Жаҳон | 14:10 / 10.05.2018
17299
1 дақиқада ўқилади

Асад Сурияни тиклаш учун қанча маблағ зарурлигини айтди

© РИА Новости / Михаил Воскресенский

Сурия президенти Башар Асад Грециянинг «Катимерини» газетасига берган интервьюсида маълум қилдики, урушдан кейин мамлакатни тиклаш учун 200 миллиард доллардан 400 миллиард долларгача бўлган маблағ талаб этилади.

«Юзлаб миллиардлар. Камида 200 миллиард доллар. Баъзи прогнозларга кўра эса 400 миллиард доллар атрофида», деган Сурия президенти шу ҳақдаги саволга жавобан.

«Нима учун сумманинг аниқ миқдори маълум эмасми? Чунки, айрим туманлар ҳамон террорчилар қўлида қолмоқда... Мен айтганим тахминий ҳисоб-китоблар», дея қўшимча қилган у.

Шу билан бир вақтда, кўплаб хорижий мамлакатлар Сурияда сиёсий барқарорликка эришилмагунига қадар, молиявий ёрдам ажрата олмасликларини маълум қилишган.

Сурияда ҳарбий-сиёсий зиддиятлар 2011 йилдан буён давом этиб келмоқда. Ўтган йил ёзида Суриянинг асосий ҳудуди ИШИДдан озод этилганди, айни вақтда расмий ҳукумат бошқа мухолиф гуруҳларга қарши курашни давом эттирмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид