Жаҳон | 10:09 / 30.04.2018
7317
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея КХДРга қарши ташвиқотда қўлланган радиокарнайларни олиб ташлайди  

Фото: Reuters

Жанубий Корея 1 май кунидан қуролсизлаштирилган ҳудудда ўрнатилган ва асосан Шимолий Кореяга қарши “психологик уруш” олиб бориш учун қўлланган радиокарнайларни олиб ташлайди. Бу ҳақда 30 апрелда Жанубий Корея мудофаа вазирлиги маълум қилди.   

Радиокарнайларни олиб ташлаш ҳақидаги келишувга 27 апрелда Шимол ва Жануб ўртасида ўтган саммитда эришилган. 

“Қуролли кучларимиз Пханмунжом декларациясида кўзда тутилган чоралар доирасида биринчи чора сифатида 1 майдан ҳарбий-демаркацион чизиқда ўрнатилган радиокарнайлар батареясини олиб ташлашни бошлайди”, деб айтилган Жанубий Корея мудофаа вазирлиги хабарида.

Бироқ мудофаа вазирлигининг расмий сайтида бу ҳақда ҳеч қандай маълумот жойлаштирилмаган.

Сеул радиокарнайлардан иборат 34 та батарея ёрдамида 2016 йилда икки давлат ўртасидаги ҳарбий-демаркацион чизиқ бўйлаб тахминан 10та нуқтадан Пхеньянга қарши ташвиқот олиб борган. Ўз навбатида, Пхеньян бунга жавобан Жанубий Корея ташвиқоти овозини ўчириш учун ўз радиокарнайларини ёққан. Шимолдан ҳам ташвиқот 10та нуқтадан олиб борилган. 

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид