Марказий Осиёнинг қайси давлатида тўйиб овқатланмаётганлар улуши юқори?
БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAO Европа ва Марказий Осиё давлатларида тўйиб овқатланмасликнинг энг юқори даражасини қайд этди — у Тожикистон ҳиссасига тўғри келмоқда ва қўшни давлат аҳолисининг ҳар уч нафаридан биттаси тўйиб овқатлана олмас экан, деб ёзмоқда news.tj.
Тожикистонда 2014–2016 йилларда аҳолининг 30,1 фоизи ёки 2,6 миллион киши тўйиб овқатлана олмаган, дейилади FAO’нинг «Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш соҳасидаги ишларнинг аҳволи» ҳисоботида.
Боз устига, ушбу кўрсаткичнинг пасайгани қайд этилган: 2005–2007 йилларда унинг даражаси 40,2 фоиз бўлган. Яъни тўйиб овқатланмасликнинг тарқалганлик даражаси йилига ўртача 1 фоиздан камайиб бормоқда.
Шу ўринда, ЕМА (Европа ва Марказий Осиё) минтақаси давлатлари ичра аҳоли жон бошига ЯИМ Тожикистонда энг паст бўлиб қолмоқда. 2015 йилда у 993 долларни ташкил этган. Бутунжаҳон банки маълумотларига кўра, 2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда бу кўрсаткич 1857 долларни ташкил этган. (Қозоғистонда — 10617$, Туркманистонда — 6933$, Қирғизистонда — 1017$).
FAO таҳлилчиларига кўра умуман олганда, ЕМА давлатларида тўйиб овқатланмасликнинг тарқалганлик даражаси у қадар катта эмас. «1990 йилдан 2015 йилгача минтақа ҳам фоиз улушини, ҳам оч қолаётганларининг абсолют сонини камайтириш юзасидан жуда катта ютуқларга эришган. Лекин ЕМАнинг бир неча давлатларида тўйиб овқатланмаслик даражаси нисбатан юқорилигича қолмоқда. Бу кўрсаткичнинг энг юқори даражаси Тожикистонда қайд этилган», —дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, тўйиб овқатланмасликнинг Молдова (8,5 фоиз), Гуржистон (7 фоиз), Қирғизистон (6,4 фоиз), Ўзбекистон (6,3 фоиз), Сербия (5,6 фоиз) ва Туркманистон (5,5 фоиз) да тарқалганлиги юзасидан хавотир билдирилди.
Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2005–2007 йиллардаги 12,4 фоиздан 2014–2016 йилларда 6,3 фоизга тушган ва 1,9 миллион нафарни ташкил этмоқда.
Озиқ-овқат хавфсизлигининг йўқлиги
Ҳисоботда айтилишича, 2014, 2015 ва 2016 йилларда озиқ-овқат хавфсизлигининг оғир даражада йўқлигини ЕМА минтақасида 14,3 миллион нафар ёши катта аҳоли ўз бошидан кечирган.
Марказий Осиё давлатларида озиқ-овқат хавфсизлиги оғир даражада йўқлиги ҳолатига жами аҳолининг 2,1 фоизи ёки 1 миллионга яқин киши тўқнаш келган.
Тўйиб овқатланмасликнинг бўй ўсишига таъсири
ЕМА минтақасида 5 ёшгача бўлган болаларнинг бўйи ўсишида кечикишнинг энг юқори даражаси ҳам Тожикистонда қайд этилган. 2016 йилга келиб, тўлақонли овқатлана олмаслик натижасида кўрсатиб ўтилган ёшдаги болаларнинг 27 фоизида бўй ўсишида кечикиш кўзга ташланган, дейилади ҳисоботда.
Ушбу ташкилот мутахассислари бўй ўсишидаги кечикиш иқтисодиётнинг турли жабҳаларида унумдорликнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келади ва миллий ривожланишга катта таъсир ўтказади.
Болаларда вазн етишмаслиги
Ҳисоботда Тожикистонда 5 ёшгача бўлган болаларда вазн етишмаслиги даражасининг жуда юқори эканлигидан ҳам хавотир билдирилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) га ҳавола қилинган ҳолда қайд этилишича, «мамлакат даражасида болаларда вазн етишмаслиги ва бўй ўсишининг кечикиши каби муаммоларТожикистон соғлиқни сақлаш тизими учун жиддий муаммолигича қолмоқда. Айни пайтда мамлакатда 5 ёшгача бўлган болаларнинг 9,9 фоизи ёки 100 минг нафари вазн етишмаслигидан қийналишмоқда, бу ЖССТ нормативлари бўйича ўта юқори даражага яқин».
ЕМАнинг бошқа давлатларида бу ёшдаги болаларда вазн етишмаслигининг паст даражаси қайд этилган. Аксинча, ЕМА давлатларининг кўпида болалар ва катталарда ортиқча вазн ва семизлик кенг тарқалаётгани жиддий муаммо сифатида тилга олинган.
Семизлик ҳам муаммо
ЕМА давлатларида ёши катта аҳоли вакилларининг меъёрдан ортиқ овқатланиши ҳам жиддий муаммо бўлмоқда.
2014 йилда ЖССТ маълумотларига кўра, семириш дардига мубтало бўлганлар сони 171,8 миллион нафарни ташкил этган. Мос равишда, 2014 йилда катталарнинг ҳар тўрт нафаридан бири семизликка чалинган, деб ҳисобланган.
Семизликнинг энг кўп тарқалган ҳудуди Жанубий-шарқий Европа (ЖШЕ) давлатлари бўлиб, у ерда семизликка чалинганлар ёши катта аҳолининг 26,9 фоизини ташкил этган (айниқса, Туркия ва Мальтада).
Марказий Осиё давлатларида 2014 йилда семиришнинг нисбатан кам даражаси қайд этилган — 16,4 фоиз. Бироқ 2000 йилдан 2014 йилгача бу ерда семиришнинг энг юқори суръатлари қайд этилган. 2014 йилда Марказий Осиё давлатларида семиришга мубтало бўлган ёши катта аҳоли вакилларининг сони 7 миллион кишини ташкил этган.
ЖССТ маълумотларига кўра, семиришнинг энг паст даражаси Тожикистонда қайд этилган — 10,9 фоиз. Бу кўрсаткич Қирғизистонда — 13 фоиз, Ўзбекистонда — 14,4 фоизни ташкил этади.FAO маълумотларига кўра, ЖШЕ давлатларида семириш касаллигига кўпроқ эркаклар чалинишган бўлса, МДҲ ва Марказий Осиё давлатларида аёллар кўпроқ ортиқча вазнга эга.
Мавзуга оид
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
17:25 / 15.11.2024
2050 йилга бориб Марказий Осиё музликларининг учдан бир қисми эриб кетиши мумкин
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
17:42 / 14.11.2024