Жамият | 00:52 / 19.04.2018
13701
2 дақиқада ўқилади

Носируллоҳ даволаниш учун Тошкент шаҳрига келди

Фото: KUN.UZ

Эсингизда бўлса, бир муддат аввал Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Ҳаётхон опа ва унинг ўғли Носируллоҳ учун хайрия акцияси уюштирган эдик. Носируллоҳ 13 ойлигида йиқилиб тушиб, юрмай қўйган эди. Унга ДЦП (болалар нерв системаси фалажи ) ташхиси қўйилиб, ногирон сифатида давлат рўйхатида турар эди. Ҳаётхон опа дори-дармон ва ўғлининг тузалиб кетиши учун керак бўлаётган муолажага қийналиб қолганлиги, яхши инсонларнинг хайрли ишларига муҳтож эканлигини билдириб ўтган эдилар.
Саховатпеша инсонларнинг хайрияси билан етарли маблағ тўпланди. Меҳрибон она ва фарзанд Тошкент шаҳрига келиб, тегишли шифохонада муолажа амалиётини бошлаб юбордилар.
«Ҳайрия қилган инсонлардан Аллоҳ рози бўлсин! Аллоҳ ажрини берсин. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан»-деб таъкидладилар Ҳаётхон опа қувониб.
Суратга олиш ишларимизда инсонларга микрофон бериб, тасмага ёзиш жараёнида овозлари эшитилмоқдами ёки йўқми синаб кўрамиз. Шу чоғда одамлар одатда санашади ёки нима дейман деб айтишади. Бизга оддий сўзлар кифоя, текшириб оламиз. Лекин муштипар онага гапириб кўрингчи, бирор сўз айтиб кўринг дейишимиз билан «Носирхон» деб фарзандини номини айтдилар. Азизлар, она меҳрини қаранг, ажабо. Бу ўткинчи дунёда онадек меҳрибон инсон бўлмаса керак. Оналаримизнинг қадрига етайлик ва орзуманд аёлнинг орзуси ушалиши учун дуода бўлиб турайлик. Барчангизга кун.уз ўз миннатдорчилигини билдиради.
 

Мавзуга оид