Никоҳ ва оила: қонун ҳужжатлари самаралими?
Ўзбекистон Оила кодекси турмушда мустақил эр-хотиннинг тенглигига ва улар ҳаётида бошқа қариндошларнинг аҳамияти камлигига асосланган замонавий оила моделига қурилган. Бундай қонунчилик Ўзбекистондаги оилавий турмушни самарали тартибга сола оладими – Norma шарҳида шу ҳақда сўз юритилган.
Биздаги оилалар қандай хусусиятга эга
Биз, Ўзбекистон фуқаролари, умуминсоний қадриятларни ҳурмат қиламиз, бироқ турмушда ўзига хос халқмиз. Бу никоҳ ва оила муносабатларида айниқса кўзга ташланади. Бозор иқтисодиёти шароитида, Европа намунасига таяниб ишлаб чиқилган оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида буткул бошқа даврда, умуман бошқа сиёсий ва иқтисодий шароитда юзага келган анъаналарга амал қилишда давом этмоқдамиз. Содда қилиб айтганда, аждодларимиздан мерос қолган оила масалалари борасидаги қарашларимиз қонунда тавсифланган моделдан бироз фарқ қилади.
Оилага турлича қарашлар ҳақида ўтган аср бошида А.Қодирий ёзган, сўнг совет даврида фикр билдирилган. Кўп хотинлилик, эрта ва мажбурий никоҳлашлар эътибор марказида бўлган. Ҳуқуқий чоралар билан ушбу салбий ҳолатларга барҳам беришга эришилди. Улар ҳозир ҳам назарда тутилган:
• Жиноят кодексида – 126-модда (кўп хотинли бўлиш), 136-модда (аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш), 128, 129-моддалар (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш);
• Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда – 47-3-модда (никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш).
Бироқ кўп жиҳатларда оиладаги анъанавий турмуш тарзи сақланиб қолган. Унда аввалгидек:
• ҳамма ишда ўзидан катта авлодга бўйсунилади, шу жумладан улар фарзандлари учун турмуш ўртоғини маъқул топиш (танлаш), уларга ва турмуш ўртоқларига қандай йўл тутиш ҳақида кўрсатмалар беришга маънавий жиҳатдан ҳақли саналади;
• эр-хотин ўртасида фақат никоҳ эмас, балки эр-хотиннинг оилалари ўртасида амалда битим тузилади, бу аниқ мулкий мажбуриятларни юзага келтиради;
• турли авлодлар биргаликда яшагани учун оила мулки фақат эр-хотиннинг мол-мулкидан иборат эмас, маиший даражада ота-она мулки ва фарзандларнинг мулки деган тушунча йўқ;
• кўп фарзанд кўрадилар, шу сабабли аёл жинси катта уй хўжалиги ташвишларини зиммасига олиб, мустақил даромад манбаига эга бўлмайди;
• оиланинг моддий таъминоти эр ва эркак жинсидаги катта қариндошлари зиммасида, бунинг натижасида оилада эркак шак-шубҳасиз устун саналади;
• оила ҳаётида жамоатчилик (масалан, маҳалла) кенг иштирок этади ва ҳ.к.
Совет даври қонунчилигида ҳам анъанавий оила ҳаётидаги ўта муҳим масалаларни тартибга солиш йўлини топиш учун бошқа вариант танланган эди. Замонавий модель бўйича қандай бўлиши кераклиги белгиланиб, анъанавий оилаларда юзага келадиган кўпгина ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинмай қўя қолинган эди.
XX асрда ушбу қарор оқибатлари унча кўзга ташланмаган бўлса, XXI аср бошида жамиятимиз ўз тарихида илк бор кўп сонли никоҳ бузилиши ҳолларига тўқнаш келди. Муаллифнинг фикрига кўра, бу кўп жиҳатдан кўплаб ижтимоий жараёнларни ўз ҳолига ташлаб қўйган, қонунчиликка хато ёндашув оқибатидир. Чунончи, ажралишлар сабаблари хусусида судьялар билан суҳбат юритганда оиладаги энг жиддий низолар аксарият ҳолларда эр-хотин ўртасидаги муносабатларга кўп ҳам боғлиқ бўлмай, бошқа қариндошлар билан ўзаро муносабатлардан ва бошқа маиший турмуш масалаларидан келиб чиқишини айтадилар.
