Жамият | 15:00 / 28.04.2018
43246
9 дақиқада ўқилади

“Ўш сори отландик...”. KUN.UZ’чиларнинг Қирғизистон сафари тафсилоти (1- қисм)

Ўйлайманки, Қирғизистон сафарига бориб тўплаган маълумотларим сиз учун қизиқ бўлади. Ишонинг, ёнма-ён яшайдиган қўшни давлатда икки кун юриш асносида бир жаҳон янгилик кашф қилдим. Мабодо, узоқроқ жойга бориб қолсам - шеърий достон ёзсам керак.

Маълум бир ҳудудда яшовчи мамлакатлар чегарадош бўлса-да, улардаги бир-биридан фарқли сиёсат, алоҳида қонунлар, танланган тараққиёт йўли ва ислоҳотлар туфайли ўзига хос жиҳатларга эга бўлади. Шунинг учун ҳар бири қўшниларидаги янгиликларни қизиқиб, суриштириб туришади.

Фарғона водийси дея аталмиш ҳудудда - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларига қарашли вилоятлар бор.

Бизнинг бу сафарги борар манзилимиз, Қирғизистоннинг жанубий пойтахти дея аталувчи Ўш шаҳри ва вилояти бўлди.

Андижоннинг Хўжаобод туманида узоқ муддатли танаффусдан сўнг ўтган йили қайта очилган “Дўстлик” божхона чегара постидан ўтишга йигирма дақиқа вақтимиз кетди.

Чегара пости асли алоҳида мавзу бўлиб, биз унга Қорасув бозори ҳақида сўз борганида яна қайтамиз. Қисқача қилиб айтганда, бу постдан кунига 12 мингга яқин одам ва 500дан зиёд транспорт ўтади. Ўзбекистон томонидан қўшни халқ бозорларига мева, сабзавот ва бошқа қишлоқ ҳўжалиги моллари ҳамда оз миқдорда саноат моллари ўтса, Ўш томондан, асосан, Хитойда ишлаб чиқарилган маиший техника жиҳозлари ўтиши минг ғавғолар келтириб чиқаради. Ўзимизнинг божхона ходимларини яхши шароитларда, хушмуомалалик билан зўр ишлаётганига шахсан гувоҳман.

 Ленин ҳалиям бор экан...

Ўш табиати Андижонникидан бироз салқинроқ. Олой тоғ тизмалари яқинлиги сабаб, бу ерга баҳор 20 кун кеч қолади, қиш эса 20 кун олдин келади.

“Дўстлик” постидан ўтибоқ, Ўш шаҳрига кириб борасиз. Йўллари Ўзбекистонникидан фарқ қилади. Уларда ҳали биздаги сингари кенг йўллар қуришга киришилмабди. Кичик-кичик йўллар. Шаҳар ичида эса автомашиналар қатновчи йўллар, асосан, бир томонлама ҳаракатга мослаштирилган.

Маълумки, сўнгги ўн йилликда икки қўшни халқ ўртасида ўзига хос мураккаб вазиятга эга вақтлар ҳам бўлди. Ўшанда икки халқни боғлаб турувчи чегаралар аҳоли учун тақа-тақ беркитилганди. Бозори ва мозори битта бўлган, қуда-анда эл бир-бириникига бориш учун юз баравар узоқ айланма йўл юриб, бир уюм ҳужжат тўплаб алоқа қилган. Яратганга минг бор шукр, ҳозир ундай эмас. Икки давлат раҳбарлари аллақачон бу муаммони ижобий ҳал қилишган.

Биз ҳокимлик дейишга ўрганган муассаса, яъни кентнинг бошқарув идораси - шаҳар мэрияси, деб аталади. Шаҳар ҳокими эса – мэр.

Мэрия олдидаги майдонда охирги 25 йил ораси бизнинг кўзимиз тушмай қўйган, жуда катта ўлчамдаги Ленин ҳайкали турарди.

Бизнинг таажжубимизга мэрия матбуот хизмати раҳбари Талант Канатбек ўғлининг жавоби етарли бўлди: “16 тонналик ушбу ҳайкални бузиш ёки қолдириш ҳақида жуда кўп тортишувлар бўлди. Инсонларнинг катта меҳнати эвазига бунёд этилган ҳайкални қолдиришга келишганмиз. Таъкидлаб қўяй, ушбу Владимир Ильич ҳайкали ҳеч қандай ғоявий кучга эга эмас!”.

Тушундик-ки, қўлини узатиб турган савлатли ҳайкал ғоясиз қолган. Ва биз ҳеч кимга фойда ва зарар келтирмаётган тош шаклни суратга муҳрладик.

Мэрияда...

Шаҳар мэриясига не мақсадда келганимизни билдириш мақсадида кирдик. Қирғизистонда матбуотга эътибор жуда катта эканлиги шу жойда билинди. Мэрия мутасаддилари ўн дақиқа ичида биз учун чиройли қабул уюштиришди. Мэрликнинг алоҳида матбуот хизмати ташкил қилинган бўлиб, унинг раҳбари ўша юқорида сўзини келтирганимиз, соқол қўйган йигит Талант Канатбек ўғли. Ҳокимликнинг бир неча мутасаддилари бизга “хуш келибсизлар”, дея мақсадимиз ва режаларимиз билан қизиқишди. Биз уларга ниятимиз қардош халқнинг яшаш тарзи, қадриятлари ва юртдаги сўнгги йиллар давомида юз берган ўзгаришларни ёритиш эканлигини айтдик. Мутасаддилар нимаки ёрдам керак бўлса, тайёр эканлигини билдиришди.

