Қирғизистон ҳукумати истеъфолари. Сўнгги 8 йилда бош вазирлар қандай кетган?
Бугун, 19 апрель куни Қирғизистон парламенти депутатлари бош вазир Сапар Исаковга ишончсизлик вотумини эълон қилишди. Давлат раҳбари эса уни қабул қилди. «Ата Мекен», «Республика — Ата Журт» ва «Онугуу-Прогресс» фракцияси депутатлари Вазирлар Маҳкамаси истеъфосининг ташаббускори бўлишди.
«24.kg» ахборот агентлиги 2010 йил апрель ойида юз берган инқилобдан сўнг, қирғиз ҳукумати раҳбарларининг барча истеъфолари сабабларига тўхталиб ўтди.
Сапар Исаков (2017 йил август – 2018 йил апрель)
2017 йил август ойида 40 ёшли Сапар Исаков бош вазир қилиб сайланди. Бир неча дадил, аммо амалга ошмай қолган лойиҳалар билан эсда қолди. Уларнинг орасида «Таза коом», «Тундук» ва «Ақлли шаҳар» лойиҳалари ҳам бор.
Сапар Исаков коррупцияга қарши курашиш тизимини барпо қилишга ваъда берган эди. Аммо 6 ой муддат давомида уни йўлга қўйиш амри маҳол эканини таъкидлади. Натижада Қирғизистон депутатлари тарихда илк маротаба ҳукуматга ишончсизлик вотумини эълон қилишди.
Сооронбой Жээнбеков (2016 йил апрель – 2017 йил август)
2016 йил апрель ойида президент аппарати раҳбарининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келган Сооронбой Жээнбеков бош вазир қилиб сайланди.
2017 йил ёзида, СДПК қурултойида у президент лавозимига ягона номзод қилиб кўрсатилганидан сўнг, истеъфога чиқди. 15 октябрда Сооронбой Жээнбеков президент сайловида ғалаба қозониб, Қирғизистон раҳбарига айланди.
Темир Сариев (2015 йил май – 2016 йил апрель)
Темир Сариев 2015 йил май ойида бош вазир лавозимини эгаллади. Бир йилдан сўнг, истеъфо ҳақида эълон қилди. У автомобиль йўлларини қайта таъмирлаш бўйича ўтказилган тендер билан боғлиқ можародан сўнг, шундай қилишга мажбур бўлди.
Низонинг бошида «Қирғизистон» фракцияси собиқ раҳбари Канатбек Исаев турган эди. Айни пайтда, унинг устидан коррупция ва ҳукуматни босқинчилик йўли билан эгаллаш моддалари асосида иккита жиноят иши очилган.
Жоомарт Оторбаев (2014 йил апрель – 2015 йил апрель)
Жоомарт Оторбаев 2014 йил апрель ойида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари бўлди, аммо бир йил ўтгач, Жокоргу Кенеш унинг ҳисоботини маъқуллаган бўлса ҳам, ўз хоҳиши билан истеъфога кетди. Ўз қарорини эса демократия ривожланган жамиятда ҳокимият монополиясига йўл қўйилмаслиги кераклиги билан изоҳлади.
Ўшанда «Ата Мекен» етакчиси Омурбек Текебаев бош вазир истеъфосининг асосий сабаби «Центерра» директорлар кенгаши таркибини ўзгартиришига тўсқинлик қилингани эканини айтди.
Жанторо Сатибалдиев (2012 йил сентябрь – 2014 йил март)
Жанторо Сатибалдиев 2012 йил сентябрь ойида бош вазир бўлди. 2014 йил март ойида Омурбек Текебаев сабабли истеъфога чиқди.
Социалистлар суриштирув ўтказиб, уни Ўш ва Жалолобод вилоятларини тиклаш бўйича ташкил қилинган Давлат дирекцияси раҳбарлиги лавозимида фирибгарликка йўл қўйганликда айбладилар. Натижада бош вазир ўз лавозимини тарк этди.
Омурбек Бабанов (2011 йил июнь – 2012 йил сентябрь)
2011 йил июнь ойида, бош вазир Алмазбек Атамбаев президентлик сайловида номзодини қўйгач, Омурбек Бабанов вақтинчалик унинг вазифаларини бажара бошлади.
2011 йил декабрь ойида парламент коалицияси уни бош вазир лавозимига тавсия қилди. Бабанов 2012 йил 1 сентябрда истеъфога чиқди. Бунга яна Омурбек Текебаев сабабчи бўлди. Айнан у Бабановнинг туркиялик тадбиркорлардан қимматбаҳо отни совға тариқасида олганини ошкор қилди. Натижада, сара инглиз арғумоғи унинг истеъфосига сабаб бўлди.
Алмазбек Атамбаев (2010 йил декабрь – 2011 йил июнь)
2010 йил декабрь ойида Алмазбек Атамбаев бош вазир қилиб тайинланди. Бу лавозимда 2011 йил июнь ойига қадар ишлади. Сўнгра президентлик сайловида номзодини қўйди. 2011 йил 30 октябрь куни сайловда ғалаба қозониб, Қирғизистон президенти бўлди.
Мавзуга оид
13:51
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:39 / 20.11.2024