Давлат ушбу вазиятдан чиқиш ниятида тўй ўтказиш жараёни шу қадар қимматга тушмаслиги учун уни тартибга солишга уринмоқда. Шунингдек ажралиш таомилларини мураккаблаштириш таклиф этилмоқда. Яъни қонунчиликда йўл қўйилган камчиликлар қисман тўлдирилмоқда. Қабул қилинаётган чоралар зарурлигини инкор этмаган ҳолда оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ўзи ислоҳ қилишга муҳтож деб ҳисоблаймиз.
Қуйида «анъанавий турмуш тарзи билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бирикуви» принципига асосланган айрим таклифлар келтирилган.
Никоҳ тузиш шартлари
Оила кодексининг (бундан кейин – ОК) 14 ва 15-моддаларига мувофиқ, никоҳ ихтиёрий равишда никоҳ ёшига (эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш) етгандан сўнг тузилади. Муҳим қарор устида ўйлаб кўришлари учун никоҳланаётганларга ариза берилган кундан бошлаб 1 ой вақт берилади (ОКнинг 13-моддаси).
Ҳатто никоҳ расман расмийлаштирилмаган бўлса ҳам, никоҳ ёши тўғрисидаги талабни бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (бундан кейин – МЖТК) 47-3-моддасига биноан катта жарималар белгиланган. Катта ёшли эр (хотин) учун – 10 ЭКИҲгача, ота-оналар учун – 15 ЭКИҲгача, диний маросим ўтказган учун – 20 ЭКИҲгача. Эрга тегишга мажбурлаш эса жиноий жавобгарликка олиб келади (ЖКнинг 136-моддаси).
Бироқ амалдаги нормалар барча муаммоларни ҳал эта олмайди.
Биринчидан, инсонлар ўртасидаги ижобий эмоционал алоқалар – мустаҳкам оила қуришнинг энг муҳим шарти. Бир-бирини яхши билмайдиган одамлардан жамият ячейкасини барпо этиш имкони камаяди. Шу сабабли ариза берилган кундан бошлаб бир ойлик қисқа кутиш муддати ота-оналар хоҳишига кўра тез никоҳдан ўтиш имконини беради. Бу масалада катта авлоднинг ижобий ролини инкор этмаган ҳолда бу муддат буткул номақбул саналади ва оширишни талаб этади. Айниқса никоҳланаётганларнинг учрашувлари ҳам тартибга солинганлиги ва миқдори чекланганлигини инобатга олсак. Томонлар бир-бирларини яқиндан билишлари лозим.
Бундай чора Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида(2.02.2018 йилдаги ПФ–5325-сон Фармонга 7-илова) назарда тутилган. Батафсил – бу ерда. Муаллифнинг фикрича, ариза бериш билан никоҳни рўйхатдан ўтказиш ўртасидаги муддат камида 6 ойни ташкил этиши керак.
Иккинчидан, жамиятда ёшлар унгача оила қуриши шарт бўлган ва ундан кейин эрга тегмай/бўйдоқ қолиш уят саналадиган муайян ёш чеклови ҳақида фикр ўрнашиб қолган. Кўпчилик «вақт келганлиги» учунгина уйланади (эрга тегади). Бунда қонунчиликда никоҳланаётганларнинг бандлиги ва моддий аҳволи ҳисобга олинмайди.
Эрта никоҳдан ўтган аксарият ёшлар ота-онаси у ёқда турсин, ўзларини, эри (хотини), болаларини моддий таъминлашга ҳали тайёр бўлмайди. Замонавий ижтимоий-иқтисодий шароит ана шундай. Ўрта мактабда мажбурий 11 йиллик ўқиш жорий этилиши оқибатида ўзбекистонлик ёшлар кечроқ – ўрта ҳисобда 20–22 ёшда касб-ҳунар таълими олишларини ҳам инобатга олмоқ зарур (илгари фуқароларнинг аксарияти 19 ёшга келиб коллежларда касб эгаси бўлар эди). Яқин орада 18–19 ёшда мустақил ҳаётга қадам қўйишнинг амалда имкони қолмайди.
