Жамият | 23:15 / 20.05.2018
91502
7 дақиқада ўқилади

Ҳаёт ҳақиқатларини жам қилган таъсирли тўрт ҳикоя

Дарс пайтида ўқитувчи болаларга океанда чўкиб кетган кема ҳақида сўзлаб берди.

“Кемада эр-хотин ҳам бор эди, ҳалокат пайтида улар қутқарув қайиғига етиб боришди, лекин унда фақат бир кишигагина жой бор эди. Эр кутилмаганда хотинини суриб, қайиққа чиқиб олди. Аёл сувга ғарқ бўлиши олдидан фақат бир оғиз сўз айта олди...”.

Ўқитувчи бир оз тин олди ва болаларга савол берди: “Ким айтади, аёл эрига ўлими олдидан нима деган?”.

Деярли барча ўқувчилар аёл “Буни кутмагандим!” ёки “Сизни ёмон кўраман”, деган деб жавоб қайтаришди. Ўқувчилардан бири жимгина ўтирарди. Ўқитувчи унга ҳам шу саволни берди. “Менимча, аёл боламга яхши қаранг, деган бўлса керак”, деди ўқувчи. Ўқитувчи ҳайрон бўлиб сўради: “Бу ҳикояни олдин эшитганмисан?”. “Йўқ, эшитмаганман, лекин онам вафот этаётиб дадамга худди шундай деганлар”. Ўқитувчи кўзига келган ёшни артиб олди ва “Жавобинг тўғри” деди.

Ҳикоянинг давоми бор эди.

Ҳалокатда жон сақлаб қолган эр тез орада уйига қайтди. Уйда уни қизи кутарди. Эркак қизи катта бўлгунича уни меҳрибонлик билан парвариш қилди.

Орадан йиллар ўтди. Отаси вафот этганидан сўнг қиз унинг буюмларини йиғиштираётиб, ён дафтарча топиб олди. Унда шундай деб ёзилганди:  “Ўша кемага чиқишимиздан олдин биз шифокор ҳузурида бўлгандик ва у хотинимнинг тез орада оғир касалликдан вафот этишини айтганди. Хотинимнинг умри жудаям оз қолганди. Мен океанда хотинимнинг ўрнига чўкиб кетишга, унинг учун жонимни беришга тайёр эдим, лекин хотиним тез орада оламдан ўтгач, қизимга ким қарарди? Биргина йўл хотинимни океанда қолдириш ва ўзим тирик қолиб, қизимга ғамхўрлик қилиш эди”.

Бутун синф жимжит бўлиб қолди.

Ўқитувчи ўқувчиларга яхшилик ниқоби ортида ёвуз ният, бир қарашда даҳшатли, инсон нафратини келтирадиган ҳаракат ортида эса яхшилик туриши мумкинлигини айтди. Шу боис ҳам инсоннинг қилган иши, унинг ўзи  ҳақида илк тасаввур билан ҳукм чиқариб бўлмайди. Кўпчилик унинг бу ҳаракати ортида нима турганидан мутлақо бехабар бўлади.

*

Фото: FireStock

Бир эркак йигирма ёшлардаги ўғли билан вагонга кирди ва жойларини эгаллашди. Ўғил вагон деразаси томонга ўтирди. Поезд қўзғалиши билан у қўли билан ишора қилиб, “Дада, қаранг, ҳамма дарахтлар орқага юряпти” деди. Дадаси кулиб қўйди.

Уларнинг рўпарасида ўтирган эр-хотин эса кап-катта боланинг бу қилиғини кўриб, бир бирларига “аҳмоқ” деб пичирлашди.

Бир оздан сўнг ўғил қувончдан қичқириб юборди: “Дада, қаранг, катта кўл. Унда қушлар сузиб юрибди”.

Эр-хотин яна ажабланиб ижирғаниб йигитчага қарашди ва унинг отасига дейишди: “Ўғлингизни докторга кўрсатсангиз бўларкан”.

