Жамият | 18:40 / 17.04.2018
19647
3 дақиқада ўқилади

Талабаларга контракт пулининг бир қисми Ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилиши мумкин

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Қоидаларга мувофиқ Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, Ўзбекистон олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабалар Ёшлар иттифоқнинг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилоти фаолиятида фаол қатнашган тақдирда Ёшлар иттифоқ томонидан моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Моддий ёрдам Ёшлар иттифоқи томонидан тўлов-контракт шакли асосида ўқиш учун тузилган шартнома миқдорининг 35 фоизини тўлаш орқали кўрсатилади. 

Бунинг учун талабалар ҳар йили 20 февралдан кечикмай Иттифоқнинг Ёшлар Кенгашига моддий ёрдам кўрсатилиши тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши лозим.

Аризалар 1 мартдан 5 мартга қадар бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича:

талабага моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Иттифоқнинг Марказий Кенгашига тавсия этиш ҳақида;

талабани моддий ёрдамга тавсия этишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Талабани моддий ёрдамга тавсия этиш рад этилган тақдирда, Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши мажлисининг баёнида муайян талаба нима учун рад этилганлиги сабаблари аниқ кўрсатилади.

Талабаларни моддий ёрдамга тавсия этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда талабаларнинг олдинги ўқув йилидаги (биринчи босқич талабалари учун ўқув йилининг биринчи семестр натижалари) қуйидаги асосий кўрсаткичлари инобатга олинади:

талабанинг Иттифоқ фаолиятидаги (маънавий-маърифий ва жамоат ишларида, Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши, маҳаллий ва ҳудудий кенгашлари, Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан ташкил этилган лойиҳа танловлардаги) фаол иштироки;

талабанинг олий таълим муассасасида белгиланган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши (ички тартиб қоидаларга риоя этилмаганлиги ҳолати фақатгина олий таълим муассасаси ректори томонидан эълон қилинган ҳайфсан олганлиги билан аниқланади, бунда талабанинг талабалик гувоҳномаси ҳамда рейтинг дафтарчасининг йўқотилганлиги учун олий таълим муассасаси ректори томонидан эълон қилинган хайфсан инобатга олинмайди);

талабанинг ўрганилаётган даврдаги ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи. Бунда талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 71 ва ундан юқори фоиз бўлиши лозим. Талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи ўрганилаётган даврдаги ўқув фанлари бўйича ўзлаштириш кўрсаткичлари йиғиндисини ўтилган ҳар бир семестрдаги ўқув фанларининг умумий сонига бўлиш орқали аниқланади.

Иттифоқнинг Марказий Кенгаши талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин ўн банк куни мобайнида олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига моддий ёрдам кўрсатиш пулини ўтказади.

Мавзуга оид