Жамият | 11:17 / 24.04.2018
29969
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги ЙТҲда вафот этган ва жабрланган фуқаролар Ўзбекистонга олиб келинди

Фото: tengrinews

Жорий йилнинг 21 апрель куни Қозоғистон Республикаси Жамбул вилояти Кордай тумани ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани, бунинг оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жабрлангани хабар қилинганди.

2018 йилнинг 23 апрель куни соат 6:00да Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси вакили бошчилигида 5 нафар жабрланган ва 2 нафар вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ватанга олиб келинди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тошкент вилояти «Ғишткўприк» чегара постида Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари томонидан уларни кутиб олиш ишлари ташкиллаштирилди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари вакилларининг кузатуви билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус транспортида икки нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари Фарғона вилоятига етказилиб, яқин қариндошларига топширилди.

Беш нафар жабрланган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига даволаниш учун жойлаштирилди.

Ҳозирги вақтда Давлат Мадатов (1987 й.т.) ҳамда Бахтиёр Холмирзаев (1994 й.т.) Қозоғистон Республикасининг Кордай туманидаги Марказий шифохонада малакали тиббий ёрдам олишмоқда.

 

Мавзуга оид