Шунда ота деди: “Ўғлим бугун касалхонадан чиқди. Унинг кўзлари ожиз эди, энди дунёни кўриб завқланмоқда”.

Бошқаларнинг қилаётган амаллари ва сўзларига қараб ҳукм чиқариш нотўғри. Уларнинг қалбида нима борлигини, нима учун бундай қилишаётганини фақатгина Аллоҳ билади.

*

Бир ўқитувчи бир варақ қоғозга қалам билан кичкинагина нуқта қўйди. Сўнг болаларга кўрсатиб улардан нимани кўришаётганини сўради. Ўқувчилар ўйлаб ўтирмасдан оддий қора нуқтани кўришаётганини айтишди.

Ўқитувчи деди: “Наҳотки бирортангиз ҳам оппоқ варақни кўрмаётган бўлсангиз? Ахир нуқта кичкинагина бўлса, варақ эса катта”.

Ҳаётда ҳам худди шундай бўлади: инсон кўпинча ҳаётидаги қора нуқтага эътибор қаратади. Бу кичкина қора нуқта атрофи оппоқ варақдан иборат эканлигини эса  кўрмайди.

***

Икки қўшни бор эди. Улардан бири фарзандларига қуён олиб берди. Нариги қўшнининг болалари ҳам ўзларига бирор уй ҳайвони олиб беришларини сўрашди. Уларнинг отаси кучук олиб берди.

Шунда биринчи қўшни иккинчисига деди:

– У қуёнимни еб қўяди-ку!

– Йўқ, бу ҳали кучук, қуёнинг ҳам кичкина. Улар бирга катта бўлишади, дўст бўлиб улғайишади. Муаммо бўлмайди.

Кучук эгаси ҳақ бўлиб чиққандек эди. Жониворлар бирга катта бўлди. Улар доимо бирга эди.

Бир куни қуённинг эгаси оиласи билан дам олишга кетди. Жума куни эди. Якшанба куни кечки пайт кучукнинг эгаси оиласи билан айвонда чой ичиб ўтирганди. Катта итга айланган кучук уйга кириб келди. У ғижимланиб кетган, қон ва тупроқ аралашмасидан қорайиб кетган қуённи тишлаб турарди. Бутун оила ит томон ташланди.

– Қўшним тўғри айтган экан. Ит итлигини қилибди. Энди нима қиламиз? Шу етмай турувди. Бирпасдан кейин улар уйига қайтиб келишади.

Ҳамма бир-бирига қарарди. Бечора итнинг эса ғингшиганича кўзидан ёш оқарди.

Шунда болалардан бири деди:

– Қуённи яхшилаб ювиб, фен билан қуритиб, ҳовлисига қўйиб қўямиз. 

Қуённинг ҳеч бир жойи йиртилмагани боис улар шундай қилишди. Қуённи инига қўйишиб, худди ухлаётгандек ҳолатга келтириб яна ўз уйларига қайтиб кириб олишди. Бир оздан кейин қўшниларнинг овози эшитилди. Кейин эса болаларнинг чинқириғи янгради. Кўришди! Икки дақиқадан кейин эшик тақиллади. Остонада ранглари оқариб кетган қўшни турарди. У худди арвоҳни кўрган одамдек алпозда эди.

– Нима бўлди? Тинчликми? – сўради итнинг эгаси.

– Қуён... қуён...

– Ўлиб қолибдими? Боя кундузи чопқиллаб юрганди-ку!

– У жума куни ўлганди!

– Нима?

– Дам олишга кетишимиздан олдин болалар уни боғ орқасига кўмиб келишганди! Ҳозир эса у яна ўз уйида ётибди!

Жумадан бери қадрдон дўстини қидирган ит уни ниҳоят топган ва ер бағридан чиқариб олганди. Ва эгаларига уни қутқариш учун олиб келганди.

Хулоса: Аслида нима бўлганини билмасдан туриб ҳаракат қилишнинг оқибати хунук бўлади.

Мавзуга оид