Шу сабабли никоҳ ёшини камида 21 ёшгача ошириш мақсадга мувофиқдир.
Учинчидан, бўлажак эр/хотин танлашга анъанавий равишда ота-оналар, бошқа қариндошлар, қўшнилар (номзод ҳақида маълумот тўплашда) ва ҳатто иш берувчи (давлат хизматчиларининг қариндошларига қўйиладиган айрим талаблар бобида) катта таъсир кўрсатади. Шу сабабли ОКнинг 14-моддасига (никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги) кўпинча амалда тўлақонли риоя этилмайди.
Шу билан бирга ЖКнинг 136-моддаси ва у бўйича жавобгарликка тортиш жиноий-процессуал тартибида нуқсонлар мавжуд. Чунончи, эрга тегишга ҳар қандай мажбурлашга дарҳол жиноят сифатида қаралади. ЖПКнинг 325-моддасига кўра эса бу ҳолда жабрланувчининг ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмагунча жиноят иши қўзғатишга йўл қўйилмайди. Натижада қаҳри қаттиқ ота-она устидан ҳам ариза келиб тушмайди, ички ишлар органлари ва маҳалланинг эса ҳодисани индамай кузатишдан ўзга чораси қолмайди.
Бундан ташқари, фақат аёлларга никоҳ тузишга мажбурлашдан жабрланган киши сифатида қаралади. Турмуш ўртоғини танлаши чекланадиган йигитларнинг ҳуқуқларини қонун ҳимоя қилмайди.
Шу муносабат билан жисмоний куч ишлатган ҳолда никоҳ тузишга мажбурлаш жиноий тартибда жазоланишини белгилаш зарур. Бошқа барча мажбурлаш турлари учун маъмурий жавобгарлик тайинланмоғи лозим. Бунда нафақат жабрланувчининг, балки бошқа шахсларнинг аризасига кўра ҳам маъмурий жазо белгиланиши керак. Масалан, қўшнилар ва маҳалла оқсоқолининг. Бундан ташқари, фақат аёллар жабрланувчи сифатида тан олинмаслиги даркор.
Эр-хотин ва уларнинг қариндошлари ўртасидаги мулкий муносабатлар
Эр-хотин ўртасидаги мулкий муносабатлар ҳақида сўз юритганда биргаликда орттирилган мол-мулк ва унинг бўлиниши тилга олинади. Бу ҳақда кўп ёзилган. Шу сабабли бошқа жиҳатларни кўриб чиқамиз.
Биринчидан, аёл иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда мустақил бўлмоғи лозим деган нуқтаи назарни барча фуқаролар ҳам қўллаб-қувватламайдилар. Айни оиладаги ички сабабларга кўра (асосан эри ёки унинг қариндошлари талабига кўра) кўп аёллар ўқиши, иши ва карьерасидан воз кечади. Шу тариқа, аёл уй бекасига, иқтисодий жиҳатдан эса – бировнинг қарамоғидаги кишига айланади.
Касбий малакасини йил сайин йўқотиб борадиган уй бекасининг ҳолига ҳавас қилиб бўлмайди. Уни боқишдан бош тортганларида ёхуд никоҳи бузилган тақдирда оилани деб ишидан воз кечган аёлнинг пул топиши қийин бўлади, тирикчилик қилишга маблағи бўлмайди. ОКнинг 117-моддасига мувофиқ эр хотинига (шунингдек хотин эрига) моддий ёрдам бериши шарт бўлса ҳам, у меҳнатга лаёқатсиз, ҳомиладор бўлса ёхуд 3 ёшга тўлмаган болани ёки 18 ёшга тўлмаган ногирон болани (бола I гуруҳ ногирони бўлганда 18 ёшгача бўлиши ҳақидаги шарт қўлланилмайди) парваришлаётган бўлсагина алимент олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Эр-хотинлардан бири бошқасининг талаби билан даромад манбаидан воз кечганда, башарти рад жавоби берган меҳнатга лаёқатли эр (хотин) меҳнат биржасида рўйхатдан ўтган бўлса, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлишини қонун даражасида белгилаш зарур. Бу ҳолда бандликка кўмаклашиш органлари муносиб иш таклиф этадиган пайтгача алимент тўлаш, мазкур асосга кўра уни тўлаш мажбуриятларини собиқ эр-хотинларга нисбатан ҳам татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир.