Уларнинг: “Биз KUN.UZ’ни биламиз ва кузатиб борамиз”, дегани ёқимли бўлди. Режалаштирган жойларга бориш учун “Тойота” микроавтобусини бириктиришгани эса кўнгилни кўтарди.                                      

Шаҳар кўриниши, нарх-наво, маошлар, деярли текин интернет...

Юқорида айтганимиздек, Ўш мамлакатдаги энг йирик шаҳарлар сирасига киради. Унда расмий маълумотларга кўра, 250 минг (норасмий маълумотларга кўра 500 минг) аҳоли истиқомат қилар экан. Ўшнинг барча кўчалари дарахтларга бурканган. Шаҳарда 13 та миллат маданий маркази мавжуд. Дарҳақиқат, кўпмиллатли кент.

Шаҳарни кезар экансиз, турли давлатларда чиқарилган автомобилларни кўрасиз. Кўчаларда, асосан, япон ва немис машиналари ҳаракатланяпти. Баъзи-баъзида такси сифатида фойдаланилаётган ўзимизнинг “RAVON” кўриниб қолади. Ўшда метан газ қўйиш шохобчалари умуман йўқ экан. Фақат бензин.

Мана шу жойда бироз нарх-наво ва ижтимоий соҳа ходимларининг ойликларига тўхталамиз. Энг кам иш ҳақи, деган нарса уларда йўқ. Ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг  ўртача маоши 14 минг қирғиз соми атрофида. Изоҳ бериб ўтамиз - 1 қирғиз соми – бизнинг ўзбек сўмида 125 сўм бўлади. 14 минг сўм маош бу - 200 АҚШ доллари атрофида ёки 1 млн. 750 минг ўзбек сўмига тенг.

Шаҳарда 56 мактаб бўлиб, улардан 23 таси хусусий таълим даргоҳларидир. 52 та боғчанинг ҳам тенг ярми хусусий экан. Ўз фарзандини хусусий боғча ёки мактабда ўқитмоқчи бўлган ота-она 3 мингдан 10 минг сомгача пул тўлайди.

Бензиннинг бир литри 40 қирғиз сомига қуйилади. Мол гўшти 1 кг. 315 сом (ўзбек сўмида 35 минг), шакарнинг килоси 50 (5500), сутнинг литри 30 сом.

Ўш кўчалари жуда озода. Ҳаммаёқда чиқинди қутилари. Кўчасида сигарет қолдиғи ёки писта пўчоғини излаб топа олмайсиз. Энг қизиғи, автомобиль эгалари жуда маданиятли экан. Икки кун юриб, бир-бирига аччиқ қилиб сигнал чалган шофёрни кўрмадик.

Табиийки, Ўш ҳудудига ўтишимиз билан уяли телефонларимизда алоқа узилиб қолди. Ҳамроҳларимизга: “Қаердан сим-карта олишимиз мумкин?”, деган саволни бердик. Улар: “Исталган савдо дўконидан”, деб жавоб беришганида таажжубландик. Кўчадаги ҳар қандай дўкондан ҳеч қандай ҳужжатсиз, худди сақич харид қилгандек уяли алоқа компаниясининг сим-картасини олишингиз мумкин экан.

Ишонмаслигингиз мумкин, 40 қирғиз сомига, (ўзимизни валютада 5000 сўм бўлади) 4 гб. интернет ва тармоқ ичида бепул сўзлашувлар берилар экан. Яна интернет тезлиги 4G. Қизиғи, юқори тезликдаги лимит тугагач, 3G тезликдаги интернет текин.

Тошкентнинг СУ-50, 12 - трести Ўшда нима қуряпти?

Ҳамроҳларимизга шаҳар марказида Ўзбекистон томонидан мактаб қурилаётган жойга бориш таклифини айтдик. Улар йўл бошлади.

Ўтган йили апрель ойларида Ўзбекистон томонидан Ўшда мактаб бунёд этилиши ҳақидаги хабарни эшитганимиз бор. 1.11 гектар жойда қад ростлаётган мактабда иш қизғин. Тошкент шаҳридаги СУ-50, “Трест-12” қурилиш ташкилоти иш юритувчиси лойиҳа билан таништирди. 650 ўринли кўркам ва замонавий мактабда керакли барча нарса бўлади: спорт ва мажлислар зали, меҳнат хоналари, шифокор хонаси, ошхона ва ёзги спорт комплекси. Шунингдек, уч қаватли бинонинг ҳар бир қаватида лаборатория ва устахоналар жойлашади.

“Барча бинокорларимиз Тошкентдан. Қурилиш материаллари Ўзбекистондан келтирилади. Қайси иш бажарилишига қараб бригадаларни чақирамиз”, - дейди ташкилот иш юритувчиси. Бинода ҳозир коммуникация тизимини яратиш ва пардозлаш ишлари кетяпти. Мазкур таълим даргоҳини шу йил ёзда битказиш режалаштирилган экан.

Қўшни бўлса ҳам ўзга мамлакатда ўз юртдошларингни кўриш, барибир бўлакча. Ўзбекистондан янги ўқув йилига туҳфа қилинадиган мактаб муҳим ва жуда керакли. Мазкур савобли иш халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилиши аниқ.

Рости, мақолам чўзилиб кетди... Шундай экан, ҳозирча сафаримизнинг биринчи куни ҳақидаги ҳикоямни якунлайман. Сафар таассуротларининг иккинчи қисмида эса сизга янада кўп янгилик берувчи маълумотлар бор.

P.S: “Қорасув” бозорига борганимиз, биздан илгарилаб кетган қирғиз футболи, “Сулаймон” тоғи, Ўш телеканаллари сони, Ўшда урф бўлган ўзбек сақичи ҳақида кейинги сафар гаплашамиз. Мақола номи ҳам улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Ҳинд сори юзландим...", рубоийсига уйғун этилгани ҳам бежиз эмас...

Элмурод Эрматов,

KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид