал қилган ушбу ўйинда колумбияликларнинг қўли баланд келганди. Демак ўч олиш имкони туғилди.

Иккинчи ўйин Қозонда Сенегалга қарши (24 июнь) бўлиб ўтса, сўнгги тур 28 июнда Волгоградда кечади. Ўша куни Япония Польша терма жамоасига қарши майдонга тушади. 

Қаҳрамон АСЛАНОВ тайёрлади

Мавзуга оид