Иккинчидан, эр-хотиннинг битта турар жой майдонида прописка қилингани амалиётда жиддий муаммо ҳисобланади. Квартира ёки уй эр-хотинлардан бирига эмас, балки бошқа шахсларга (кўпинча уларнинг ота-оналарига) тегишли бўлганда масала мураккаблашади.
Гап шундаки, Уй-жой кодексининг 32-моддасига мувофиқ, келинлар уй ёки квартира мулкдорининг (қайнота ёки қайнонанинг) оила аъзоси деб тан олинмайди. Ундай бўлиш учун улар қайнота ёки қайнона билан умумий хўжалик юритишлари ва уларнинг турар жойида албатта рўйхатдан ўтган бўлишлари шарт. Фақат шундагина оилавий муносабатларга барҳам берилганда улар турар жойдаги хоналардан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Паспортда рўйхатдан ўтганлик штампи бўлмаса, биргаликда хўжалик юритгани, шу жумладан уй ишларини бажаргани яшаб қолиш ҳуқуқини сақлаш учун асос бўла олмайди.
Шу тариқа, рўйхатдан ўтиш ҳақидаги талаб – қариндошликни тан олмаслик ва турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини олишга тўсқинлик қилиш учун расмий дастак. Аслида эса келинларни турар жойда яшашга қўядилар, биргаликда хўжалик юритадилар ва ҳатто уни кўпайтирадилар. Шу сабабли муаллиф уй-жой қонунчилиги контекстида рўйхатдан ўтказиш ҳақида талаб қўймай, биргаликда яшаганлиги ва умумий хўжалик юритганлиги далили асосида қариндошликни тан олиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Учинчидан, Ўзбекистонда никоҳ шартномалари кам учрайдиган ҳолат деб ҳисоблаш нотўғри. Ҳар гал анъанавий миллий никоҳ тузиш чоғида иккала оила вакиллари «фотиҳа тўйи» доирасида муайян келишув тузадилар. Бироқ бу шартномалар юридик аҳамиятга эга бўлмайди.
Сабаби – никоҳ шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши лозим (ОКнинг 30-моддасига қаранг). Бунда Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада унинг тузилиши батафсил тартибга солинмаган, фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари эса бундай шартномаларни тасдиқлаш ҳуқуқига эга эмас (Фуқаролик кодексининг 137-моддаси, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига қаранг).
Шу сабабли мазкур жой анъана ва удумларини ҳисобга олувчи намунавий никоҳ шартномаларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ кўринади. Унда, айтайлик, никоҳни бекор қилиш ташаббуси билан чиққан томон бошқа томоннинг тўй тантаналарини ўтказишга сарф-харажатларини қоплаб бериши шартлигини кўрсатиш мумкин. Бу баъзан томонлар бир-бирини ортиқча харажатга туширишидан тийдирувчи салмоқли омил бўлар эди.
Бундан ташқари, фуқаролар йиғинлари оқсоқолларига бундай шартномаларни тасдиқлаш ваколатини бериш зарур. Бунда анъаналарга риоя этиш мақсадида нафақат никоҳланувчилар, балки уларнинг номидан – фуқаролар йиғини оқсоқоли тасдиқлаган ишончнома асосида ота-оналари ва бошқа қариндошлари бундай битимларни тузиш имконига эга бўлишига рухсат бериш мумкин
Қонун чиқариш ташаббуси билан чиқувчи субъектлар кўп масалаларни синчиклаб кўриб чиқишларига тўғри келади. Бироқ бир нарса аниқ – Оила кодексини такомиллаштириш вақти келди.
Мавзуга оид
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
15:52 / 25.10.2024
Малайзияда аёл касал эрига 6 йил ғамхўрлик қилди, аммо эркак соғайгач, уни ташлаб кетди
17:49 / 23.10.2024
Сенат янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
13:50 / 11.10.2024