Ўзбекистон | 09:30 / 20.05.2018
31011
4 дақиқада ўқилади

«Энди Андижон ўзини ўзи боқиши керак» — Президент

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«15 йилдан бери ҳеч нарса қилмаган одам — миллатимизга хиёнат қилган одам. У кутиб ўтирибди, биз хароб бўлишимизни, бошқа давлат келишини. Ундай бўлмайди Ўзбекистонда! Кимни назарда тутганимни биласизлар», — деди президент Шавкат Мирзиёев Улуғнор туманида Андижон вилояти фаоллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида деб ёзмоқда «Kun.uz» мухбири.

«Шунинг учун бу етарли эмаслигини инобатга олиб, биз яқинда инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг янги, биринчи ўринбосари лавозимини жорий этиб, унга (Лазиз) Қудратовни тайинладик. Энди Қудратов ва вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари Ҳабибуллаев туманма-туман юриб, саноат ривожланмаган ҳудудларда янги замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, жумладан қачон ва қанча инвестиция олиб келиниши, инвесторларнинг кимлиги, қандай аниқ лойиҳалар амалга оширилиши ва муддатлари юзасидан ҳар ойда президент аппаратига ахборот бериши зарур. Қудратов, сиз вилоятнинг туманларидаги аҳвол қанақалиги ва қандай қилиб натижали ишларни ташкил этиш тўғрисида маълумот берасиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Тасаввур қилинглар, агар бир йилда бир туман 11-12 миллион доллар инвестицияни туман ҳокими тўғридан-тўғри жалб қила олса, ана шундагина жамият ўзгаради. Буни ким қилиши керак? Қарсак билан иш битмайди! Андижон учун Тошкентдан келиб биров қилиб бермайди.

Туманларда ҳокимнинг инвестициялар бўйича янги муовини лавозимини ташкил этдик. Ваколат бердик, кадрлар бор. Қудратов, бугун Ҳабибуллаев билан кўп гаплашдим. Сизни бу ерга бекорга бирга олиб келганим йўқ, тажрибангиз бор, иш қилиш учун олиб келдим. Ана шу инвестиция бўйича муовинлар самолётга миниб, Россияга, Кореяга, Хитойга, Сингапурга борсин, менга туман банклари билан ҳамкорликда бир ойда бир миллион долларлик инвестиция олиб келса меҳнатини оқлаган бўлади, бўлмаса — йўқ!» — деди президент.

«Олма пиш, оғзимга туш» деб ўтирган билан иш битмайди. Олма пишмайди! Гап пулда эмас, пулни ишлатишни билмайди булар (туман ҳокими ўринбосарлари). Инвестиция нималигини билмайди. Ўргатиш керак буларга, Ҳабибуллаев. Рақобатбардош, экспортга чиқадиган маҳсулот бўлсагина инвестиция киради. Экспорт бўлмаса, рақобатбардош маҳсулот бўлмаса, иқтисодиётни қандай ушлаб турамиз? Иқтисодиётни эркинлаштирдик, валюта конвертациясини йўлга қўйдик, энди Андижон ўзини ўзи боқиши керак. Қуруқ савлат билан, қарсакбозлик билан ҳеч бир жамият ўзи йўлини топмаган. Ўзини қийнаш керак, ўрганиш керак, изланиш керак, топиш керак, фақат Ўзбекистондан эмас, четдан «отанг яхши, онанг яхши» деб (инвестиция) олиб келиш керак Андижонга», — деди Ш.Мирзиёев.

«Холмуродов чет эл билан ишлайди. Кўплаб ваколатлар олган Қудратов мамлакат ичкарисига инвестиция киритиш билан шуғулланади. Қудратов, Андижонда ҳар бир туманга бориб, банкирлари, молиячиси ва солиқчисини чет элга жўнатиб юборасиз. Ё бориб, (ойига) бир миллион инвестиция олиб келади, ё кетади. Бир марта бориб бир сўм пул олиб кела олсин, кейин пулнинг қадрига етади.

Ўзимизни ўзимиз хароб қилиб ётибмиз. Ўзи пул йўқ, лекин шу ажратилган пулни ҳам ўғирлаяпмиз. Одамлар албатта норози бўлади-да биздан», — деди президент Улуғнор туманида бўлиб ўтган Андижон вилояти фаоллари йиғилишида.

Мавзуга оид