Спорт | 00:50 / 10.05.2018
16903
6 дақиқада ўқилади

Япония сафари

Ҳар бир миллатда маъноси мард, жасур деган исмлар бор. Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам узоқ ўтмишига назар ташлар экан, босиб ўтган йўллари шу сўзга монанд кечганини кўради. Узоқ йиллик фаолиятини эслаб роҳатланади.

Аслида, ҳаммаси кичик қаҳвахонадан бошланди. Жасур болакай отасига ёрдам берарди. Стаканларни артар, келганларга тамадди олиб борарди. Туғилган маскани кичик шаҳар бўлгани учунми, деярли ҳамма мижоз унга таниш бўлиб қолганди. Деярли барчанинг оғзида бир масала — футбол. Таъсир ана шундан бошланди.

Фото: Life Bogger

Жасурлиги исмидан жисмига ўтаётган болакай футбол ҳақидаги тортишувлар билан яшади. Стаканни арта туриб, суҳбатдошларга маҳлиё бўлиб қоларди. Унга ана шу давр футбол тактикаларини таҳлил қилишни, футбол ўйинидаги чизмаларни мулоҳаза қилишни ўргатди. Ишдан чиқиб қатнайдигани — шахмат тўгараги ҳам унга бу масаладаги иштиёқини янада оширишга хизмат қилди.

Шаҳрининг марказида жойлашган Университетни тамомлади. Иқтисод бўйича магистрни ёқлади. Инглиз, француз, немис, итальян, испан ва япон тилларини яхши ўрганди. Бу унга кейинчалик наф берди. Соҳаси бўйича эмас.

Футболчилик фаолияти у қадар нурли эмас. «Мютциг» деган ўта заиф жамоа ё «Мюлуз» билан фахрлана олмайди-ку, тўғрими? Энг катта ўйнай олган жамоаси Франциянинг Страсбур клуби бўлган. Бўлди.

Уч мавсум давомида 12 бора рақиб дарвозасини ишғол этгани ҳам арзирли натижа эмас. 1979 йили Франция чемпиони бўлган, тўғри, аммо жамоа усиз ҳам шу натижани қайд эта оларди. Бир марта УЕФА кубоги ўйинида майдонга тушган. Энг йирик ўйини шу. У футболни майдоннинг четида яхшироқ таҳлил қиларди.

Олдиндан сезгани учун мураббийликни анча барвақт бошлади. Охирги марта «Страсбур» клубида тўп тепгани учун, мураббийлик соҳасини ҳам шу ердан бошлашга қарор қилди. Франция чемпионати унга анча маъқул тушиб қолганди. Даставвал «Страсбур»да мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрган бўлса, «Канн»га ўтиб ҳам шу иш билан суяги қотди. 1984 йили унга «Нанси» жамоаси топширилди. Уч йил ўтиб «Монако». Бу жамоада у яхши мавсумлар ўтказган, албатта. Ҳозир ўз хотира дафтарини титкилаб кўрса, бемалол ўша даврларидан мамнун бўлади.

У Франциядан чарчади. Бу мамлакат футболида катта натижаларни қўлга киритиш имконсизлигини сезди ва кунчиқар ўлкага йўл олди. Япониянинг «Нагоя Грампус» жамоасида бир йил фаолият олиб бориб, Император кубоги ва J лига кубогини ютиб олди. Мавсум охирида энг яхши мураббий номини қўлга киритди.

Сарлавҳада айтилганидек, Япония сафари унинг ҳаётига энг муҳим воқеаларни тақдим этди. У шундай хотирлайди:

«Мен кунчиқар ўлкага борар эканман, ҳаётим бу ерда ўзгариб кетишини истаганман. Дарҳақиқат, ўзгариб кетди. Япон футболида кўп янгиликларни амалга ошириш мумкинлигини сезиб қолдим. Шу қадар кўп схемаларни қўлладимки, бу ҳолатни кўра туриб ёрдамчиларим тушунмай қолишарди. Ҳар ўйинда уч хил схема билан ўйнаяпсиз, биз сизнинг ортингиздан югуриб улгура олмаяпмиз. Тушунтириб беринг озгина, дейишарди. Мен уларга тушунтирардим. Футбол янги даврга кираётганини ва унинг таркибида ўзгаришлар содир бўлаётганини ҳар куни доскаларга чизиб тушунтирардим.

Япония сафари ҳаётимнинг тубдан ўзгаришига яна бир томондан сабаб кўрсатди: япон футболчиларида ҳар бир тактик йўналишни амалга ошириш осонроқ эди. Улар жуда итоатчан, ҳар бир кўрсатмани юқори интеллект билан бажаришади. Францияда эса, бу ишни юз фоизга амалга ошириб бўлмасди. Японларнинг яхши хусусияти шу эди: ҳеч қачон ўзларидан қўшишмайди ва буюрилган ишни камайтиришмайди ҳам.

Япония сафаридаги ютуқларидан яна бирини айтаман. Мен ҳаётим давомида ўйлаб қўйган деярли ҳамма чизмаларимни бу мамлакат футболида бир йилнинг ўзидаёқ амалда қўллаб кўрдим. Бошқа диёрларда бунинг имкони йўқ эди. Мен кўрсатма бераётган пайтим бирор бир футболчи ўз ҳиссиётини аралаштирмаслигини, фақат кўрсатмани робот мисол бажаришини талаб қилардим. Айтинглар-чи, бу хоҳишимга японлардан бошқа яна қандай миллатни топиш мумкин?!

Япония сафаридан энг катта олган ютуғим, албатта, «Нагоя»нинг кейинги мавсумга тайёргарлик кўраётгандаги Жанубий Кореяда ўтказган ўқув-машғулот ўйинлари. Ўша куни бизга қарши ўйнаган клуб бизни йирик ҳисобда доғда қолдирган бўлса-да, унинг раҳбарияти менинг ишимни кузатишганини, агар хоҳласам ўша жамоага ўтишим мумкинлигини айтишди. Мен ўйлаб кўрдим ва бошқа мамлакатда ҳам иқтидоримни синаб кўрмоқчи бўлдим. Бориб кўрдим ва... уларнинг шартлари жуда маъқул келди. Бунинг устига, бу жамоа менга «Нагоя»дан кўра яқинроқ туюлди, ахир, жамоа номи исмимга монанд эди”.

Фото: Firstpost

Бизнинг қаҳрамонимиз Арсен Венгер 1996 йили «Арсенал» жамоаси бош мураббийи бўлди. Эртак бошланди, хуллас.

Хайрулла Ҳамидов

Мавзуга оид