Нетаньяҳу Сурияга ҳужумни Трамп билан мувофиқлаштирган – ОАВ
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан қўллаб-қувватлов олган ва шундан кейингина 9 апрель куни Суриянинг Хомс вилоятидаги авиабазага зарба бериш ҳақида буйруқ берган. Бу ҳақда The Wall Street Journal манбаларга асосан хабар қилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Нетаньяҳу Сурия базасига Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа батареяси етиб келганидан сўнг, дарҳол ҳужум қилиш ҳақида буйруқ берган. Таъкидланишича, батарея у жанговар тайёргарликка келтирилишидан аввал йўқ қилиб ташланган. Шунингдек манбалар хабарига кўра, Исроил самолётлари Эроннинг учувчисиз учар қурилмалари бўлган ангарни вайронага айлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг Хомс шаҳридаги Шайрот ҳарбий аэродромига ҳужум юз бергани, у Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан амалга оширилгани хабар қилинганди. Таъкидланишича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Сурияга сўнгги ҳафта ичида иккинчи марта ҳужум уюштирди. Аввалроқ, Исроилга тегишли иккита F-15 қирувчиси Тифор аэродромига саккизта ракета билан зарба бергани хабар қилинганди.
Сурия расмий ОАВ хабарига кўра, Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Хомс шаҳри яқинида ракеталарни уриб туширган.