Жамият | 18:26 / 23.04.2018
24674
2 дақиқада ўқилади

Бобомурод Абдуллаев иши: судья бошқа экспертиза ўтказилишини маълум қилди

Фото: Facebook/Bobomurod Abdulla

Журналист Бобомурод Абдуллаев ва унинг шериклари сифатида гумонланаётган судланувчиларга нисбатан олиб борилаётган суд ишида адвокат Майоровнинг навбатдаги илтимоси ҳам қаноатлантирилди. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, судланувчи Абдуллаевни ҳимоя қилаётган адвокат Майоров тергов-суриштирув даврида тайёрланган суд экспертиза хулосасини қайта тайёрлаш бўйича судга илтимоснома тақдим этганди.

Судланувчи Абдуллаевнинг фикрича, суд ишини кўриб чиқишда юритилаётган ҳужжатлар жилдидаги мақолалар мазмунан ўзгартирилган, уларнинг барчаси «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси остида мақолаларни ёзган Бобомурод Абдуллаев қаламига мансуб эмас. Шу туфайли суд экспертизасини қайта тайинлаш ўта муҳим вазифа саналади.

Маълумот учун, судья Зафар Нурматов суд экспертизасини қайта тайинлашни қаноатлантириб, муаллифликни аниқлаш, сиёсий моҳиятини таҳлил қилиш ва лингвистик текширув ўтказилиши учун мутахассислар, жумладан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ходимлари ҳам жалб этилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган суд мажлисида давлат айбловчиси Б.Қобилов суд иши жилдидаги ҳужжатларга тикилган мақолаларга ўзгартириш киритилмаганини намойишкорона исботлаб, «Ўзбекистон халқ ҳаракати» сайтида эълон қилинган мақолалар бироз муддатдан сўнг таҳрир қилинганини айтганди. Яъни жилдга тикилган мақола нусxаси сайтда эълон қилинган мақоладан фарқланаётганди. Ахборот хавфсизлиги соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассис Ж.Қаландаров ушбу вазиятга ойдинлик киритиб, сайтдаги мақоланинг асл ҳолатини тиклашга муваффақ бўлди. 

Судланувчи Бобомурод Абдуллаев эса бу турдаги ўзгаришларга унинг алоқаси йўқлиги, етти ойдан буён ҳибсда сақланаётганини маълум қилганди. Шунга қарамай, Бобомурод Абдуллаев сайтларда «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси билан эълон қилинган барча мақолалар унга тегишли эмаслигини қайта-қайта такрорламоқда.

Эндиликда барчаси суд экспертизаси якунига етгач маълум бўлади. Кейинги суд мажлиси 2018 йил 25 апрел куни давом эттирилади.

Мавзуга оид