Ўзбекистон | 22:37 / 30.10.2020
8969
4 дақиқада ўқилади

Тўққиз кунлик бепул текширув: туғма юрак пороги бор беморлар учун акция ўтказилади

Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази маслаҳат поликлиникасида 2 ноябрдан 10 ноябрга қадар туғма юрак нуқсони бор болаларни бепул диагностика қилиш хайрия акцияси ўтказилади. Бу ҳақда 30 октябрь куни ОАВ ходимлари учун мазкур марказда ўтказилган пресс-турда маълум қилинди.

Қайд этилишича, бепул текширувлар республиканинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистондан келган беморлар учун ташкил этилади. Поликлиника бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Саид Ғанихўжаевнинг сўзларига кўра, эндиликда вилоятларда ҳам туғма юрак пороги мавжуд беморларда жарроҳлик амалиёти ўтказиш имкони яратилмоқда.

«Бутун республика бўйича 2 ноябрдан 10 ноябргача туғма юрак нуқсони бўлган барча беморларни бепул текшириш ва уларга ташхис қўйишни режалаштирганмиз. Бу акция фақат 9 кунгина эмас. Биз ўзимизга режа тузиб олганмиз. Бундай операцияларни ҳамма вилоятларда ўтказишни йўлга қўямиз. Ҳар бир вилоятга масъул гуруҳ ва жарроҳ тайинланган. Гуруҳ шифокорлари ўша ҳудудга чиқиб беморларни қабул қилади, ташхис қўяди ва операция қилади. Касалларга ўзи яшаб турган жойда ёрдам беришга максимал даражада ҳаракат қилинади.

Агарда ўтказилаётган акцияда ҳамма беморни қамраб ололмасак, консультация бериб юборамиз. Вилоятдаги шифокорга беморни операцияга тайёрлаб туриши айтилади ва биз бориб жарроҳлик амалиётларини ўтказамиз.

Душанба кунидан шифохонамиз иш фаолиятини 2 сменага ўтказяпмиз. Биринчи смена соат 8:00 дан соат 14:00 гача бўлса, иккинчи смена соат 14:00 дан соат 18:00 гача бўлади. Акция давомида туғма юрак пороги бор ҳамма беморни бепул текширамиз. Яна шуни айтиш керакки, бундай беморларнинг 90 фоиздан ортиғи шифохонага давлат томонидан кафолатланган ордер билан келади. Уларни текшириш ва операция қилиш давлат ҳисобидан бўляпти», – деди Саид Ғанихўжаев.

Маълум қилинишича, муассаса 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, йилига 750 га яқин туғма юрак нуқсони бор болаларга жарроҳлик амалиёти ўтказиб келинмоқда.

Тиббиёт марказининг туғма юрак нуқсонлари бўлими кардиологи Бунёд Акбархонов бир сменада 40 нафаргача беморга ташхис қўйиш мумкинлигини таъкидлади. У шифохона фаолияти 2 сменада ўтказилса, бу кўрсаткич янада ошишини айтиб ўтди.

«Туғма юрак нуқсонлари сони 90 турдан ошади. Уларнинг бирламчисига эхокардиаграфия, ЭКГ рентген аппарати орқали ташхис қўйилади. Кейинги текширув босқичларидан сўнг, нуқсонга операция тактикалари белгиланади.

Бизнинг шифохонадаги жарроҳлик амалиётида бутун дунёда бажариладиган амалиётларнинг 98-99 фоизи ўзлаштирилган.

Дунё статистикасида Америкада жойлашган «Boston children's hospital» клиникаси туғма нуқсонли юрак порогини операция қилишда энг яхши натижаларга эришиб келмоқда. У ердаги жарроҳлик амалиётларида 99 фоиз яхши, 1 фоиз қониқарсиз натижа қайд этилади. Бизда эса қониқарсиз натижа 2-3 фоизгача туширилган.

Кунига 3-4 нафар бемор операция қилинади. Бир сменада 30-40 нафаргача беморни текширувдан ўтказамиз. Марказимиз раҳбарлари ташаббуси билан уюштирилаётган акция давомида 2 та сменада иш олиб борилади. Бунда текширувдан ўтувчилар сони оширилади», – деди шифокор.

Статистик маълумотларга кўра, дунёда янги туғилган чақалоқларнинг деярли 1 фоизи туғма юрак нуқсони билан туғилади.

Ўзбекистонда йилига 600 минг нафар чақалоқ туғилса, шундан 5000-5500 нафари шундай дард билан дунёга келади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид