Жамият | 12:10 / 08.05.2018
25207
2 дақиқада ўқилади

Вазир томонидан намунали уйлар ўз эгаларига топширилди

Сўнги йилларда давлат томонидан Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш, оила аъзоларининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича амалий ишлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий муҳофазага қаратилган мазкур чора-тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг оилаларини яшаш шароитларини яхшилаш имконини бермоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун уй-жой қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2017 йилнинг ўзида 56 та кўп қаватли уй-жой қурилди. Уй-жой бинолари намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган бўлиб, 2018 йилда ана шундай уйларнинг 100 таси қурилиши кўзда тутилган. 

Жорий йилнинг 6 май санасида пойтахтнинг Яшнобод тумани «Олмос» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилган 540 хонадондан иборат кўп қаватли янги уйлар 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида ўз эгаларига топширилди.
 
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Абдусалом Азизов очиб берди. Сўнги пайтларда президент томонидан ватан ҳимоячиларининг ижтимоий ҳимояси масалаларига юксак эътибор берилаётганини таъкидлади. Шарафли касб эгаларининг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш, эл-юрт хизматидаги инсонларнинг зиммасидаги вазифаларни хотиржам бажаришлари учун барча қулайликлар яратилаётганини эътироф этди. 

Тантанали маросимда оила соҳибларига хонадон калитлари топширилди. Уйлар эгалари ҳамда Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари учун туман ҳокимлиги томонидан байрам дастурхони ёзилди.

Мавзуга оид